Туркистон харитаси

Туркистон — Марказий Осиёнинг ўрта аср тарихий-географик адабиётларда учрайдиган номи. Манбаларда Турон ва Туркистон атамалари ўрнида қайд этилган. 639-йил Туронда тузилган суғд ҳужжатида Ўрта Осиё минтақасининг номи сифатида ишлатилган. „Туркистон“ атамаси „Ўрта Осиё“ ва „Мовароуннаҳр“ номларидан фарқли равишда нафақат географик, балки этногеографик тушунчани англатиб, шунингдек, сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга ҳам эга бўлган. Араблар истилосидан сўнг „Туркистон“ топоними ўзининг сиёсий-ҳуқуқий маъносини йўқотмаган. Унинг сиёсий сарҳадлари Шимол ва Шарққа, Араб халифалиги, Қарлуқ ва Уйғур хоқонликлари билан чегарадош бўлган ерларгача ёйилган. Айни мана шу давлатлар эндиликда Туркистон номи билан араб тарихчи-географлари асарларида (ВИИИ-Х асрлар) қайд этилган. Марказий Осиёнинг марказий ва жанубий вилоятлари (Амударё ва Сирдарё оралиғи) Мовароуннаҳр деб атала бошлаган.

Тарих

Қорахонийлар давлати барпо этилиши билан „Туркистон“ топонимининг аҳамияти яна қайта ўзининг собиқ ҳудудлари доирасида деярли тикланади, унинг жанубий сарҳадлари Амударё билан белгиланади. „Мовароуннаҳр“ атамаси эса, Туркистоннинг бир қисми сифатида, яъни Қорахонийлар, сўнгра Хоразмшоҳлар, Чиғатоийлар, Темурийлар ва Шайбонийлар давлатининг бир қисми сифатида қарала бошлаган. Маҳмуд ибн Валннинг ёзишича, „Туркистон — бу кенг ва кўнгилли юртдир, бу юртнинг узунлиги Сайҳун дарёсининг қирғоғидан Қорамурун дарёси қирғоғигача бўлиб, бу ерни Мўғулистон номи билан атаганлар“. Муаллиф Туркистоннинг яна бир номи — бу Турон ва унинг аҳолиси турклар деб ёзади. Шу даврдаги Мўғулистон Шарқий Туркистон, Еттисув ва Олтойни қамраб олган. ХИХ аср ўрталарида Туркистон ҳудуди (3 млн. кв. км дан ортиқ) ғарбда Урал тоғлари этаги ва Каспий денгизи, шарқда Олтой тоғлари ва Хитой, жанубда Эрон ва Афғонистон, шимолда Томск ва Тоболск губернялари билан чегарадош бўлган. Туркистон шартли равишда Ғарбий (Қозоғистоннинг жанубий қисми, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ҳудудлари), Шарқий (Шинжон-Уйғур мухтор раёни) ва Афғон Туркистони (Афғонистоннинг шимолий қисми)га бўлинган. Россия империяси босиб олган Ғарбий Туркистон ҳудудида 1867-йил Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил қилинган. 1886-йилдан расман Туркистон ўлкаси деб атала бошлаган. Октабр тўнтаришидан сўнг, 1918-йил апрелда Ғарбий Туркистон ҳудудида Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (ТуркАССР) тузилган. Шўро ҳокимияти ягона ва мустақил Туркистонни қайта тиклаш ғояси туғилишидан хавфсираб 1924—25-йилларда шошилинч сур’атда „Туркистон халқларининг миллий давлат чегараланиши“ деб аталмиш тадбирни ўтказган. Натижада, сиёсий аҳамият касб этган „Туркистон“ атамаси сунъий равишда истеъмолдан чиқарилиб, ўрнига расман „Ўрта Осиё“ географик термини жорий қилинган.

Яна қаранг

Манбалар

1. Бартолд В. В., История Туркестана, Сочинения, Т. 11(1), М., 1963; 2. Сагдуллаев А. С., Қадимги Ўзбекистон илк ёзма манбаларда, Т., 1996.