Қашқар текислиги, Тарим текислиги — Хитойнинг ғарбий қисмида, Тарим дарёси ҳавзасидаги текислик. Тяншан, Помир, Кунлун ва Бейшан тоғлари билан ўралган. Узунлиги ғарбдан шарққа 1200 км, майдони 530 минг км²(Марказий Осиёда энг катта). Баландлиги шарқдан ғарбга 800 м дан 1500 м гача кўтарилиб боради. Қашқар текислигининг катта қисми Такламакон қумли чўли билан банд. Релефининг пастқам жойларида кенг майдонларни шўрхоклар эгаллаган. Текисликнинг ғарбий қисмида паст қатор тепалар учрайди. Иқлими мўътадил (баъзи жойларда континентал, чўл иқлими), ёзи иссиқ, қиши қисқа, совуқ ва қорсиз. Ўртача температура июлда 26°, қишда —20° гача. Йиллик ёғин 100 мм дан кам. Тоғлардан оқиб келувчи дарёлар Қашқар текислигига чиққач, суғоришга сарф бўлади ёки қумга сингиб кетади. Энг йирик дарёлари: Тарим, Хўтан, Қашқар, Оқсув, Кўнчидарё; шарқида Лобнор кўли бор. Қашқар текислигининг аксари қисми бўз тупроқларда ўсувчи чўлга хос ўсимликлар билан қопланган. Дарё водийларида тўқай ўсимликлари ўсади. Воҳаларда, тоғ этакларида деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланилади. Қашқар текислигининг ғарби ва шимоли-ғарбида Қашқар, Оқсув ва Ёркенд воҳалари жойлашган.