Ливиядаги воҳа

Воҳа — саҳро ўртасидаги сувли, кўкаламзор жой. Чўл ва чалачўлларда обод қилинган ер[1].

Этимологияси

Ўзбек лексикографи Ш. Раҳматуллаев воҳа сўзининг келиб чиқиши ҳақида қуйидаги маълумотларни келтирган: „Воҳа арабча сўз бўлиб, бу сўз вảҳат(ун) шаклига эга от бўлиб, ўзбек тилига чўзиқ ả унлисини а унлисига, ҳойи ҳутти ундошини „ҳ“ ундошига алмаштириб, сўз охиридаги т товушини ташлаб қабул қилинган: вảҳат>вảҳа(воҳа); ‘саҳро оралиғидаги экин экиладиган обод ўлка ма’носини англатади“[2].

Табиати

Чўл ва чала чўлларда обод қилинган ерлар ҳисоблангани сабабли воҳаларда намгарчилик бошқа жойларга нисбатан кўп бўлади. Ер ости сувлари юза бўлиб, булоқлар чиқиб ётади, дарёлар вақт-вақти билан тошиб туради. Воҳалар кўпинча дарё, кўл, канал ва қудуқлардан сув билан таъминланади. Майдони бир неча ўн км2 дан бир неча ўн минг км2 гача бўлади. Шимолий Африка, Ғарбий Осиё ва Марказий Осиё чўлларида машҳур Воҳалар бор. Тошкент, Мурғоб, Хоразм, Бухоро воҳалари, Фарғона водийсидаги воҳалар ҳам анча катта. Одатда, воҳаларда аҳоли зич яшайди. Шунингдек, Антарктиданинг муздан холи бўлган жойлари ҳам воҳа деб аталади[3][4].

Воҳа тупроқлари

Суғорма деҳқончилик минтақаларидаги тупроқлар, кенг дарё водийлари, тоғлараро сойликлар ва тоғ этакларининг нишаб текисликларидаги воҳаларда тарқалган. Ўрта Осиё воҳа тупроқлари қадимдан деҳқончилик қилиб келинаётган ҳудудлардаги тупроқларнинг асосий қисмини ташкил этади. Суғорма деҳқончилик та’сирида воҳа тупроқлари  мутлақо янги белгиларга эга бўлиб боради. Суғориладиган ерларга бериладиган сув билан бирга озиқ моддаларга бой оқизиқлар келади. Амударё сувларидаги ўртача йиллик оқизиқлар миқдори Термиз шаҳри ёнида 206 миллион тонна, Нукус шаҳри ёнида эса 104 миллион тонна воҳа тупроқларини ташкил этади.

Оқизиқларнинг асосий қисми каналларда чўкиб қолади, шунинг учун суғориш шохобчаларини тез-тез тозалаб туриш зарурати туғилади. Зарафшон дарёси ҳавзасидаги далаларга суғориш суви билан бирга ҳар йили гектарига 10,8 — 17,8 тоннагача оқизиқ жинслар, жумладан, ўртача 2350 кг/га CаCО3 485 кг/га К2О ва 0,41 кг/га Р2О5 оқиб келади. Суғориладиган ерларга келиб тушадиган агроирригацион ётқизиқлар миқдори йилига 0,8—1,3 мм га ортади. Самарқанд, Бухоро, Мурғоб ва Хоразм сингари қадимий воҳалардаги бундай ётқизиқлар қалинлиги 1—2 м ва ундан ортиқ бо’лади.

Морфологик тузилиши, агрокимёвий, агрофизик, биологик хусусиятлари ва мелиоратив ҳолатига кўра Ўрта Осиёнинг суғорма деҳқончилик минтақаларидаги воҳа тупроқлари турли типларга, я’ни чўл минтақасининг ўтлоқи-воҳа, ботқоқи-воҳа ва тақирли-воҳа тупроқларига, сур тупроқлари минтақасининг ўтлоқи-воҳа, ботқоқи-воҳа ва сур тупроқли-воҳа тупроқлари типига мансуб. Агроирригацион ётқизиқлар қалинлигига кўра: юпқа (35— 50 см), ўртача (70—80 см) ва жуда қалин (1 м дан кўп) бўлган тупроқларга ажратилади. Воҳа тупроқларининг пайдо бўлиш жараёни ўзига хос зонал белгиларга эга. Бу жараённи икки асосий босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқичда воҳа тупроқларининг табиий белгилари (қўриқлик) сақланиб қолади. Масалан, ҳайдаш ва суғориш та’сирида туси, қалинлиги, структураси, чимли ва чим ости қатламларининг жойланиши турлича бўлган сур тупроқлардан зичлиги, механик таркиби деярли бир хил, кулрангроқ ҳайдалма ва янада зичроқ ҳайдов ости қатламлар шаклланади.

Ўзбекистон воҳа тупроқлари

Ўзбекистоннинг релефи жуда хилма-хил. Чунончи, жанубий ва шарқий томонлари тоғ тизмалари билан ўралган, шимоли-ғарбий томонлари паст текисликлар, Қизилқум саҳроси, Устюрт ва Орол денгизи билан туташиб кетган. Текисликлар асосан Амударё, Зарафшон ва Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимларига жойлашган бўлиб, республика майдонининг 70-75%ини ташкил этади. Бу текисликларда Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро ва Хоразм воҳалари билан бир қаторда Қизилқум, Малик, Қарши ва Камоб чўллари ҳам жойлашган[5].

Воҳа ҳашаротлари

Воҳаларда ҳашоратлар кўп бўлади. Шулардан бири воҳа чигирткаси. Воҳа чигирткасидан бири италия чигирткаси (Cаллиптамус италиcус) — чигирткалар оиласига мансуб зараркунанда ҳашарот. Эркаги танасининг узунлиги 14,5—24 мм, урғочисиники 24—41 мм. Бақувват танаси тўқ қўнғирдан оч кулранг ёки сарғиш кулранггача. Тухумли кўзачасининг катталиги 14—41 мм бўлиб, кўпинча уватларга, дала, йўл четлари, партав ерлардаги чимга қўяди. Европа, Шимолий Африка, Хитой, Кавказ, Ғарбий Сибир, Жанубий Олтой ўлкаси, Қозоғистон ва Ўрта Осиёда тарқалган. Воҳа чигирткаси шувоқбошоқли ўсимликлар ўсадиган чўлларга хос. Жуда кўпайиб кетган йиллари ғўза, дуккакли, полиз, бошоқли ва бошқа экинларга зарар келтиради[6].

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар

  1. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Давлат илмий нашриёти, 2006 — 470-бет. 
  2. ↑ Ш. Раҳматуллаев. Ўзбек тилининг этимологик луғати. Университет, 2003 — 98-бет. 
  3. ↑ Энсиклопедик луғат. Ўзбек совет энсиклопедияси бош редаксияси, 1988 — 167-бет. 
  4. ↑ Ўзбекистон Миллий Энсиклопедияси (биринчи жилд), Тошкент, 2000. 
  5. ↑ С. А. Азимбоев. Деҳқончилик, тупроқшунослик ва агрокимё асослари. ИҚТИСОД-МОЛИЙА, 2006 — 20-бет. 
  6. ↑ Ўзбекистон Миллий Энсиклопедияси. Давлат илмий нашриёти, 2006 — 250-251-бет.