Фалаж (арабча), шол — ихтиёрий ҳаракатлар қилиш қобилиятининг йўқолиши; нерв системасининг органик ва функсионал зарарланиши натижасида рўй беради. Фалажга қон айланишининг бузилиши, бош ва орқа миянинг яллиғланиши ёки шикастланиши, нерв системасининг ўсмалари ва ҳоказолар сабаб бўлади. Мускуллар яллиғланиб, суяк-бўғим аппарати шикастланганда ҳаракатларнинг механик тарзда чекланишини фалаждаги бузилишдан фарқлаш лозим.

Аъзонинг қайси қисми зарарланганига қараб периферик (сует) фалаж ва марказий фалаж фарқ қилинади. Марказий фалажда зарарланган қўлнинг букилишини ва зарарланган оёқнинг ёзилишини маълум вазиятда тутиб турадиган мускуллар тортишиб қолади. Периферик нерв системаси касаллиги (яллиғланиш, шикастланиш, қўрғошин, маргимушдан заҳарланиш) натижасида юзага келган фалаж периферик фалаж деб аталади. Унда мускуллар ингичкалашиб, таранглиги сусаяди ва заифлашади, қўл ва оёқ осилиб қолади, бўғимлар бўшашади. Бундай фалаж бола ёшлигида, масалан, полиомиелитда рўй берса, касал қўл ёки оёқ ўсмайди. Ўтказиб юборилган фалажда бўғимларнинг ҳаракатланиши қийинлашади, у қўл ва оёқнинг нотўғри ҳолатда бўлишига олиб боради, бу эса кўпинча ҳаракатланишни фалаждагидан ҳам баттарроқ оғирлаштириб қўяди.

Калламия нервлари касаллигида (яллиғланганда, шикастланганда калла суяги ичига, мияга қон қуйилганда) юз мускуллари фалажи рўй бериши мумкин. Масалан, кўз соққаси мускуллари фалажида бемор кўзига нарсалар иккита бўлиб кўринади, юз нерви невритида юзнинг тегишли ярмида мимика мускулларининг ҳаракати йўқолади, тил ости нерви зарарланганда тил мускули фалажи келиб чиқади, бемор гапириш ва овқатланишта қийналади. Фалаж бўлган беморга шифокор назорати остида даволанади. Бунда, асосан, қон айланиш аъзолари ҳамда марказий ёки периферик нерв системаси касалликлари даволанилади. Фалаж ёки парез (чала фалаж) туфайли ўз функсиясини йўқотган қўл ёки оёқ тўғри букилиб ёзиладиган, тирсак ва тизза бўғими, бармоқлар, оёқ панжаси бир оз букиладиган, кафт олди билак бўғими ёзиладиган ҳолга келтирилади. Қўл ва оёқнинг тўғри ҳолатда бўлишини сақлаш учун юмшоқ болишча (пахтани қаттиқ қилиб ўраб устидан мато билан тикиб қўйилади) ёки пластик материалдан қилинган шина ишлатилади. Бироқ касал қўл ва оёқ ҳаракациз қолмаслиги лозим. Шу сабабли биринчи кундан бошлаб енгилроқ гимнастика қилиниб, касал қўл ёки оёқ бўғимлари галма-галдан букиб ёзилади, буни беморнинг ўзи бажариши мумкин. Машаклар ҳам ҳаракатнинг тикланишига ёрдам беради, бунда бемор бир вақтда ҳам соғлом, ҳам касал қўл ва оёғини ҳаракат қилдиришга уриниши, қўл ва оёқда ҳаракат пайдо бўлса, уни кучайтира бориши керак. Бемор кун сайин жуда бўлмаса 1-2 см ошиқроқ юришга ҳаракат қилиши, мускуллар кучая бориши билан қўлга оғир келмайдиган машқлар (резина лента, эспандер, резина копток ёрдамида) бажариши лозим. Юклама (нагрузка)ни босқичма-босқич кучайтира бориш яхши натижа беради, зўр келадиган машқларга шошиб ўтиш ярамайди, акс ҳолда ҳаракатларнинг тикланиши тўхтаб қолади.

Машклар тартибини даво физкултурасини ўтказувчи мутахассис тузади. Кучсиз қўл-оёқдаги қаракатларни осонлаштириш учун ортопедик аппаратлар ишлатилади. Даво фалажга сабаб бўлган асосий касалликка қараб олиб борилади, даволаш бадантарбияси, массаж, дори-дармон ва бошқа физиотерапевтик муолажалар буюрилади.

Фалаж ва парезларнинг олдини олиш, асосан, уларнинг ривожланиши ва асорат қолдиришига сабаб бўладиган касалликларни бартараф этишдан иборат. Болаларни полиомиелитга қарши эмлаш, айниқса, катта аҳамиятга эга (қаранг: Эмлаш).

Манбалар