Siyovush
Сиёвуш (Авестода: Сиёваршан, Сиёвахш — „қора от“; форсча: سیاوش, паҳлавийча: Сйāвакҳš, Сиāваš) — форсий ва туркий халқлар фолклорида афсонавий қаҳрамон. Аввалига маъбуд сифатида кўрилган, халқ оғзаки ижодига асонавий қаҳрамон сифатида кўчган. „Шоҳнома“ эпоси қаҳрамонларидан бири. Каёнийлар сулоласидан. Марказий Осиё халқларининг мифологик тасаввурларига кўра Қуёшга тенг қилинган, умри сўнаётган ва қайта тирилаётган маъбуд рамзи. Берунийга кўра, Хоразмда ҳукм сурган Африғийлар шажараси Сиёвушдан бошланган. „Шоҳнома“га кўра, Сиёвуш Кайковуснинг ўғли бўлиб, уни баҳодир Рустам тарбия қилган. Турон ҳукмдори Афросиёбнинг қизига уйланган. Кейинчалик, Афросиёб томонидан қатл этилган. Бухоро аркининг Гўриён дарвозаси ёнига дафн этилгани тахмин қилинади.
![]() | |
| Таҳмасп „Шоҳнома“сида чизилган Сиёвуш | |
| Мифология | Форс ва Марказий Осиё мифологияси |
|---|---|
| Исм талқини | Қора от |
| Бошқа тиллардаги исм | форсча: سیاوش |
| Сулола | Каёнийлар |
| Отаси | Кайковус |
| Онаси | Судоба (ўгай онаси) |
| Болалари | Кайхусрав |
| Боғлиқ персонажлар | Рустам, Афросиёб |
| Дафн жойи | Бухоро |
| Биринчи эслатма | Авесто |
| Бошқа маданиятларда | Марказий Осиёда умри сўнаётган ва қайта тирилаётган маъбуд рамзи |
„Авесто“да
„Авесто“да ўлдирилган Сиёвуш учун унинг ўғли Кави Ҳусраваҳ Фраŋрасяндан ўч олиши ҳақида учта яштда айтиб ўтилади[1][2][3][4]. Шунингдек, у „Авесто“да хварнога эга саккиз Кавидан еттинчиси экани[5] ва унинг фравашлари муқаддас экани айтиб ўтилган[6][3].
Паҳлавий тилидаги манбаларда
Сиёвуш (Сиāваš) Кайковуснинг ўғлидир[7].
„Шоҳнома“да
Ёшлик йиллари
Форс аскарлари ўзларининг севимли машғулотлари бўлмиш, ов вақтида бир гўзал, ёш қизни топиб оладилар. Аскарлар ўртасида қиз кимнинг жорияси бўлиши, у билан ким кўнгилхушлик қилиши борасида баҳс бошланиб кетиб, охир-оқибат, адолат истаб қизни Кайковуснинг олдига олиб келадилар ва уни кимга беришни ҳал этишни сўрайдилар. Шоҳ қизни ўзига жория қилиб қолдиради. Уларнинг никоҳидан Сиёвуш дунёга келади. Сиёвушнинг онаси зодагон оиладан бўлмагани сабабли шоҳ ўғлини тарбиялаш учун Рустамга топширади. Сиёвуш Рустамдан от чопиш, камондан ўқ узиш, ов қилиш, адолатпарварлик ва жанг санъатини ўрганади. Бир неча йил ўқиб-ўргангач Сиёвуш отасидан саройга қайтиб, ўрганган ҳунарларини намойиш этишга рухсат сўрайди.
Аввалига уни саройда яхши кутиб оладилар. Аёллар унинг чиройига маҳлиё бўлсалар, эркаклар у кўрсатган ҳунарлардан лол қоладилар. Шоҳ уни парфияликларнинг қадимий пойтахти Ктесифонга (ҳозирги Бағдодга яқин жой) ҳоким этиб тайинлайди.

