Темпера (италянча: „темпера“ — бўёқни аралаштирмоқ) — 1) бўёқ моддаси ва боғловчи моддаси сувли эмулсия ва тухум сариғидан таркиб топган бўёқ. Боғловчи моддалар таркибига қараб сариқ темпера (тухум сариғи қўшилган), оқ темпера (тухум оқи қўшилган), казеинли темпера ва бошқа турлари бор. Саноат усулида катта ва кичик тюбикларда ишлаб чиқарилади;

2) Темпера бўёқлари ёрдамида яратиладиган рангтасвир тури; монументал ва дастгоҳ санъатида кенг қўлланади. Темперада яратилаётган асарлар сирти лок билан қопланмайди, шунинг учун улар майин жилосиз сиртга эга. Темпера асарларида ранг ва ранг туслари ташқи таъсирга чидамли, ўзининг дастлабки сифатини мойбўёқ рассомлигига нисбатан узоқ вақт сақлайди. Темперани акварел ва гуаш билан қўшиб ишлатиш мумкин.