Тироидит – қалқонсимон безнинг яллиғланиши. Қалқонсимон без бўйиннинг олд соҳасида қалқонсимон тоғай остида жойлашган бўлиб, метаболизмни бошқарадиган гормонлар ишлаб чиқаради.

Тироидит
Мутахассислик Эндокринология
Турлари Ҳашимото тироидити, туғруқдан кейинги тироидит, ўткирости тироидит, „тинч“ тироидит (эутиреоз), дори-дармонли тироидит, радиациядан келиб чиққан тироидит, ўткир тироидит ва Риэдел тироидити
Сабаблари аутоиммун ҳолат, ба'зи инфексиялар ва дорилар
Ташхис усуллари қалқонсимон без палпацияси, УТТ, лаборатор текширувлар

Клиник манзараси

Тироидитнинг кўпгина белгилари қалқонсимон безнинг бошқа касалликларининг белгиларига ўхшайди, шунинг учун баъзан тироидитни ташхислаш қийин бўлиши мумкин. Қалқонсимон без ҳужайраларининг шикастланиши секин ва сурункали бўлганда умумий гипотиреоз белгилари намоён бўлади, булар: чарчоқ, вазн ортиши, депрессия, терининг қуруқлиги ва ич қотиши кабиларни ўз ичига олади. Бошқа, кам учрайдиган аломатларга оёқларнинг шишиши, танада ноаниқ оғриқлар, диққатнинг пасайиши ва бошқалар киради. Бемор аҳволи янада оғирлашганда, тироидитнинг турига қараб, кўз атрофида шиш пайдо бўлиши, юрак уришининг секинлашиши, тана ҳароратининг пасайиши ёки юрак етишмовчилиги белгилари пайдо бўлиши мумкин. Бошқа томондан, агар қалқонсимон без ҳужайраларининг шикастланиши ўткир бўлса, без ичидаги гормон қон оқимига чиқади ва бу гипертироидизмга ўхшаш тиреотоксикоз белгиларини келтириб чиқаради. Бу белгилар вазн йўқотиш, асабийлашиш, уйқусизлик, тахикардия ва чарчоқни ўз ичига олади. Тироидитда тиреотоксикоз кузатилса ҳам, бу ҳолатда гипертироидизмда фарқли равишда қалқонсимон без ҳаддан ташқари фаол бўлмайди[1].

Сабаблари

Тироидит одатда қалқонсимон безда аутоиммун жараён юзага келиши натижасида келиб чиқади ва бу ҳолат яллиғланиш ҳамда қалқонсимон без ҳужайраларининг шикастланишига олиб келади. Ушбу касалликка кўпинча иммунитет тизимининг нотўғри ишлаши сифатида қаралади ва аутоиммун панкреатит, ретроперитонеал фиброз ҳамда юқумли бўлмаган аортит белгиларини ҳам ўз ичига олувчи ИгГ4 билан бирга келиши мумкин деб ҳисобланади. Риэдел тироидитида ҳам шундай бўлади, бу яллиғланишда қалқонсимон без тўқималари қўшни аъзоларга тарқалиши мумкин бўлган толали тўқималар билан алмашинади. Қалқонсимон безга ҳужум қиладиган антитаналар тироидитнинг кўп турларини келтириб чиқаради. Тироидитларга безларда яллиғланишни келтириб чиқарадиган антитаналар билан бир хил хусусиятга эга вирус ёки бактериялар ҳам сабаб бўлиши мумкин, масалан, ўткирости грануломатоз тироидит инфексион жараён ҳисобланади (де Қуэрваин)[2]. Баъзи одамларда қалқонсимон безга қарши антитаналар ишлаб чиқарилади ва бундай ҳолда тироидитни аутоиммун касаллик деб ҳисоблаш мумкин, чунки бунда организм қалқонсимон безни бегона тўқима сифатида қабул қилади[3]. Интерферон, литий, амиодарон ва саратон иммунотерапияси каби баъзи дорилар ҳам тироидитга олиб келиши мумкин[4].

Ташхислаш

Тироидитни ташхислашнинг энг кенг тарқалган ва фойдали усули биринчи навбатда шифокорнинг қалқонсимон безни пайпаслашидир. Лаборатор текширувлар беморда эритроцитлар чўкиш тезлигининг ошганлиги, тироглобулин даражасининг кўтарилиши ва радиоактив ёднинг сўрилиши камайганлигини аниқлашга имкон беради. Қон тестлари тироидитнинг тури, гипофиз бези ишлаб чиқараётган тиреотроп гормон миқдори ва организмда қандай антитаналар мавжудлигини аниқлашга ёрдам беради. Баъзи ҳолларда қалқонсимон безга нима ҳужум қилаётганлигини аниқлаш учун биопсия талаб қилиниши мумкин. 

Таснифи

Қалқонсимон без тўқималарининг яллиғланишини кўрсатадиган микроскопик расм

Тироидит – бу қалқонсимон безнинг яллиғланишига олиб келадиган касалликлар гуруҳидир. Касалликнинг бир нечта тури фарқланади: Ҳашимото тироидити, туғруқдан кейинги тироидит, ўткирости тироидит, „тинч“ тироидит (эутиреоз), дори-дармонли тироидит, радиациядан келиб чиққан тироидит, ўткир тироидит ва Риэдел тироидити[5].

Даволаш

Ушбу касалликни даволаш усуллари ташхис қўйилган тироидит турига боғлиқ. Ҳашимото тироидити деб номланувчи энг кенг тарқалган тури учун даволаш дарҳол гормонтерапияни бошлашдан иборат. Бу гипотироидизмни олдини олади ёки даволаяди, шунингдек, безнинг катталашишини (бўқоқни) ҳам олдини олади. Бироқ, Ҳашимото тироидити дастлаб қалқонсимон бездан ортиқча тироид гормонлар ишлаб чиқарилиши (гипертироид ҳолат) билан намоён бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда беморга фақат дам олиш буюрилади ва стероид бўлмаган яллиғланишга қарши дорилар қўлланиши мумкин. Аммо, баъзи беморлар яллиғланишни камайтириш ва юрак уриш ритмини назорат қилиш учун стероидларга муҳтож. Бундан ташқари, шифокорлар юрак уриш тезлигини пасайтириш ва дастлабки гипертироид давр йўқолгунча титроқларни камайтириш учун бета блокаторларни буюриши мумкин[6].

Тарқалиши

Тироидитнинг аксарият турлари аёлларда эркакларга қараганда 3-5 баравар кўпроқ учрайди. Касаллик одатда 30-50 ёш оралиғида бошланади. Ушбу касаллик географик ва мавсумий бўлиб, ёз ва кузда кўпроқ учрайди[1].

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 „Тҳйроидитис“. Фамилйдоcтор.орг. Америcан Аcадемй оф Фамилй Пҳйсиcианс. Қаралди: 2018-йил 8-октябр.
  2. ↑ „Ҳашимото'с Тҳрёидитис“. ТДМ. Тҳйроид Дисеасе Манагер. Қаралди: 2008-йил 3-март.
  3. ↑ Феррй. „Ҳашимото'с Тҳйроидитис Сймптомс, Диэт, анд Треатменц“. МедиcинеНет (2007-йил 8-сентябр). Қаралди: 2008-йил 9-март.
  4. ↑ Поллаcк, Рена; Стокар, Жошуа; Лишинскй, Натан; Гурт, Ирина; Каисар-Илуз, Наоми; Шаул, Мерав Э.; Фридлендер, Зви Г.; Дреснер-Поллак, Ривка (Жануарй 2023). "РНА Сеқуэнcинг Ревеалс Униқуэ Трансcриптомиc Сигнатурес оф тҳе Тҳйроид ин а Мурине Лунг Cанcер Модел Треатед wитҳ ПД-1 анд ПД-Л1 Антибодиэс" (эн). Интернатионал Жоурнал оф Молеcулар Сcиэнcес 24 (13): 10526. дои:10.3390/ижмс241310526. ИССН 1422-0067. ПМИД 37445704. ПМC 10341615. //www.пубмедcентрал.ниҳ.гов/артиcлерендер.фcги?тоол=пмcентрез&артид=10341615. 
  5. ↑ „Тҳйроидитис“ (эн). www.тҳйроид.орг. Америcан Тҳйроид Ассоcиатион (2018). Қаралди: 2018-йил 8-октябр.
  6. ↑ Росс. „Бета блоcкерс ин тҳе треатмент оф ҳйпертҳйроидисм“. УпТоДате. Wолтерс Клуwер. Қаралди: 2017-йил 27-июл.