Вариометр (лотинча: варио — ўзгартираман ва ... метр) — 1) авиацияда — учиш баландлигининг ўзгариши тезлигини кўрсатадиган назорат-ўлчаш асбоби. Ичи берк корпус (ғилоф) ичида жойлашган манометрик қутидаги атм босими билан капилляр орқали атмосферага туташган шу корпусдаги босим орасида пайдо бўладиган фарқни ўлчашга асосланган. Учиш баландлиги ўзгарганда ҳавонинг капилляр орқали ўтиши тормозланганлиги оқибатида босимлар фарқи вужудга келади ва баландлик бир меъёрда турганда босимлар фарқи йўқолади; 2) радиотехникада — радиоприёмникнинг тебраниш контурини созлаш, яъни зарур тўлқинни қидириб топиш учун мўлжалланган ўзгарувчан индуктивлик ғалтаги. Ғалтак қўзғалмас ташқи сексия (статор) ва қўзғалувчи ички сексия (ротор)га бўлинади. Радиоприёмникни зарур тўлқинга созлаш учун роторни статор ичида буриш лозим бўларди. Ҳозир чулғамининг ичида магнитоди-электрик стержен (ўзак) ҳаракатланадиган индуктивлик ғалтаги қўлланади. Бунда зарур тўлқинни топиш учун ўзакни чулғам ичида суриш керак; 3) магнит В. ер магнит майдонининг вақт мобайнида ўзгаришларини ўлчаш учун мўлжалланган асбоб. В.да сезгир магнит миллар (стрелкалар), магнитга тўйинган ёки квант датчиклардан фойдаланилади (қаранг Магнитометр, Магнитограф); 4) тортишиш (тортиш) кучини ўлчашга мўлжалланган асбоб (қаранг Гравитацион вариометр).

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил