Adib Sobir Termiziy
Адиб Собир Термизий (арабча: صابر الترميزي — Собир Термизий; тўлиқ исми: Шаҳобиддин Аҳмад ибн Абдуллоҳ ёки Шаҳобиддин ибн Исмоил) — шоир, маърифатпарвар олим.
| Собир Термизий | |
|---|---|
| Шаҳобиддин Аҳмад ибн Абдуллоҳ, Шаҳобиддин ибн Исмоил | |
| Таваллуди | 1078-йил |
| Вафоти | 1151-йил |
| Касби | шоир |
| Дини | Ислом |
Ҳаёти
Собир Термизий Термиз шаҳрида таваллуд топган ва шу ерда вояга етган. Астрономия ва математика билан шуғулланган. Бир неча йил Арабистон ва Хуросонда саёҳатда юрган. 30 йил Хуросон ҳокими Абулқосим Али ибн Жаъфар саройида, сўнг Марвда салжуқий ҳукмдор Султон Санжар саройида хизмат қилган, у ердаги адабий муҳит билан танишган. Умар Хайём, Футу-хий, Марвозий, Анварий, Котибий, Саид Ҳасан Ғазнавий каби шоир ва олимлар билан мулоқотда бўлган. Собир Термизий ижодида ижтимоий, таълим-тарбиявий фикрлар, илм-фан, одоб ва ахлоқни улуғлаш, ишқ-муҳаббат ва табиат гўзалликларини куйлаш асосий ўринни эгаллаган („Ниҳоят ҳаддан ошди…“, „Илм шарафига…“, „Баҳор фасли…“, „Гарчи олимнинг …“, „Кечамиз тугару охир тонг отар“, „Бир замон бўлгайки…“ ва бошқалар)[1].
Хотираси
- Адиб Собир Термизийнинг ҳаёти, ижоди ва бир қанча салмоқли ишлари ҳақида турли замонларнинг шуаро ва уламолари ўзларининг фикрларини билдириб, меҳнатларини эзозлаб келган. Жумладан:
- Эрон адабиёцҳуноси Саид Нафисий „Аз шуарои Туркистон“, яъни туркистон шоирларидан Рўдакий, Дақиқий ва Фаррухийлардан бошқа ҳеч ким сўзлар маъносини жилвалатишда, мазмунлашда Адиб Собирга етишолмаган каби фикрларини билдирб ўтган[2].
- Саид Нафисий яна такидлашича, Адиб Собир Термизий дунё тамаддунида Фирдавсию Ҳайём, Саъдию Низомийлардек шуҳрат топмасада, сўз аҳлининг йиғин мажлисларида ва китоб аҳли орасида унинг адабий мақоми ҳар қачон юксак даражада бўлган.
- Рашидуддин Ватвот шоир ҳақида шундай фикрлар билдирган: "Эй Собир, сенинг илминг ер юзини ҳам олади, сенинг қадринга етганни ва шараф этганни осмон ҳам пойингга паслайди[3]".
- Давлацҳоҳ Самарқандий уни ўз асридаги шоирларнинг сардафтари бўлган дея таърифлайди.
- Озарбайжоннинг Низомийдан кейинги йирик шоири Афзалуддин Бадил Иброҳим ибн Али Ҳоқоний Адиб Собирга эътиқодли издош ҳисобланган.
- Авҳадуддин Анварий шоирликда уни мусаллам тутган ва қасидалар бағишлаб ёзган[4].
Адабий мероси

Адиб Собир Термизийнинг адабий мероси катта қисмни ташкил қилади. Бизга унинг турли нусхадаги девонлари орқали 6947 байт шеърлари етиб келган. Баёзлар орқали етиб келган шеърларни ҳам қўшганда жами 7045 байтни ташкил қилган. Шоир Девон ва шеърлари ҳозирда Буюк Британиянинг Индиана Оффис кутубхонасида, Эрон Ислом республикасининг шуаролар мажлиси, Ҳиндистоннинг Калкутта, Мумбай шаҳарлари кутубхоналарида, Озарбайжон фанлар Академиясида ва Тожикистон фанлар Академияси шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланиб келади[5].
