Сигне Киви (қизлик фамилияси Бусчманн, 24-феврал 1957-йил, Таллин) — эстониялик тўқимачилик рассоми, сиёсатчи ва давлат арбоби. Эстония ислоҳотлар (эстонча: Ээсти Реформиэраконд) партияси аъзоси. 2019-йилдан бери Эстония Риигикогунинг 14-чақириқ депутати[1]. Олдин Эстония Конгресси аъзоси (1990—1992), Маданият вазири (1999—2002)[2], Эстония Риигикогунинг 9 ва 10-чақириқлар депутати (2003—2005), профессор (1997—2000) ва Эстония Бадиий академияси ректори (2005—2015), Тарту санъат музейи директори (2017—2019) бўлиб ишлаган[3]. Финляндия Арслон орденининг Катта хочи (2001), 4-даражали Оқ юлдуз орденибилан мукофотланган (2004), Португалия хизматлари учун ордени (2006), Белгия тож ордени командори (2008)[1].

Сигне Киви
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1957-йил 24-феврал (1957-02-24) (69 ёш)
Таллин, Эстония ССР, СССР
Сиёсий партияси Эстония ислоҳотлар (эстонча: Ээсти Реформиэраконд) партияси
Турмуш ўртоғи Калжу Киви
Таълим Эстония ССР Санъат институти
Касби тўқимачилик рассоми, сиёсатчи
Фаолияти сиёсат

Биографияси

Сигне Киви (1999-йил)

1957-йил 24-февралда Таллин шаҳрида туғилган. Онаси Урве Бушманн Эстония фолклор архиви ходими бўган бўлиб, 2018-йилда фолклор тўплашдаги хизматлати учун Президент мукофоти билан тақдирланган[4]. 1975-йилда Пелгулинндаги Таллин 46-ўрта мактабини тамомлаган. Мактабда сузиш, енгил атлетика, гимнастика ва халқ рақслари билан шуғулланган. 1984-йилда Эстония ССР Санъат институтини тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотларини бадиий дизайн ва моделлаштириш мутахассислиги бўйича тамомлаган ва магистрлик даражасига мос келувчи даражани олган[1]. 1980-1985-йилларда „Коду“ (Раҳватööндусеттевõте „Коду“) халқ ҳунармандчилиги бирлашмасида, 1985-1991-йилларда Эстония ССР Бадиий фондининг Таллиндаги „Арс“ комбинатида ишлаган[1]. 1988-йилдан Эстония ССР Санъат институтида дарс берган. 1997—2000-йилларда Эстония Бадиий академиясининг профессори, 1999-йилдан тўқимачилик кафедраси мудири, 2002-йилдан таклиф этилган профессор, 2005—2015-йилларда Эстония Бадиий академиясининг ректори[1]. 1987-йилдан Эстония рассомлар уюшмаси аъзоси. 1995-йилдан 1998-йилгача уюшманинг вице-президенти, кейинроқ эса 1999-йилгача президенти бўлган[1]. 1990—1992-йилларда Эстония Конгресси аъзоси, Эстония Конгрессида Эстония аёллар иттифоқини тиклаш бўйича ташаббус гуруҳи аъзоси бўлган[1]. 1999-йилда Март Лаар ҳукуматида маданият вазири бўлади[3]. Шунингдек, Эстония маданият масалалари бўйича кенгаши ҳамда Эстония спорт кенгашининг раиси бўлган. Март Лаар истеъфога чиққанидан кейин Сиим Калласнинг ҳукумати даврида ҳам маданият вазири лавозимини сақлаб қолади. Култууркапитал давлат жамғармаси раҳбари Аво Вииол давлат ғазнаси пулларини талон-торож қилиши туфайли Сигне Киви истеъфога чиқади[2], 2002-йил 23-августда Бош вазир томонидан унинг истеъфоси маъқулланган[1]. 1998—2006-йилларда, 2014-йилдан ҳозиргача Эстония ислоҳотлар партияси аъзоси. 1996—1999-йилларда, 2002-йилларда Таллин шаҳар ассамблеясининг депутати, 1999-йилда ҳам сайланган, аммо маданият вазири этиб тайинланганлиги сабабли Таллин шаҳар ассамблеясини тарк этган. 2003-йилда 9-чақириқ Риигикогу депутати. 2003-йилги парламент сайловлари натижаларига кўра 10-чақириқ Риигикогу депутати этиб сайланган. 2003—2005-йилларда маданият комиссияси раисининг ўринбосари. 2005-йилда Эстония Бадиий академиясига ректор этиб тайинлангани сабабли Риигикогуни ҳам тарк этади[3][1]. 2017-йил 26-июнда Тарту санъат музейи директори лавозимига тайинланади. 2019-йилги парламент сайлови натижаларига кўра Тарту сайлов округидан 14-чақириқ Риигикогу депутатлик мандатини қўлга киритиб[3][1], директорлик лавозимини тарк этган.

Маданият масалалари бўйича парламент комиссияси аъзоси[1]. 2009-йилда Эстониянинг Европа ижодкорлик ва инновациялар йили (ЭЙCИ)даги элчиси. 2019-йилдан Эстония Миллий кутубхонаси бошқаруви аъзоси[1]. Сигне Киви Эстония ва хориждаги кўплаб кўргазмаларда қатнашган, Эстония матбуотидаги бир қатор мақолалар муаллифи[1].

Шахсий ҳаёти

1995—2011-йилларда Эстония қўғирчоқ театри (ҳозирги Эстония ёшлар театри) бош рассоми бўлган Калжу Киви билан турмуш қурган. Тўрт ўғли (шундан иккиси ўгай), олти набираси бор[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 1,10 1,11 1,12 1,13 „Сигне Киви“. Рийгикогу (2020-йил 18-июн). 2020-йил 2-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 15-март.
  2. ↑ 2,0 2,1 Михайлов, Сергей. „Государство требует банкротства растратчика казенных денег Аво Вийоля“. ЭРР (2019-йил 11-март). 2020-йил 12-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 15-март.
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 Малова, Дина. „Йоанна Хоффман: самая большая мечта - новое здание для Тартуского художественного музея“. ЭРР (2020-йил 21-октябр). 2021-йил 13-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 15-март.
  4. ↑ „Премия за собирание фольклора“. Канцелярия Президента Республики. Қаралди: 2021-йил 15-март.