Сувсарлар– йиртқичлар туркумига мансуб сут эмизувчилар оиласи. Гавдаси чўзиқ, эгилувчан, оёқлари калта ва 5 бармоқли, тирноқлари ичига тортилмайди. Айрим турларида бармоқлари орасига парда тортилган; денгиз қундузининг орқа оёқлари эшкакка айланган. Сувсарлар – товонда ва ярим товонда ҳаракатланувчи ҳайвонлар. Юнги қалин ва юмшоқ. Кўпчилик сувсарлар йилда 2 марта туллайди. Анал безлари ўткир ҳидли суюқлик ишлаб чиқаради. Сувсарлар систематикаси аниқ ишлаб чиқилмаган. Одатда, 64 тур, 24 уру/га ажратилади. Ўзбекистонда 9 тури (қундуз, асалхўр, бўрсиқ, тоғ сувсари, олакўзан, қора латча, оқ латча, сассиқкўзан, америка норкаси) учрайди. Ҳар хил биотоплар (сув, қуруқлик)да яшайди; ин ковлайди ёки бошқа ҳайвонлар қазиган инлардан фойдаланади. Америка норкаси иқлимлаштирилган, асосан, махсус мўйначилик фермаларида боқилади. Кўпчилик сувсарлар этхўр ҳайвонлар; зараркунанда кемирувчиларни қириб фойда келтиради. Сувсарлар қимматли мўйнаси учун овланади, бир қанча турлари мўйначилик фермаларида боқилади. Кўпчилик турлари сони кескин камайиб кетганлиги сабабли Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.