Шоирнинг ижод йўналишига назар ташласак, асарларида ижтимоий, таълим-тарбиявий фикрлар, илм-фан, одоб-ахлоқни улуғлаш, табиат гўзалликларини куйлаш каби мавзулар ёрқин ифода топган. Таржи’банд ва рубоийларнинг кўпчилигида ҳаётий воқеалар тасвирланган. Шеърлари асосан форс тилида бўлиб, девонлари билан бирга бир нечта нусхалари Ўзбекистон ФА шарқшунослик институтида сақланади. Девони Эронда нашр этилган (1952), у 109 қасида, 66 та ғазал, 113 қитъа, 7 таржи’банд, 92 рубоийдан иборат 7000 байтни ташкил қилади[6].
Абадийлаштириш
Шоир ижодини ўрганиш ва сақлашда Ўзбекистонлик тарихчиларнинг ҳиссаси катта. Улардан филология фанлари доктори, профессор Аҳмад Абдуллаев ҳаётининг кўп йилларини бу борадаги тадқиқотларга бағишлади, номзодлик дисертациялари ҳимоя қилди. Дастлаб у 1956-йилда Адиб Собир Термизийнинг „Девон“ини чоп эттирган ва 1969-йилда 14 босма тобоқдан иборат 200 бетлик „Адиб Собир Термизий“ номли илмий-тадқиқий рисоласини тақдим этди.
1965-1981-йилларда адибнинг „Танланган асарлар“ рисоласи кириш сўзи ва изоҳи билан бирга икки марта нашр эттирилди. 1976-йилда эса илк маротаба Адиб Собир Термизийнинг ҳаёти, ижодиёти, шоир яшаган замоннинг сиёсий, илмий-адабий муҳити ҳақида таҳлил қилинган монография чоп этилди. Унинг биринчи бўлимида Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Марв шаҳарлари қаторида Термиз шаҳрининг ҳам шу даврдаги илмий-адабий муҳити манбалар билан исботлаб берилди[7].
Аҳмад Абдуллаевнинг адиб ҳаётига бағишланган қиссаси муқаддима ва изоҳдан ташқари 24 бобни ташкил этади. Унда шоирнинг умр йиллари, фожеали қисмати, ўша давр Термиз маданияти ҳақида батавсил тасвирланган. Бу тўплам ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилган.
Республикамиз тарихида Адиб Собир Термизийни ўрганишга доир манбалар тартиби:
1. Адабиёцҳунос Абдуқодир Ҳайитметовнинг 1966-йилда чоп этилган мақоласи.
2. 1967-йили нашр этилган, тарихчи Бўрибой Ахмедовнинг „Машҳур кишилар ҳаёти“ китоби — унда Давлацҳоҳ Самарқандийнинг „Тазкират уш-шуаро“ асаридан парчаларидаги моҳир донишманд, фозил шоир Адиб Шаҳобуддин Собир ҳақидаги маълумотлар келтирилган.
3. Эшбой Пардаев томонидан таржима қилинган Аҳмад Абдуллаевнинг 1965-йилги Адиб Собир Термизий ҳаётига бағишлаган нашри. Мазкур ўзбекча девон 1982- йилда баъзи қўшимчалар киритилган, Эшбой Пардаевнинг номи тушуриб қолдирилган ҳолда „Сайланма“ бўлиб дунёга намойиш қилинди.
4. Эшбой Пардаев ва Йўлдош Исмойилов томонидан ёзилган „Собир Термизий“ номли драматик асар[8].
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Термиздан нур, Абдулла Холмирзаев. „Санъат“ журнали нашриёти, 2015.
Манбалар
- ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. — Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. — Б. 650.
- ↑ Аҳмад Абдуллоев, Адиб Собир Термизий, Душанбе, „Дониш“ нашриёти, 1969-йил, 149-бет
- ↑ Аҳмад Абдуллаев, Адиб Собир Термизий, Душанбе, „Дониш“ нашриёти, 1969-йил, 147-бет
- ↑ Давлацҳоҳ Самарқандий, „Тазкират уш-шуаро“дан парчалар, „Фан“ нашриёти, Тошкент, 1967, 22-бет
- ↑ Муҳаммад Азимов, „Сурхондарё ижодкорлари“. Қарши, „Насаф“ нашриёти
- ↑ ЎзМЕ, 1-том, Тошкент, 2000, 131-бет
- ↑ Ж.Эсонов, Қ.Жўраев, „Бойсун баёзи“ тўпламига кирган „Серқирра олим“ мақоласи, Тошкент, „Чўлпон“ нашриёти, 1996-йил, 144-145-бетлар
- ↑ Абдулла Холмирзаев. Термиздан нур, Қаралди: 2023-йил, 45-бет, „Санъат“ журнали нашриёти, 2015.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Адиб Собир Термизийга тегишли иқтибослар мавжуд. |