Темир йўл стансияси

Темир йўл — 1) йўловчи ва юкларни ташийдиган, техника воситалари ва иншоотлари (поездлар, вагонлар, стялар, автоматика ва телемеханика қурилмалари диспетчерлик хизмати ва бошқалар) мажмуи билан жиҳозланган транспорт корхонаси. Вазифасига қараб, умумий фойдаланиладиган (магистрал); саноат транспорти, руда конлари ва бошқа жойларда ишлатиладиган; шаҳар темир йўл (трамвай, метрополитен); излари оралиғининг кенглигига қараб, кенг изли ва тор изли бўлади. Релслар оралиги 1676 мм (Ҳиндистон, Испания, Аргентина, Чили ва бошқалар), 1520 мм (Россия, Ўзбекистон ва бошқалар), 1435 мм (Европанинг кўпчилик мамлакатлари, Канада, АҚСҲ), 1067 мм (Япония, Индонезия ва бошқалар); 2) темир йўл транспорти қатнайдиган релсли из; устки қурилма, ер полотноси ва сунъий иншоотлардан иборат. Устки қурилма релслар, релс бирикмалари, стрелкали ўтказгичлар, шпал, бруслар ва балласт қатламларидан иборат. Ер полотноси кўтарма ва ўймалардан иборат бўлиб, йўл устки қурилмасига замин бўлиб хизмат қилади. Сунъий иншоотларга Темир йўл кўприклари, тоннеллар, виадук, дренаж қувурлари, тиргак деворлар ва бошқа киради. Темир йўл ёқалаб йўл белгилари (километрлар, пикетлар ва шу кабилар) ўрнатилади (яна қаранг Темир йўл транспорти).