Юқоридан чапдан ўнгга: Чехия техника университетининг биотиббиёт муҳандислиги факултетидаги маруза (Прага, Чехия); Мевали боғ соясида ўтирган мактаб ўқувчилари (Бамозай, Гардез, Пактия провинсияси, Афғонистон); „ФИРСТ“ робототехника мусобақасида қатнашаётган талаба (Вашингтон, АҚШ); АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД) ташаббусида амалга оширилаётган мактабгача таълим (Звай, Эфиопия)

Таълим – билим бериш, малака ва кўникмалар ҳосил қилиш жараёни, кишини ҳаётга ва меҳнатга тайёрлашнинг асосий воситасидир. Таълим жараёнида маълумот олинади ва тарбия амалга оширилади. Таълим тор маънода ўқитиш тушунчасини англатади, лекин у фақат турли типдаги ўқув юртларида ўқитиш жараёнини эмас, оила, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда маълумот бериш жараёнини ҳам билдиради.

Таълимнинг мазмуни ва моҳияти жамиятнинг моддий ва маданий тараққиёти даражаси билан белгиланади. Ижтимоий муносабатлар, умумий маълумотга бўлган эҳтиёж, кишиларнинг касбий тайёргарлигига, таълим ҳақидаги педагогик ғояларга қараб кишилик жамияти тараққиётининг турли босқичларида Таълимнинг моҳияти, методи, ташкилий шакллари ўзгариб борган. (қаранг Педагогика).

Таълим моҳият-эътибори билан дарс бериш жараёнини, яъни педагог (ўқитувчи) фаолиятини, умуман ўқувчининг билиш, ўрганиш фаолиятига раҳбарлик қилишни ҳамда уқиш жараёнини, яъни ўқувчи фаолиятини билдиради. Таълим жараёни таълим берувчи – ўқитувчи ва таълим олаётган ўқувчилар фаолиятининг йиғиндисидан иборат. Таълим ва тарбия жараёнида шахснинг сифатлари, дунёқараши, қобилияти ўсади. Таълим авлодлар ўртасидаги маънавий ворисликни таъминлайди: кишиларнинг ижтимоий-тарихий тажрибалари ёш авлодга таълим орқали ўтади.

Таълим ҳақида турли назариялар мавжуд. Баъзи назариялар таълимни жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилишига боғлиқ бўлмаган ҳодиса сифатида баҳоласалар (қаранг Педоцентризм), баъзиси таълимнинг синфий характерга эга эканлигини, у жамиятнинг ҳар бир аъзосида муайян сиёсий, фалсафий, ахлоқий, ҳуқуқий қарашларни шакллантириш мақсади сари қаратилганлигини таъкидлайди.

Таълимнинг мақсади обектив ҳаёт талабларига мувофиқ ҳолда ўзгариб боргани каби, таълимнинг характери, йўналиши ҳам унинг мақсадига мувофиқ ўзгариб боради. Таълим диалектик тарзда тараққий этиб борадиган ички зиддиятлар жараёнидир. Таълим билиш қобилиятлари, ҳис-туйғулар, идрок, шахсни таркиб топтирувчи кучли омилдир.

Таълим жамият қурилишининг муҳим муаммоларини ҳал қилиш – жамиятнинг моддий-техника базасини яратиш, ижтимоий муносабатларни таркиб топтириш, янги кишини тарбиялашга ёрдам беради.

Таълим ўқувчининг билиш қобилиятини ўстирувчи асосий омилдир. Ўқувчилар қобилиятини ўстиришга қаратилган тизимлар муайян дидактик қоидалар тарзида намоён бўлади. Дидактик тамойилларда таълимнинг мазмуни ва жараёнларига қўйилган талаблар белгиланади (қаранг Дидактика). Таълимнинг мақсади ва вазифалари ижтимоий тузум, шунингдек, муайян ўқув юртлари функсиясига мувофиқ тарихан ўзгариб боради. Ўзбекистон Республикасининг 1997-йил 29-августда қабул қилинган „Таълим тўғрисида“ги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури таълим тизимининг барча йўналишларини такомиллаштириш ва ривожлантириш учун кенг имкониятлар очиб берди. 1996-йилдан бошлаб лотин имлосига асосланган янги ўзбек алифбоси жорий этилди ва шу йилдан бошлаб янги ёзув асосида дастурлар, қўлланмалар ва дарсликлар яратишга киришилди, ўқитувчилар лотин имлоси асосидаги янги ўзбек алифбоси бўйича қайта тайёрлаш курсларидан ўтказилди. Халқ таълими бўлимлари қошида болаларни мактаб таълимига тайёргарлигини белгилайдиган „Ташхис марказлари“ ташкил этилди. Ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини рейтинг асосида назорат қилиш, мактаб битирувчиларини якуний аттестациясини компютер ёрдамида тест орқали амалга ошириш, Таълим амалиётини диагностик таҳлил этиш, Таълим муассасаларида маркетинг тизимидан фойдаланиш каби қатор педагогик янгиликлар жорий этилди (қаранг Таълимнинг миллий модели).

Таълим мазмуни унинг мақсадига мувофиқ, ижтимоий шарт-шароит, фан ва техника, санъат ҳолати ва шу кабини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Касб-ҳунар коллежлари, ўрта махсус ва олий ўқув юртларидаги Таълимнинг мазмунига умумий маълумотдан ташқари муайян касб ва мутахассислик учун зарур бўлган махсус билим, малака ва кўникмалар ҳам киради. Таълим мазмуни ўқув режа ва дастурлари, дарслик ва бошқаларда ёритилади. Таълимда қўйилган мақсадга эришиш учун турли метод, восита, ташкилий тизим ва шакллар (маъруза, суҳбат, тажрибалар ўтказиш, кўргазмали қуролларни қўллаш, кузатиш, машқ ва шу каби)дан фойдаланилади. Ўқув жараёнида техник воситалар (кино, телевидение, радио, компютер, ЭҲМ ва бошқалар)ни кенг қўллаш таълим методини ишлаб чиқишга катта таъсир кўрсатади.

Таълимни ташкил этишнинг умумий таълим, алоҳида (индивидуал) таълим, ташкилий таълим, синфдаги дарс таълими, курс тизими таълими ва бошқа турлари мавжуд. Ҳозирги шароитда ижтимоий талаблар, ўқувчиларнинг имконияти ва эҳтиёжларига мувофиқ таълим тобора такомиллаштирилиб, янги метод ва шакллари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, таълимнинг кенг умумий маълумот асосида касбий ихтисослашишнинг аҳамияти тобора ошмоқда, оммавий коммуникация воситалари – радио, телевидение, филм, компютер, вақтли матбуотдан, шунингдек, ўз устида ишлашнинг турли шаклларидан фойдаланилмоқда[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Таълим“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Т-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Ҳаволалар