Таксофон, телефонавтомат — абонентни бошқа абонент билан бир марта улаб берадиган оммавий телефон аппарата. Маҳаллий (шаҳар, қишлоқ) алоқа, шаҳарлараро алоқа, ҳам маҳаллий, ҳам шаҳарлараро алоқа таксофонларига бўлинади. Асосий қисми: электр занжирлари блоки бўлган танга (ёки жетон) текшириш қурилмаси ва пул йиғгич. Электр занжирлари блоки таксофонни телефон стансияси билан улайди ва узади, нутқларни қабул қилади ва узатади, ташланган танга (ёки жетон) ни текширади, абонент жавоб бермаса, танга (ёки жетон)ни қайтаради. Таксофонда рақами 3 хонадан кам бўлган (01, 02, 03 ва бошқалар) махсус хизмат идоралари билан пулсиз гаплашиш мумкин. Таксофонга танга ёки махсус жетон ташланади. Махсус карточка билан ишлайдиган таксофонлар ҳам мавжуд (2004).