Шоҳнинг хотини, Сиёвушнинг ўгай онаси Судоба Сиёвушга шаҳвоний майл билдиради ва шаҳзода унинг ҳузурига кириши учун турли-туман маккорликларни амалга оширади. У кўпчиликнинг олдида Сиёвушни мақтайди ва ўз сингиллари билан яқиндан танишишга даъват этади. Сиёвуш бу таклифнинг тагида қандайдир қинғирлик ётганини сезиб турарди. Судобанинг қариндошлари зодагонлар бўлгани учун (у шоҳ Ҳамавараннинг қизи эди) шоҳ ҳам Сиёвушни онасига қулоқ солишга чақиради. Малика Судоба ўз хонасида катта зиёфат билан Сиёвушни кутиб олади. У қимматбаҳо атирлар сепилган хонада, тахтда ўтиради. Хонимлар унинг атрофида рақсга тушиб, қўшиқ айтадилар. Сиёвуш шу қизлардан бирига уйланишини истаган отаси унга тезда атрофдаги қизлардан бирини хотинликка танлашини таклиф қилади. Отаси тўй баҳона сиёсий иттифоқни режалаётганини билган Сиёвуш бу таклифни рад этади. Малика ўз ҳиссиётларини ортиқ яширишни истамайди, у Сиёвушга шоҳни ўлдиришни ва мамлакатни биргаликда бошқаришни таклиф қилади лекин Сиёвуш малика билан биргаликда қилинадиган ҳар қандай ҳамкорликдан бўйин товлайди. Малика Судоба Сиёвуш бу режани отасига айтишидан қўрқиб қолади.
Кейинроқ малика жодугар аёлга иккита бевақт олдирилган чақалоқ топишни ва уларни бир лаганга солишни буюради. Шундан сўнг, кийим-кечагини йиртиб, йиғлаб, бақириб шоҳнинг ҳузурига киради. Шоҳ ўз хотинининг бу ҳолатидан ҳайратда эди. Малика Сиёвуш уни ҳомиладор ҳолида зўрлаганини айтиб, далил сифатида лагандаги иккита ўлик чақалоқни кўрсатади.
Шоҳ янгиликдан жуда хафа бўлади. Сўнг Сиёвушнинг гапларини тинглайди ва унинг кийимини ҳидлаб кўриб, ҳеч қандай шаҳват исини туймайди. Маликанинг кийимини ҳидлаб кўргач, кийимларга энг хушбўй атирлар сепилганини пайқайди: бу шаҳвоний майлнинг белгиси эди.
Шундай бўлса ҳам шоҳ Сиёвушни зиндонбанд қилиб, юзлаб ҳайвонлар ёрдамида ўтин йиғиб келишни буюради. Сарой олдида қоядай баланд ўтин йиғиб, олов ёқишади. Сиёвуш шу олов ичидан ўтиши керак эди. Агар у бегуноҳ бўлса, олов ичидан бешикаст ўтади, агар гуноҳкор бўлса, ўтда ёниб кул бўлади. Сиёвуш ўт орасига кирганида йиғилганлар нафасларини ичларига ютиб, натижани кутишарди. Лекин тез орада оқ жангчи ва унинг қора рангли ҳарбий тулпори ўт орасидан ҳеч бир жароҳациз чиқадилар.
Шоҳ Кайковус ўзини ва мамлакатни шарманда қилган маликани тезда қатл қилишни буюради. Доно Сиёвуш эса отасидан маликани кечиришни илтимос қилади. Отаси маликани севишини ва уни ўлдирганига тезда пушаймон бўлишини биларди. Қарорида қатъий бўлмаган шоҳ хотинининг ўлимини уюштиргани учун ҳатто Сиёвушни ҳам айблаши мумкин эди. Шоҳга маликанинг оиласи ва шоҳ Ҳамаваран билан тузилган сулҳнинг муҳимлигини эслатишади. У бунга кўнади ва хотинини кечиради, саройда вақтинча тинчлик ҳукм суради.
Сиёвуш ва Афросиёб

Сиёвуш достонининг иккинчи қисми унинг ўз ватанидан қувилиши, ўз отаси Кайковус унга адолациз муносабатда бўлиши ва охир оқибат қатл қилиниши ҳақида ҳикоя қилади.
Турон шоҳи Афросиёб яна бир марта эронликларга қарши уруш бошлайди. Афросиёбнинг адабини бериб қўйишни истаган Кайковус уни Балх шаҳрида қўлга олишни режалаштиради ва шахсан ўзи Рустамни жангда қатнашишга кўндиради. Сиёвуш ўз хоҳиши билан урушга қўшилади ва Балхга юборилади, у ерда уруш бошланади.
Турон томондан булғор шоҳи Гарсиваз ўз қўшинини Барман бошчилигидаги татар қўшини билан бирлаштиради. Уруш туронликлар мағлубияти билан якунланади, эронликларнинг ғалабасида Сиёвушнинг ҳиссаси катта эди.
Қўшинининг мағлуб бўлгани Афросиёбнинг тушида аён бўлади, Балхдан келган мағлубият хабарини олгач, Балхга отлар, қурол-яроғлар билан сулҳ хабарини ҳам юборади.
Тинчлик сулҳини тузишда Афросиёбнинг номидан Гаргиваз қатнашади. Сиёвуш юз кишини асир олиш, Эрондан босиб олинган ерларни қайтариб бериш эвазига тинчлик сулҳи тузишга рози бўлади. Шундай қилиб, Самарқанд, Бухоро, Ҳаж ва Панжоб эронликларга қайтарилади, асирлар эса Сиёвушга топширилади.
Эрон шоҳи Сиёвушнинг бу ишидан жаҳл отига минади, чунки у жангда Афросиёб қатнашади ва ўлдирилади, деб ўйлаган эди. Жаҳл устида у Сиёвушга хат йўллайди, хатда у Сиёвушга қўмондонликка Туосни қўйиб, ўзи саройга қайтиши кераклигини тайинлайди. Шунингдек, у асирларни қатл этишга ҳам буюради. Бу хат Рустам Сиёвушга ўргатган барча илмларга зид эди. Тинчлик сулҳини бузиб уруш эълон қилиш, асирларни ўлдириш унинг кўнглини оздиради. Сиёвуш отаси айтаётган ишларни қилолмаслигини биларди ва бошқа иложи қолмаганидан Туронга қочиб кетади.
Турондаги ҳаёти

Қочоқликда бўлса ҳам, Сиёвуш Туронзаминда ҳаётини янгидан изга туширишга уринади. Турон шоҳи Афросиёб уни илиқ кутиб олади. Охир-оқибат, Сиёвуш Афросиёбнинг қизи Фарангисга уйланади ва ҳаётини Туронзамин билан боғлайди. Никоҳдан мамнун бўлган Афросиёб келин ва куёвга Хотан вилоятини (ҳозирги Шинжон, Хитой) ҳадя қилади. Сиёвуш Сиавашгирд ёки „Сиёвуш шаҳри“ деб номланган янги шаҳар ва Гонг („Буюк“) қал’асини яратишни орзу қиларди. Бироқ, Сиёвушнинг тўсатдан Турон саройида яхши кутиб олиниши ба’зи вазирлар ва ҳарбий амалдорларга ёқмайди, улар шоҳнинг қизи ажнабий, бунинг устига ашаддий душман бўлган Эрон шаҳзодасига узатилганидан ғазабланишади. Сиёвушга қаршилар орасида Гарсиваз биринчи бўлиб Афросиёбга хабарлар юбориб, куёвига қарши қайрайди ва Сиёвушни Эрондаги отаси Шоҳ Кайковусга хат юборганликда айблаб, хоин деб атайди. У, шунингдек, Сиёвушнинг олдига келиб, Афросиёб унга қарши фитна уюштираётганига ҳамда тез орада унга берилган ерларни қайтариб олиш учун Хотанга бостириб киришига ишонтиради.

Кўп ўтмай, Афросиёб куёви Сиёвушга қарши уруш очади ва унинг кам сонли қўшинини мағлуб этади. Бироқ, Сиёвуш рафиқаси Фарангисни Пиранга қўшиб қочириб юборади, у Фарангиснинг Эронга етиб боришини та’минлайди, у ерда Сиёвуш ва Фарангиснинг ўғли Кайхусрав доно шоҳ бўлиб ўсади ва охир-оқибат отаси учун қасос олади.
Сиёвуш Афросиёбнинг олдига олиб борилади. Афросиёб куёвининг бошини танидан жудо қилиш буйруғини беради. Қатл зудлик билан амалга оширилади. Сиёвушнинг қони тўкилган ердан бир гул ўсиб чиқади. Бу гул халқ орасида „Хуне Асявушан“ („Сиовушнинг қони“) деб аталади.
Ўрганилиши
Хоразмда И—ВИИ асрларда зарб этилган тангалардаги чавандоз сурати айрим тадқиқотчилар (С. П. Толстов ва бошқалар) томонидан Сиёвушнинг тасвири деб қабул қилинган. „Шоҳнома“га кўра, Сиёвуш Кайковуснинг ўғли бўлиб, уни баҳодир Рустам тарбия қилган. Ўгай онаси Судоба Сиёвушга шаҳвоний меҳр қўйган, бироқ ундан рад жавобини олгач, Сиёвушни ўзининг номусига тажовуз қилганликда айблаган. Бироқ Сиёвуш гулхан синовидан ўтиб ўзини пок, айбсизлигини исбот қилган. Шундан сўнг Сиёвуш Турон ҳукмдори Франграсан (Афросиёб) хузурига борган. Афросиёб дастлаб уни яхши қабул қилиб, қизи Фарангисни берган, сўнгра маккорлик билан уни ўлдирган. Сиёвушнинг қасоскори сифатида ўғли Кайхусрав Туронга отланган. Сиёвуш Марказий Осиё халқлари орасида катта шуҳрат қозонган. У ҳақида қиссалар, қўшиқлар (Бухорода Сиёвушга бағишланган туркум қўшиқлар Кини Сиёвуш — Сиёвуш учун қасос ёхуд Муғлар йиғиси деб аталган), халқ афсоналари тўқилган. Нишопурийнинг ёзишича, ўлдирилган Сиёвуш жасади Бухоронинг шарқий дарвозаси (Гўриён дарвозаси — Бухоро аркининг ҳозир сақланиб қолмаган дарвозаси) олдига кўмилган. Ҳар йили Янги йил куни қуёш чиққунига қадар ҳар бир эркак Сиёвушга атаб хўроз сўйиши лозим бўлган. Аждарҳо дарахтининг муми „Сиёвуш қони“ деб аталади[8].
Манбалар
- ↑ Гэуш-яшт ИХ 18, 22; Ард-яшт (Яшт ХВИИ 38, 42; Авеста в русских переводах. СПб, 1997. С. 369, 370); Замйад-яшт (Яшт ХИХ 77; Авеста в русских переводах. СПб, 1997. С. 397)
- ↑ Авесто. Яшт китоби 2001, с. 43.
- ↑ 3,0 3,1 Авесто. Яшт китоби 2001, с. 121.
- ↑ Авесто. Яшт китоби 2001, с. 124.
- ↑ «Замйад-яшт» (Яшт ХИХ 71; Авеста в русских переводах. СПб, 1997. С. 396)
- ↑ Фравардин-яшт (Яшт ХИИИ 132)
- ↑ Большой Бундахишн ХХХВ 31
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Адабиётлар
- Авесто. Яшт китоби (Худо Ахура Мазда ва у яратган маъбудалар шаънига айтилган алқовлар). Тошкент: „Шарқ“ нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2001 — 128-бет.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
