Вирунга — Шарқий Африкадаги ҳозирги замон вулканизми области, Киву кўлидан шим.га томон йўналган тектоник ботикда жойлашган. 8 та йирик ва кўплаб (400 дан ортиқ) майда ҳаракатдаги ва сўнган вулканлар гуруҳи. В. вулканик майдони базалт ва лейситли лавалардан тузилган бўлиб, 1800 м ва ундан ортиқ баландликда. Энг баланд жойи — Карисимби сўнган вулкани (4507 м); Ғарбдаги Нирагонго (3470 м) ва Нямлагира (3056 м) вулканлари фаол ҳаракатда. 2300—2500 м баландликкача доим яшил сернам экваториал ўрмонлар, бутазорлардан иборат; ундан юқориси лавали майдонлар. Вирунга миллий парки: фауна резервати бор. Фаунаси таркибида — тоғ гориллалари, шимпанзе, фил, қоплонлар, бегемот, шунингдек бошқа туёқли ҳайвонлар учрайди. Тоғ гориллалари қўриқхонаси бор.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил