Konstantin Ushinskiy
Константин Дмитриевич Ушинский (1823-йил 19-феврал (2-март), Тула – 1870-йил 22-декабр (3.01.1871), Одесса, Киевда дафн этилган) – рус классик педагоги, Россияда илмий педагогика ва халқ мактаби асосчиси. Москва университетининг юридик факултетини тугатган (1844). Россиядаги турли маориф шохобчаларида, журналларда ишлаган.
Ушинский педагогик системасининг негизи таълим ва ўқитиш тизимида демократлаштиришни талаб қилишдан иборат бўлган. У биринчи бўлиб, педагогика тарбиянинг илмий назарияси, деган фикрни илгари сурган ва буни исбот этган. Ушинский педагогика назариясининг асосини тарбиянинг халқчиллик ғояси – тарихий жараёнда меҳнаткаш халқнинг яратувчилик кучини эътироф этиш ташкил қилган. Ушинский педагогикани кенг маънода бир фан, тор маънода тарбия санъати деб ҳисоблаган. Ушинский тарбияни шахсни ақлий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний шакллантиришга қаратилган яхлит жараён деб билган ва бунда ахлоқий тарбия асосий ўринни эгаллаши лозим деб ҳисоблаган. Мактабда ўқувчилар меҳнатига таълим ва тарбиянинг муҳим омилларидан бири сифатида қараган. Ушинский нинг ахлоқ ва ахлоқий тарбия тўғрисидаги қарашларида халқчиллик ғоялари акс этган. Ушинский яхлит дидактик тизимни ишлаб чиққан. Унда таълим мазмунини танлаш ҳамда уни болаларнинг ёш хусусиятларига мослаштириш масалалари очиб берилган. Ушинский ўқитишнинг психофизик табиатини тадқиқ этди, диққат, қизиқиш, хотира, хаёл, ҳиссиёт, тафаккур каби психологик механизмларни таҳлил қилди. Ўзининг „Инсон тарбия предмети сифатида“ деган асарида психологияни тажриба маълумотларига асосланиб тузишга ҳаракат қилди. У болалар психологияси билан таълимтарбия психологиясини ишлаб чиққан. Мактабда она тили дарсига катта аҳамият берди. Унинг „Болалар дунёси ва хрестоматия“, (1861), „Она тили“ (1864) каби дарсликлари мазмунининг бойлиги, тили ва методикаси жиҳатдан ўз даврининг энг намунали ўқув китобларидир[1].
Манбалар
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Константин Ушинскийга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |