Муҳаммад ибн Исо ал-Термизий (арабча: محمد بن عيسى الترمذي‎‎), Термизий Абу Исо, Имом Термизий (тўлиқ исми: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Захдок Сулламий Буғий Термизий; 824-йил, Термиз – 892-йил, Буғ қишлоғи, ҳозирги Шеробод тумани) – буюк муҳаддис.

Ҳадис

Исм

Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Захдок Сулламий Буғий Термизий

Таваллуди

1-январ 824-йил, Термиз

Вафоти

1-январ 892-йил(892-01-01)
(68 ёшда), Шеробод

Фалсафа мактаби


Исми ва насл-насаби

Сулламий деб нисбат берилишига сабаб боболаридан бири суллам деган араб қабиласига дўст тутинган, Буғий дейилишига сабаб ўша вақтдаги Бут номли қишлоқда вафот этиб, шу ерга дафн қилинган. Умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учун ад-Дарир тахаллуси билан ҳам аталган.

Ҳаёти

Термизийнинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтган, дастлабки маълумотни ҳам шу ерда олган. Болалигидан ўта зийраклиги, хотирасининг кучлилиги, ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан ўрганган, бу борадаги билимларини янада ошириш учун кўпгина шарқ мамлакатларига борган. Узоқ йиллар Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Узоқ давом этган сафарлари чоғида қироат илми, баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшликдан қизиққан ҳадис илми бўйича ўша даврнинг йирик олимларндан таълим олади. Машҳур муҳаддислардан Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Қутайба ибн Сайд, Ишоқ ибн Мусо, Махмуд ибн Ғайлон ва бошқа унинг устозлари эди.

Термизий Имом Бухорий билан учрашганида (бу учрашув Нишопурда бўлган ва икки аллома 5 йил биргаликда яшашган) ҳадиснинг матнинигина эмас, унинг ҳикмати ва фалсафасини тушуниб етганини эътироф этади. Ўз навбатида Имом Бухорий ўз шогирдини мақтаб, камтаринлик билан деган:

„Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим“

.

Бу Термизийга берилган жуда катта баҳо эди.

Термизий йўлда, сафарда бўлганда ҳам, ёки бир жойда муқим турганда ҳам устозларидан, учратган ровийлардан эшитган ҳадисларни ёзиб олар, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борарди. 868-йил хориж сафаридан ўз юртига қайтган Термизий илмий-ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди ва йирик муҳаддис олим, имом сифатида шуҳрат қозонди. Тақводорлик, ислом дини ва ўз обрўсига гард юқтирмасликка интилиш, дунё мол-матоси ва бойликка бепарво қараш, охиратнинг ғамини ейиш Термизийнинг ҳаёти тарзи эди. Термизийнинг шогирдлари унинг ишларини давом эттирди. Улар ичида Макҳул ибн ал-Фадл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Ҳамод ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад Насафий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Асарлари

Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. „Ал-жомеъ ас-саҳиҳ“ („Ишонарли тўплам“), „Аш-Шамоил ан-Набавия“ ёки „Аш-Шамоил аннабий саллолоҳу алайҳи ва саллам“ („Пайғамбар алайҳиссаломнинг шакл ва сифатлари“), „Ал-Илал фил ҳадис“ („Ҳадислардаги иллатлар“), „Рисола фил хилоф вал жадал“ („Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола“), „ат-Таърих“ („Тарих“), „Китоб уз-зуҳд“ („Зоҳидлик китоби“), „Китоб уласмо валкуно“ („Исмлар ва кунялар китоби“) ва бошқа Термизийнинг асарлари ичвда энг машҳури, шубҳасиз, „Ал-жомеъ ас-саҳиҳ“ бўлиб, 6 та ишончли ҳадислар тўпламидан биридир.

Саҳиҳи Термизий

Саҳиҳи Термизий асари илмий манбаларда „Жомеъ ат-Термизий“, „Сунани Термизий“ номи билан ҳам аталади.

Аш-Шамоил ан-набавия

Термизийнинг муҳим асарларидан яна бири „Аш-Шамоил ан-набавия“ Муҳаммад (алайҳисаллом)нинг шахсий ҳаёти, у зотнинг суврат ва сийрати, ажойиб фазилатлари, одатларига оид 408 ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир. Бу китоб азалдан исломшунос олимлар, тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига тортиб келади. Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Унинг тили равон, услуби ғоятда оддий. Асар форс ва турк тилларига таржима қилинган. „Аш-Шамоил ан набавия“нинг 1-қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар пайғамбарнинг суврат (ташқи қиёфаси)ига, 2-қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар эса ички дунёси-ю, ахлоқий фазилатларини баён қилишга, яъни сийратга бағишланган. Китобнинг ХВИ асрга оид бир қўлёзмаси Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланади. „Аш-Шамоил ан-набавия“ ўзбек тилига ўгирилиб сўнгги йилларда Тошкентда бир неча бор нашр этилди. 1990-йил Термизий таваллудининг 1200-йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Мустақиллик йилларида Термизийнинг ёдгорлик мажмуаси 2016–2017-йиллари қайтадан таъмирланиб, қутлуғ зиёратгоҳга айлантирилди[1].

Нашр қилиган асарлари

  • Сунани Термизий, 1ж., Т., 1999;
  • Шамоили Муҳаммадия, Т., 1991;
  • Саҳиҳи Термизий, Т., 1993.

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Термизий Абу Исо“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Т-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Адабиётлар

  • Буюк муҳаддислар (Имом ал-Бухорий, Имом Муслим, Имом атТермизий), Т., 1998;
  • Буюк алломаларимиз, Т., 2002;
  • Уватов У., Донолардан сабоклар, Т., 1994.

Ҳаволалар