Вентилятор (лотинча: вентило — пуфлайман, эсаман, силкитаман) — ҳаво ёки газларни ҳайдовчи ёки сўрувчи қурилма. Одатда, В. ҳаво ёки газни 0,15 МПа гача босим билан ҳайдайди ёки сўради. Асосий иш элементи мотор ва парракли ғилдиракдан иборат. Бинолар ва шахталар ҳавосини тозалаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (дон, пахта, пичан) ни қувур орқали узатиш, донни тозалаш, саралаш ва қуритишда қўлланади. В. нинг ҳайдовчи, сўрувчи ва аралаш хиллари бўлади. Ишлаш тарзига кўра, ҳаво оқими ўқ бўйлаб йўналган ёки ўқавий В. ва марказдан қочма В. га бўлинади. Ўқавий В. силиндрик кожух 5, парракли ғилдирак, коллектор, кираётган ҳавони йўналтирувчи аппарат, чиқаётган ҳавони йўналтирувчи аппарат ва уюрма . Марказдан қочма В.да паррак айланганда ҳаво оқими коллектордан паррак каналларига киради ва марказдан қочма куч таъсирида спирал шаклидаги кожух З ичига ўтиб, чиқиш тешигига ҳайдалади. Ҳосил қиладиган босимига қараб, В. лар уч турга бўлинади: а) паст босимли (100 мм сув уст. дан паст) — донни саралаш ва тозалаш ҳамда комбайн В. лари; б) ўртача босимли (100 мм дан 300 мм гача сув уст.) — пичан учун мўлжалланган; в) юқори босимли (300 мм дан 1500 м гача сув уст.) — дон учун мўлжалланган. Хоналарни шамоллатиш учун мўлжалланган В. лар, кўпинча, юмшоқ парракли қилиб ишлаб чиқарилади. Қаерда ишлатишга мўлжалланганлигига қараб, В. лар саноат ва маиший хилларга бўлинади. Саноат В. лари саноат корхоналари, шахталар, метрополитен йўлаклари ва б. жойларда, маиший В. лар турар жой бинолари, жамоат бинолари, уй-жойлар, идоралар ва б. жойларда қўлланади. В. лар деворлар ичига, шипларга ўрнатилади; стол устига ва полга қўйиладиган В. лар ҳам бўлади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил