Turma
Жазони ижро этиш муассасаси

Турма (қамоқхона) — озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасасинннг бир тури. Ушбу муассасалар ижтимоий хавфи юқори бўлган маҳкумларни жамиятдан ажратиш ва уларни қат’ий тартибда сақлаш учун ташкил этилган.Шунингдек унда вояга етган махкумлар сақланади.
Турмалар жазони ижро этиш тизимида алоҳида ўрин тутади. Бу ерда нафақат турмага қамаш жазоси тайинланган шахслар, балки умумий ва қаттиқ тартибли колонияларда жазони ўташ тартибини мунтазам равишда ашаддий бузган маҳкумлар ҳам сақланади. Бундай шахслар одатда тартиб-интизомга риоя қилмайдиган, хавфли ва ижтимоий жиҳатдан мослашмаган бўлади:
1. Қат’ий тартиб-қоидалар: Турмаларда назорат даражаси юқори ва тартиб-қоидалар қаттиқ бўлади. Маҳкумларнинг ҳаракатлари чекланган бўлиб, улар кун тартибига қат’ий амал қилишлари керак.Масалан: Маҳкумлар кун давомида белгиланган вақтларда ётиб туради, овқатланади ва меҳнат ёки бошқа фаолиятларни амалга оширади.
2. Ашаддий жиноятчиларни сақлаш:Турмалар кўпинча хавф даражаси юқори бўлган шахслар учун мўлжалланган. Бу ерда қасддан оғир ва ўта оғир жиноят содир этган ёки жиноятни қайта-қайта содир қилган шахслар сақланади. Жамият учун хавфли деб топилган жиноятчилар турмаларга жойлаштирилиб, уларнинг яна жиноят содир этиш эҳтимоли бартараф этилади.
3. Тартибни бузган маҳкумларни қабул қилиш: Умумий ёки қаттиқ тартибли колонияларда жазони ўтаётиб, ўта ашаддий тартиб бузган шахслар ҳам турмага ўтказилади. Бу ҳолат жазони янада қат’ий шароитларда ўташни талаб қилади.Маҳкумлар тартиб-интизомни бузиш натижасида қат’ий шароитда ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни ҳис қилишади.
4. Психологик ва педагогик ишлар: Турмаларда тартиб қат’ий бўлишига қарамасдан, маҳкумларнинг тузалиши ва тарбияси учун педагогик ва психологик ишлар олиб борилади. Бу уларнинг жамиятга қайтиш имкониятини тиклашга қаратилган.
Маҳкумлар учун махсус реабилитация дастурлари ташкил этилиб, уларнинг хулқини ўзгартиришга ҳаракат қилинади.
Турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилиш, жазонинг муайян қисмига, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга:
а) ўта хавфли рецидивистларга;
б) оғир ёки ўта оғир жинояти учун беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин.[1]
Турмалар - умумий ва қаттиқ тартибли колониялардан жазони ўташ тартибини ашаддий бузганлик учун ўтказилган шахсларни сақлашга мўлжалланган. Турмаларда маҳкумлар умумий камераларда сақланади. Алоҳида ҳолларда маҳкумнинг батамом ажратиб қўйилишини таъминлаш мақсадида муассаса бошлиғининг прокурор томонидан тасдикланган қарори асосида уни 1 кишилик камерада сақлашга йўл қўйилади. Турмада маҳкумлар белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг 75 фоизигача бўлган суммага озиқ-овқат мақсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олишлари мумкин. Улар ҳар муддати 1 соатлик сайр қилиш ва йил мобайнида 2 марта қисқа муддатли ҳамда 1 марта узоқ муддатли учрашув, 2 марта телефон орқали сўзлашув, 2 та посилка ёки йўкдов, шунингдек, 2 та бандерол олиш ҳуқуқига эга. Турмаларда маҳкумларни енгиллаштирилган сақлаш шароитига муддатдан олдин ўтказишга йўл қўйилмайди, маҳкумни соғлиғига кўра тегишли тиббий хулоса асосида ўтказиш ҳоллари бундан мустасно. Ҳомиладор аёллар ва ёнида эмизикли боласи бор аёллар, шунингдек, 1 ва 2гуруҳ ногиронлари турмаларда жазони енгиллаштирилган сақлаш шароитида ўтайдилар.
Мирзаюсуф Рустамбоев.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |