Волтер (Волтаире) (тахаллуси), (асл номи) Мари Франсуа Аруэ (Мариэ Франçоис Ароуэт) (1694-йил 21-ноябр, Париж - Париж - 1778-йил 30-май, Париж) - франсуз’ ёзувчиси, файласуф, тарихчи. Франсия ФА (1746), Россия ФА фахрий (1746) аъзоси. Эркин фикрлиликда айбланиб қамалган (1717, 1725). Биринчи фожиа асари "Эдип" қамоқда ёзилган; саҳналаштирилган (1718). 1726 йда Англияга сургун қилинган. Умрининг кўп қисми муҳожирликда кечган (1726— 78). Дидро бошчилигидаги "Энсиклопедия"ни нашр этишда фаол иштирок этган (1751-78).

Волтер

В. ўз эстетик қарашлари ва драматик асарларида классицизм анъанаси йўлидан борган, черков мутаассиблигига қарши курашган ("Заира", 1732; "Алзира", 1736). Франсуз ижтимоий ва давлат тузумини ўзгартириш ғоясини илгари сурган. У ҳокимиятни озодлик, тенглик ва биродарлик қонунларига қатъий амал қилувчи одил гюдшоҳ бошқаришини орзу қилган. Унингча, конституцияли монархия энг оқилона давлат тузумидир.

В. фалсафада деист (қаранг Деизм) Ж. Локк, И. Нютоннинг назариялари тарафдори. У моддий дунё мавжудлигини, жамият тараққиётини тан олса-да, "уни ҳаракатга келтирувчи куч" — Худо, деб билган ("Фалсафий мактублар", 1733; "Метафизика тўғрисидаги рисола", 1734; "Нютон фалсафасининг асослари", 1738 ва б.).

В. лирикаси Эпикур фалсафаси руҳида ("Лисабон ҳалокати ҳақида достон", 1756 ва б.). Достонларида тескаричи гуруҳлар, абсолютизм тизими танқид қилинган ("Генриада", 1728; "Орлеан қизи", 1735 ва б.). Фалсафий қиссалари ("Задиг", 1748; "Кандид", 1759; "Соддадил", 1767 в б.)да ҳамма нарса яхши дея даъво қилувчи мутлақ ишончни ҳам, ҳамма нарса ёмон дегувчи мутлақ тушкунликни ҳам рад этади, қирол саройи, суд маъмурияти ва ҳарбий амалдорларни фош қилади. Достонларида Шарқ мавзуидан кенг фойдаланди. В. Амир Темур ва Улуғбек даври тарихини яхши билган. Улуғбекнинг "Зижи Кўрагоний", Д. Ербелонинг "Шарқ кутубхонаси" қомуси, Клавихонинг "1403 — 1406 йилларда Самарқанддаги Темур саройига саёҳат кундалиги" (1582) каби асарлар билан танишган. Тарихий мавзудаги "Миллатларнинг ҳолатлари ва одатлари ҳақида" (1753—58) китобида ер юзидаги қатор давлатлар, монарх ҳукмдорлар ҳақида маълумот беради. Асарнинг 3-жидди Амир Темур ва темурийлар хукмдорлигига бағишланган. Бунда Амир Темурнинг ўз давлатини кенгайтириш йўлида олиб борган юришлари, турк султони Боязид билан қилган жанги, Ўрта Осиёда юритган сиёсати, Самарқанднинг пойтахт бўлгани хусусида ҳикоя қилади. В. Улуғбек ҳақида, унинг подшолиги, Самарқандда илму маърифатни тараққий эттириб, фан ривожига катта ҳисса қўшганини ҳурмат билан таъкидлаб "Улуғбекнинг буюклиги, унинг қилган ишлари билан белгиланади. У Самарқандда биринчи Фанлар академиясини яратди, ер куррасини ўрганди, коинот ва юлдузларни кашф этиб машҳур жадвал тузди...", деб ёзади. В. ижоди франсуз инқилобини (1783—94) ғоявий тайёрлашда, умуман жаҳон ижтимоийфалсафий тафаккурида муҳим ўрин тутади. Асарлари жаҳон халқлари тилларига, хусусан ўзбек тилига ("Загид ёки такдир", 1995) таржима қилинган.

Манбалар


Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар