Soʻz
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Сўз — тилнинг нарса-ҳодисалар, жараёнлар ва хусусиятларни номлаш учун хизмат қиладиган энг муҳим структура маъновий бирлиги; ўз товуш қобиғига эга бўлган, борлиқдаги нарсалар ҳақидаги тушунчани, улар ўртасидаги алоқани ёки уларга муносабатни ифодалай оладиган, турли грамматик маъно ва вазифаларда қўлланадиган энг кичик нутқ бирлиги, лексеманинг нутқда муайян шакл ва вазифа билан воқеланган кўриниши. Сўз ранг учун қурилиш материали бўлиб хизмат қилади, лекин, ундан фарқли равишда, хабар ёки тугал фикр билдирмайди. Ўзида лексик ва грамматик маънони бирлаштирган ҳодда сўз муайян сўз туркумига мансуб бўлади, ўз таркибида муайян тил тизимида олдиндан тайин бўлган барча грамматик маъноларни ифодалайди.
Тилшуносликда „сўз“ атамаси лексемага нисбатан ҳам қўлланади ва лексик сўз деб юритилади. Масалан, „сўз ясалиши“, „ясама сўз“ бирикмаларида „сўз“ худди шу маънода қўлланади. Лексеманинг нутқда муайян шаклда воқеланган ҳолати тилшуносликда сўз шакл, лексема шакл ёки морфологик сўз деб ҳам юритилади.
Сўзнинг товуш ва маъно томони бор. Лекин ҳар қандай товуш йиғиндиси сўз бўлавермайди. Товуш ёки товуш бирикмаси сўз бўлиши учун маънога эга бўлиши, яъни муайян тил эгалари шу товушлар воситасида бирор нарсани англаши ёки бир-бирига англатиши керак. Сўз маъносида умумийлик ва яккаликнинг, барқарорлик ва ўзгарувчанликнинг диалектик ўзаро муносабати акс этади. Маънонинг барқарорлиги ўзаро тушунишни қулайлаштирса, унинг ўзгарувчанлиги (сўзнинг аниқ, бир маъносидаги ўзгаришлар) сўздан борликдаги янги тушунча ва нарсаларни номлашда фойдаланишга имкон беради, бадиий сўз санъатининг муҳим омилларидан ҳисобланади. Сўзнинг кўп маънолилиги ҳам айнан маънонинг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ. Сўзловчининг номланаётган нарсага муносабати сўз маъносининг сўзловчи ҳис-туйғусини, шахсий фикрини ифодаловчи эмоционал жиҳатини ташкил этади. Сўз тилда муайян тизимни шакллантирадики, бу тизим сўзнинг грамматик белгиларига (сўз туркумлари), сўз Ясалиши алоқаларига ва семантик муносабатларига (синонимлар, омонимлар, антонимлар) асосланади.
Булардан ташқари, луғавий маънога эга бўлмаган, лекин ўз товуш қобиғига, ўзига хос маъно, вазифасига эга бўлган, шу билан бирга сўз ясаш ёки сўз шаклини ҳосил қилиш учун фойдаланиладиган морфемалардан фарқланувчи тил бирликлари ҳам „сўз“ деб юритилади. Булар ёрдамчи сўзлар (билан, лекин, каби, худди), ундовлар (оббо, эҳҳе, вой), тақлид сўзлар (миёв, дукур-дукур, ялт-юлт) ва модал сўзлар (шубҳасиз, демак, эҳтимолдир.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Сўзга тегишли иқтибослар мавжуд. |
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |