Voha tuproqlari
Воҳа тупроқлари — суғорма деҳқончилик минтақаларидаги тупроқлар. Кенг дарё водийлари, тоғлараро сойликлар ва тоғ этакларининг нишаб текисликларидаги воҳаларда тарқалган. Ўрта Осиё В. т. қадимдан деҳқончилик қилиб келинаётган ҳудудлардаги тупроқларнинг асосий қисмини ташкил этади.
Суғорма деҳқончилик таъсирида В. т. мутлақо янги белгиларга эга бўлиб боради. Суғориладиган ерларга бериладиган сув билан бирга озиқ моддаларга бой оқизиқлар келади. Амударё сувларидаги ўртача йиллик оқизиқлар миқдори Термиз ш. ёнида 206 млн. т, Нукус ш. ёнида эса 104 млн. т ни ташкил этади. Оқизиқларнинг асосий қисми каналларда чўкиб қолади, шунинг учун суғориш шохобчаларини тез-тез тозалаб туриш зарурати туғилади. Зарафшон дарёси ҳавзасидаги далаларга суғориш суви билан бирга ҳар йили гектарига 10,8 — 17,8 т гача оқизиқ жинслар, жумладан, ўртача 2350 кг/га СаСО3 485 кг/га К2О ва 0,41 кг/гача Р2О5 оқиб келади. Суғориладиган ерларга келиб тушадиган агроирригацион ётқизиқлар миқдори йилига 0,8—1,3 мм га ортади. Самарқанд, Бухоро, Мурғоб ва Хоразм сингари қад. воҳалардаги бундай ётқизиқлар қалинлиги 1—2 м ва ундан ортиқ.
Морфологик тузилиши, агрокимёвий, агрофизик, биологик хусусиятлари ва мелиоратив ҳолатига кўра Ўрта Осиёнинг суғорма деҳқончилик минтақаларидаги В. т. турли типларга, яъни чўл минтақасининг ўтлоқи-воҳа, ботқоқивоҳа ва тақирли-воҳа тупроқларига, сур тупроқлари минтақасининг ўтлоқивоҳа, ботқоқи-воҳа ва сур тупроқли-воҳа тупроқлари типига мансуб. Агроирригацион ётқизиқлар қалинлигига кўра: юпқа (35— 50 см), ўртача (70—80 см) ва жуда қалин (1 м дан кўп) бўлган тупроқларга ажратилади.
В. т.нинг пайдо бўлиш жараёни ўзига хос зонал белгиларга эга. Бу жараённи икки асосий босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқичда В. т.нинг табиий белгилари (қўриқлик) сақланиб қолади. Масалан, ҳайдаш ва суғориш таъсирида туси, қалинлиги, структураси, чимли ва чим ости қатламларининг жойланиши турлича бўлган сур тупроқлардан зичлиги, механик таркиби деярли бир хил, кулрангроқ ҳайдалма ва янада зичроқ ҳайдов ости қатламлар шаклланади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Баҳодиров М., Тупроқшунослик, Т., 1971; Эрматов А. Қ., Суғориладиган деҳқончилик, Т., 1983.
Абдураҳим Эрматов.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |