Xorazm Xalq Sovet Respublikasi
Хоразм Халқ Совет Республикаси, Хоразм ХСР, ХХСР (русча: Хорезмская Народная Советская Республика) — Хива Хонлиги ҳудудида хонлик тузуми ағдариб ташлангач юзага келган халқ республикаси. Майдони 62&нбсп200 км², аҳолиси 550 минг киши (1920). Миллий таркиби, асосан, ўзбеклар (65%), қисман туркманлар (26,8%), қорақалпоқлар (3,8%), қозоқлар (3,4%) ва бошқалардан иборат. Хоразм ХСР маъмурий жиҳатдан 4 та вилоят (Ҳазорасп, Янги Урганч, Тошҳовуз, Хўжайли) ва 26 та туманга бўлинган (1923). Хоразм ХСР ҳудуди Бухоро Халқ Совет Республикаси, Туркистон АССР, Қозоғистон АССР билан чегараланган. Пойтахти Хива шаҳри бўлган.
| 1920–1925 | |||||||||||||
| Тарихий эра | ХХ аср | ||||||||||||
|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|---|
| |||||||||||||
| Ҳозирда ҳудудида қуйидагилар мавжуд |
| ||||||||||||
Хоразм ХСР 1920-йил 26-апрелда тузилган. 1923-йил 20-октабрда Хоразм ХСР номи Хоразм Социалистик Совет Республикаси (Хоразм ССР) (русча: Хорезмская Социалистическая Советская Республика) деб ўзгартирилган.[1] Ўрта Осиё республикаларини миллий-ҳудудий чегараларини белгилаш жараёни ортидан Хоразм ССР ҳудуди янги тузилган Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР ҳамда Қозоғистон АССР таркибига киритилган.
Тавсифи
Хоразм Халқ Совет Республикаси шимол ва жанубда Туркистон Мухтор Совет Социалистик Республикаси, шарқда Бухоро Халқ Совет Республикаси билан чегарадош эди. Унинг ғарбий чегараси Орол денгизининг ғарбий соҳилигача давом этиб, ўша пайтдаги Қирғизистон АССР (ҳозирги Ғарбий Қозоғистон) билан чегарадош эди. Майдони 62200 км² (24 000 кв ми) бўлиб, 600 000 дан ортиқ аҳоли[2], асосан ўзбеклар (62,5%), туркманлар (28,6%), қозоқлар (3,5%) ва қорақалпоқлар (3,0%) истиқомат қилган. Пойтахти Хива шаҳри эди.
Тарихи
Хива Хонлигининг тугатилиши
Хивада хонлик тузуми ағдариб ташланган кун — 1920-йил 2-февралда Ёш хиваликлар партияси аъзоларидан иборат, (5 киши кирган) Муваққат инқилобий қўмита — ревком (раиси Мулла Жуманиёз Султонмуродов) тузилган. Бу қўмита 2 ой давомида ҳам қонун чиқарувчи, ҳам ижро қилувчи ҳокимият вазифасини бажарган. 9-апрелда мазкур қўмита ишини яхшилаш мақсадида унинг таркибида 10 кишидан иборат дастлабки халқ ҳукумати — Нозирлар Шўроси ташкил қилинди. Ҳукумат таркибига Жуманиёз Султонмуродов (Муваққат инқилобий ҳукумат раиси; хорижия — ташқи ишлар нозири), Одамохун Ортиқов (ҳукумат раиси ёрдамчиси), Мулла Наврўз Рўзибоев (ҳукумат котиби), Мулла Ўроз Хўжамуҳамедов (ҳукумат котиби ёрдамчиси), Матлапобой Мадраҳимов (молия нозири), Шайхутдин Ҳасанов (ҳарбий ишлар нозири), Полвонниёз Ҳожи (Полёзҳожи) Юсупов (олий муфаттиш — давлат назорати нозири), Эшчонқори Жабборқулов (халқ хўжалиги нозири), Мулла Бекжон Раҳмонов (маориф нозири), Бобоохун Салимов (адлия нозири) киришди. Асосан, ёш хиваликлардан иборат бўлган ҳукумат аъзолари Хоразмда ағдариб ташланган хонлик ҳукумати ўрнига демократик республика қуриш учун интилдилар.
Хоразм ХСРнинг тузилиши
1920-йил 26-30-апрелда Бутун Хоразм халқ вакилларининг 1 қурултойида Хоразм Халқ Совет Республикаси — Хоразм ХСР тузилганлиги тантанали равишда эълон қилинган. Қурултойда 15 кишидан иборат Хоразм ХСР ҳукумати — Халқ Нозирлар Шўроси (раиси Полвонниёз ҳожи Юсупов) тузилди.
Хоразм ХСРнинг ёш ҳукумати Бухоро ХСР, Туркистон АССР, Россия СФСР давлатларидан ташқари Финландия, Швеция, Германия, Туркия, Афғонистон, Эрон каби хорижий давлатлар билан ҳам мустақил равишда савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқаларни олиб боришга ҳаракат қилди. Масалан, 1921-йил 24-ноябрда Афғонистонга қозикалон Бобоохун Салимов бошчилигида махсус элчилик ҳайъати жўнатилган. Хусусан, Финландия билан савдо-сотиқ алоқалари самарали бўлган.
1920-йил 13-сентабрда Москвада Россия СФСР билан Хоразм ХСР ўртасида 24 моддадан иборат Иттифоқ шартномаси ва 15 моддадан иборат иқтисодий битим тузилган. Иттифоқ шартномасига биноан, совет Россияси Хоразм ХСР мустақиллиги ва дахлсизлигини расмий суръатда тан олган. Иттифоқ шартномасининг 17-моддаси асосида алоҳида ҳарбий-сиёсий битим ҳам тузилган. Унда Хоразм қизил армияси Россия СФСР ҳомийлиги остида тузилиши таъкидланган.
Бироқ шартнома ва битимларда кўрсатилган асосий моддаларни, хусусан, Хоразм СРнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги ҳуқуқини совет Россияси тан олмай, доимий равишда ёш республиканинг ички ишларига қўпол равишда аралашиб турди, Хоразмда катта миқдордаги қизил аскарларни сақлаб, бу ҳарбий кучлар орқали мамлакатни ўзи бошқаришга интилди. 1921-йил 6-мартда Хоразмда қизил аскарлар уюштирган ҳарбий давлат тўнтаришидан кейин Полвонниёз ҳожи Юсупов ҳукумати ҳам ағдариб ташланди. Ҳукуматнинг собиқ раиси яширинишга улгурди. Бироқ орадан кўп ўтмай у қамоққа олинди. Болшевиклар кўплаб нозирларни отиб ташлашди. Тирик қолган айрим нозирлар Жунайдхон сафига бориб қўшилган. Ёш хиваликлар партиясининг фаолияти тақиқланган. 1921-йилнинг декабрида Хоразм Коммунистик партияси ташкилий жиҳатдан расмийлаштирилган.
Хоразм Совет Социалистик Республикаси

1923-йил 17–20-октабрда бўлган Бутун Хоразм халқ вакилларининг 4-қурултойи Хоразм ХСРни Хоразм Совет Социалистик Республикаси (Хоразм ССР)га айлантириш тўғрисида қарор қабул қилди. 20-октабрда Хоразм ССРнинг 5 бўлим ва 12 бобдан иборат янги Конституцияси қабул қилинди. Бу Конституция мамлакатнинг социалистик қурилиш йўлига ўтишини қонун йўли билан мустаҳкамлади. Унга мувофиқ, ернинг хусусий мулк эканлиги бекор қилинди, вақф ерлари бутунлай тугатилди. Мавжуд ерлар умумхалқ мулки деб эълон қилиниб, барча вақф мулклари маориф нозирлиги ихтиёрига берилди. Қозихоналар фаолияти тақиқланиб, совет судлари ташкил қилинди. Шу тарзда 1923-йил октабр ойидан бошлаб Хоразм Республикасидаги демократик ўзгаришларга чек қўйилди. Олий орган ҳар йили бир марта чақириладиган қурултой бўлиб, у мамлакатни бошқарувчи Халқ Нозирлар Советини сайлаган. Маҳаллий ҳокимият органлари раён совети — туман шўролари бўлиб, ушбу органларнинг сони 22 та бўлган. Янги қабул қилинган Коституцияга мувофиқ 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро қурултой ва маҳаллий шўро органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлиб, фақат аксилинқилобчилар, хоинлар, хон ва унинг оиласи, катта ер эгалари, йирик руҳонийлар, жиннилар, умуман конституцияга қарши чиқувчилар сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилган[3].
Маҳаллий шўроларнинг 14 таси ўзбеклар яшайдиган туманларга, 5 таси туркманлар яшайдиган туманларга ва 3 таси қозоқлар ва қорақалпоқлар яшайдиган туманларга тўғри келар эди[4].
Хоразмни советлаштириш жараёни ўзининг юқори босқичига кўтарилди. Ҳукуматнинг кескин янги сиёсатидан норози бўлган барча кишилар бундай вазиятда истиқлолчилар сафини тўлдирдилар. Туркистонда совет режимига қарши қуролли ҳаракат Хоразм воҳасига ҳам кенг тарқалган эди. Хоразм ССРнинг марказий ва жанубий қисмларида кўплаб сардор ва қўрбошиларнинг ҳаракатлари янада авж олди.
Деҳқонлар юриши ва Хива қамали
1923-йил декабрда Питнак, Ҳазорасп, Боғот, Хонқа туманларида янги совет ҳукуматига қарши деҳқонларнинг оммавий қўзғолонлари бошланиб кетди. Қўзғолончилар жойлардаги совет ташкилотларини тугатиб, мамлакат пойтахти Хива шаҳри устига юриш бошладилар. Қорақумда турган Жунайдхон қўшинлари ҳам ғарб томондан, бир вақтнинг ўзида шаҳарга қараб ҳаракат бошлади. 1924-йил 10-январдан бошлаб Жунайдхоннинг 15 минг кишилик отлиқ ва пиёдалардан иборат қўшини Хивани қамал қилишга киришган. 16-январда Хоразм ССРда ҳарбий ҳолат жорий қилинди. Қизил армия қўмондонлиги зудлик билан Хоразмга катта миқдордаги ҳарбий кучларни жўнатгач, 1924-йил феврал ойининг бошларида халқ қўзғолони бостирилди ва болшевиклар давлатнинг янги жазолаш (қатағон) органларини ташкил қилишди. 1924-йил 20-февралда совет прокуратураси тузилди. Шунингдек, Хоразмдаги вилоятларда 5 та совет халқ судлари ҳам ташкил қилинди. Бу даврда ҳарбий трибунал ва Давлат сиёсий бошқармаси (ГПУ) фаолияти янада кучайтирилди. Бу жазолаш органлари коммунистик мафкурани тан олмаган ҳар қандай кишиларни қатағон қилишни авж олдирди.
Хоразм ССРнинг тугатилиши
Бутун Хоразм халқ вакилларининг 5-қурултойи (1924-йил 29-октабр–2-ноябр) Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш муносабати билан Хоразм ССР тугатилишини эълон қилди. Хоразм ССРнинг ўзбеклар яшайдиган 23 та тумани янгидан ташкил қилинган Ўзбекистон ССР таркибига Хоразм вилояти қилиб киритилди. Хоразм ССРнинг қолган ҳудудлари Туркманистон ССР ва Қорақалпоқ мухтор вилояти (Қозоғистон АССР таркибида)га қўшилди. 1924-йил 23-ноябрда Хоразм ССР МИК ва 30-ноябрда Халқ Нозирлар Шўроси ўз фаолиятини тўхтатди.
Бошқарув тизими
Хоразм ХСР давлат бошқаруви жиҳатидан халқ демократик республикаси ҳисобланган. Хоразм ХСР Конституциясига мувофиқ, давлат ҳокимиятининг олий бошқарув органи, Бутун Хоразм халқ вакиллари қурултойи, қурултойлар ўртасида — Хоразм ХСР Марказий Ижроия Қўмитаси ҳисобланган. Ижро қилувчи олий орган (ҳукумат) — Хоразм Халқ Нозирлар Шўроси саналган. Бироқ, асосий ҳокимият Хоразм ХСРда турган совет Россияси ва СССРнинг турли фавқулодда органлари қўлида бўлган.
Афсуски, Хоразмда ҳокимиятнинг янги органлари фаолияти узоққа чўзилмади. 1921-йил сентабр ойида бўлган Хоразм ХСР МИК мажлисида „Ўз вазифасини бажара олмаган ва ишни чалкаштирган“ деган сохта айблар билан М. Оллоберганов ўз лавозимидан олиб ташланди ва ўлимга ҳукм қилинди. Умуман олганда, Хоразм ХСР мавжуд бўлган қарийб 5 йил давомида болшевиклар томонидан Хоразм ХСР МИК раислари ва ҳукумат бошлиқларининг ҳар бири 10-мартадан ўзгартирилди. Хоразмда ўтказилган бундай давлат тўнтаришлари оқибатида кўплаб сиёсатчилар қатағон қилинди.
Инқилобий Қўмита раиси
- Полвонниёз ҳожи Юсупов (1920-йил 2-феврал–1920-йил март)
Вақтинчалик ҳукумат раиси
- Жуманиёз Султон Мурод ўғли (1920-йил март–1920-йил 30-апрел)
Халқ Вакиллари Ассамблеяси Президиуми раиси
- Полвонниёз ҳожи Юсупов (1920-йил 30-апрел–1921-йил 6-март)
- Қўчқор ўғли (1921-йил 6-март–1921-йил 15-май) (Вақтинчалик Инқилобий Қўмита раиси)
- Худойберган Девон ўғли (1921-йил 15-май–1921-йил 23-май)
Марказий Ижроия Қўмитаси президиуми раиси
- Мулла Нозир (1921-йил 23-май–1921-йил июн)
- Аллаберган (1921-йил июн–1921-йил сентабр)
- Ата Мақсум Мадраҳим ўғли (1921-йил сентабр–1921-йил 27-ноябр)
- Янгибой Мурод ўғли (1921-йил 27-ноябр–1922-йил 23-июн)
- Абдулла Абдураҳмон Хўжа ўғли (1922-йил 23-июн–1923-йил 20-октабр)
- К. Сафар ўғли (1923-йил 20-октабр–1924)
- Султонкарим Жуманиёз (1924)
- Темурхўжа Ямин ўғли (1924–1925-йил 17-феврал)
Иқтисоди
1920–21-йилларда Хоразм ХСРда аграр соҳада дастлабки ўзгаришлар амалга оширилиб, 10 минг десятина ер деҳқонларга бўлиб берилди. Бундан ташқари, уларга уруғ, деҳқончилик асбоблари ҳамда ссуда (қарз) ажратилди. Деҳқонларга кредит ҳисобидан 5 минг чорва мол сотилди. Эски суғориш иншоотларини қайта тиклаш билан бирга янгилари ҳам қурилди. Масалан, 1922-йил охиригача Хоразм деҳқонлари Ҳазораспдан Хўжайлигача бўлган ҳудудда 12 та дамба қурдилар. 1922-йилда чоракор ва камбағалларга ер бўлиб бериш учун давлат ер фонди тузишга ҳамда деҳқонларга узоқ муддатли ва қайтариб олинмайдиган ссудалар бериш учун давлат деҳқонлар банкини таъсис этишга қарор қилинди. Банкка 3 миллиард сўм маблағ ажратилган. Хуллас, 1921–22-йилларда 400 минг танобдан ортиқроқ ер камбағал деҳқонларга берилди.

Хоразм ХСРда иқтисодий сиёсат ва хўжалик соҳасидаги ислоҳотлар зиддиятли тарзда кечди. Хоразм Республикасидаги солиқ сиёсатида совет Россиясининг таъсири кучлироқ бўлгани учун синфий ёндашув яққол намоён бўлди. Солиқнинг оғир юки савдогарлар, судхўрлар ва йирик ер эгалари зиммасига тўғри келди. 1922-йил декабрда қишлоқ хўжалигида ягона солиқ тизими жорий қилинди. Солиқ тўлашни тўғри йўлга қўйиш мақсадида давлат банки ва солиқ палатаси ташкил қилинди. 1923-йил июнда ҳунармандчилик ва саноат соҳасидаги солиқлар ҳам бир тизимга солиниб, давлат саноат солиғи жорий қилинди. Янги иқтисодий сиёсат (НЕП)нинг эълон қилиниши билан Хоразм ХСРда карвонсаройлар, корхоналар, кўллар ва тўқайлар ижарага берила бошланди. Телефон симлари тортилиб, дарё кемачилиги тиклашга киришилган. Бир қанча йирик кўприклар қурилди. Пахта майдонларининг ҳудуди 1921-йилдаги 10 минг танобдан 1924-йилда 85 минг танобга, ҳосилдорлик 100 минг пуддан 800 минг пудга кўтарилди. Умумий экин майдонлари 1913-йилдаги даражанинг 62 % ни, ҳосилдорлик 70–75 % ни ташкил қилди. 1924-йилга келиб, 6 та пахта тозалаш заводи, 10 та ғишт заводи, ёғ заводи, босмахона, электрстансия тикланди, қоғоз ва шиша заводлари қурилди. Саноатда давлат сектори устувор мавқени эгаллади.
Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши (Средаз ЭКОСО)нинг тазйиқи натижасида 1923-йил ёзида Хоразмдаги миллий валюта Россия СФСР рублига (10 Хоразм сўмига 1 Россия СФСР рубли нисбатида) алмаштирилган эди. 1924-йилдан бошлаб Хоразм Республикаси ҳам худди Бухоро ХСР сингари СССРнинг ягона банк ва молия тизимига тўлиқ тортилди. Шу аснода Хоразм ССР армиядан кейин давлат мустақиллигини муҳим тимсоли бўлган миллий валютадан ҳам маҳрум қилинди.
Маданияти
Хоразм ХСР ҳукумати маданий-маърифий ва соғлиқни сақлаш ишларига катта эътибор қаратди. 1920-йил баҳорида республикада янги типдаги мактаблар ташкил қилина бошланди. 1921-йил сентабрда Хивада очилган халқ дорилфунуни республика маданий ҳаётида катта воқеа бўлди.
Аҳоли ва тили
Хоразм ССРнинг расмий тиллари ўзбек ва рус тиллари эди. Хоразм ССР ҳам Хоразм ХСР каби дунёвий давлат бўлган, лекин аҳолининг кўпчилиги мусулмонлар, асосан сунний мусулмонлар эди. Шунингдек, аҳолининг бир қисми христианликни (асосан православликни) қабул қилган. Республикада 800 мингга яқин аҳоли истиқомат қилган. Аҳолининг асосий қисмини Дашти-Қипчоқ ўзбеклари ташкил этган, қорақалпоқлар, туркманлар ва қозоқларнинг ҳам катта қисми яшаган. У ерда руслар, эронликлар ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшаган.
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ "Хоразм Халқ Совет Республикаси" (ўзбекча). Энсиклопедик луғат. 2. Тошкент: Ўзбек совет энсиклопедияси. 1988. п. 369. 5-89890-018-7.
- ↑ „Хорезмская Народная Советская Республика“. Большая Советская энциклопедия. Қаралди: 31-октабр 2023-йил.
- ↑ Ражабов, Қ. Бухоро ва Хоразм Халқ Республикалари: давлатчиликнинг демократик шакли. Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари. Ташкент: Шарқ, 2001 — 185-202-бет.
- ↑ Қўшжонов О, Попвонов Н. Хоразмдаги ижтимои^-сиёсий жараёнлар ва харакатлар. Тошкент: Абу матбуот консалт, 2007 — 323-бет. ИСБН 978-9943-336-05-6.
Ҳаволалар
| Викиомборда „Хоразм Халқ Совет Республикаси“ мавзуси бўйича медиафайллар бор. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |