Худоёрхон (1831, Қўқон — 1882, Каррукҳ, Афғонистон) — Қўқон хони (1845—1875-йиллар, танаффуслар билан), ўзбекларнинг Минг сулоласига мансуб Шералихоннинг (ҳукмронлик даври: 1842—1875) ўғли[1].

Худоёрхон
Қўқон хони
Мансаб даври
1845 – 1858
Ўтмишдоши Муродхон (1845)
Вориси Маллахон (1858—1862)
Мансаб даври
1862 – 1863
Ўтмишдоши Мурод ИИ (1862)
Вориси Моҳаммад Султон (1862—1865)
Мансаб даври
1865 – 1875
Ўтмишдоши Моҳаммад Султон (1863—1865)
Вориси Насриддинхон (1875)
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1831
Қўқон, Фарғона водийси
Вафоти 1882
Карукҳ тумани, Афғонистон
Болалари Насриддинхон
Муҳаммад Алимбек
Саид Аминбек
Ўрмонбек
Дини Ислом

Тахтга ўтириши

Биринчи ҳукмронлик даври

Худоёрхон дастлаб тахтга қайнотаси Мусулмонқул томонидан ўтқазилган, аммо ёш бўлганлиги туфайли амалда давлат ишларини Мусулмонқулнинг ўзи бошқариб борган. Рус шарқшуноси ва дипломати Николай Петровский (1837—1908) ўзининг Худоёрхон тўғрисидаги китобида Мусулмонқул ва ёш хон ўртасидаги муносабатларни Россия империясининг қудратли вазири Александр Меншиков ва император Пётр ИИ ўртасидаги муносабатларга таққослайди. Шунингдек, Николай Петровскийнинг сўзларига кўра, Мусулмонқул қаттиққўл ва шафқациз бўлишига қарамай, хонлик ва унинг аҳолиси учун зиён келтирадиган қарорлар қабул қилмаган[2].

Худди шу даврда мамлакат ҳукмронлиги қипчоқлар қўлига ўтади ва улар томонидан мамлакатда кўплаб ўзбошимчалик ва эркинсизликларга йўл қўйилади. Қипчоқлар исталган ҳудудни Мусулмонқул томонидан чиқарилган сохта фармонлар билан ўзлаштириш баробарида аҳоли томорқаларига келадиган ариқларни тўсиб, тинч аҳоли томонидан солиқ тўланмагунга қадар ариқларни очишга рухсат беришмайди. Натижада мамлакат ичкарисида ички кураш кучайиб, 1852-йил 9-октябрда қипчоқлар қирғини бошланади. Бунинг натижасида 20 мингга яқин қипчоқлар ўлдирилади, Мусулмонқул эса Чотқолга қочиб кетишга мажбур бўлади. Худди шу йилдан бошлаб Худоёрхон давлатни мустақил идора қила бошлайди ва қипшоқларнинг ўзбошимчаликларига чек қўйишга ҳаракат қилади. Қипшоқлар Мусулмонқулнинг кетидан Худоёрхонни ҳам тахтдан ағдаришга ҳаракат қилибгина қолмай, унга ўлим билан ҳам таҳдид соладилар. Ушбу вазиятда Худоёрхонга Тошкентдан келган қўшин ёрдам беради ва уни ушбу вазиятдан қутқариб қоладилар. Қипшоқларга қарши кечган уринишлар жуда кўп ўлим ва талофатларга ҳам сабаб бўлади.

Қипшоқлар Худоёрхонга қарши курашда муваффақияцизликка учраганларига қарамай, таслим бўлишни истамайдилар ва ўзларига бошчилик қилиш учун Мусулмонқулга таклиф билдирадилар. Аммо уларга қарши Худоёрхон юриш бошлайди ва ниҳоят, қипшоқларни мағлуб этишга муваффақ бўлади. Кейинчалик Худоёрхон қипчоқларни мамлакатдан бутунлай йўқ қилиш мақсадида Фарғона водийсига ҳам одамларини юборади ва уларни қўлга олиб, ўлдиришни буюради.

Ўзининг зулмкор сиёсати ва аҳоли эҳтиёжларини менсимаслиги билан Худоёрхон ҳам ўзидан олдин тахтга ўтирган бошқа хонлар сингари жуда тез машҳур бўлади. Хонликнинг шимолий қисмида ҳам мутлақ ҳукмронлик ўрнатилиб, ушбу ҳудудни бошқариш Тошкент беглар-беги унвони берилган Мирзо Аҳмад зиммасига юклатилади. Мирзо Аҳмад даврида Туркистондан Чу водийсигача муҳим суғориш ишлари олиб борилади, аммо 1858-йилда Мирзо Аҳмадга қарши қўзғолон уюштирилади. Ушбу қўзғолонни бостириш учун Худоёрхон ҳудудга акаси Маллахонни юборади. Бироқ Маллахон укасининг топшириғини бажариш ўрнига вазиятдан унумли фойдаланишга, акасини тахтдан ағдаришга ҳаракат қилади. Қўзғолончиларни авф этади ва аҳоли учун солиқларни камайтиради. У, шунингдек, Тошкент ва ва хонликнинг бутун шимолий қисми ёрдамида қўшин тўплаб, акаси Худоёрхонга қарши юриш бошлайди. Маллахон қўшини Худоёрхонни Сомончи қишлоғи яқинида мағлуб этади ва хон Бухорога қочишга мажбур бўлади. Шундан кейин Маллахон ўзини Қўқон хони деб эълон қилади.

Иккинчи ҳукмронлик даври

1862-йилда Қўқон хони Маллахон фитначилар томонидан ўлдирилади ва тахтга унинг 17 ёшли жияни Шоҳмурод даъво қилади. Қўқон хонлиги тахтини эгаллаган Шоҳмуроднинг энг биринчи чора-тадбирларидан бири амакисига яқин бўлган барчани йўқ қилишдан иборат эди. Ушбу вазиятдан таҳликага тушган Тошкент ҳокими Қаноацҳоҳ мудофаани кучайтиради ва Худоёрхонни тахтга қайтаришга ваъда қилиб, унга қўшилишини таклиф қилади. 1863-йилда Худоёрхон Тошкентга келади. Бундан хабар топган Муродхон 14 минглик қўшин билан Тошкентни қамал қилади. Бироқ Худоёрхоннинг қўшини қамалдан озод бўлиб, Шоҳмуродни қўлга олишга муваффақ бўлади ва яна Қўқон хонлиги тахтига даъво қилади.

Худоёрхоннинг тахтга эгалик қилишини хонликнинг катта қисми тан олмайди. Ўша пайтда Мусулмонқулнинг ўғли, тахтга даъвогардан ҳисобланмиш Алимқул Худоёрхоннинг энг жиддий рақибига айланади. Алимқул Худоёрхон қўшинларига қаршу ҳужум бошлайди. Шу пайтда Қўқон хонлиги ҳудудида бўлган Бухоро амири Шаҳрисабзда қўзғолон кўтарилганлиги сабабдан ўз пойтахтига қайтишга мажбур бўлади. Ушбу вазиятдан унумли фойдаланган ҳолда қипчоқлар ва баъзи қирғиз қабилалари ҳам ўз қўшинларини йиғиб, бир вақтнинг ўзида Қўқон ва Тошкентни қамал қиладилар. Алимқул эса қипчоқлар билан келишган ҳолда Худоёрхонни тахтдан узоқлаштириб, Маллахоннинг ўғлини хон этиб тайинлашга келишади. Ўша пайтда хон атиги 13 ёки 14 ёшда бўлганлиги сабабли амалда Қўқон хонлигини Алимқулнинг ўзи бошқаради.

Бироқ Алимқулнинг мамлакатдаги ҳукмронлиги узоқ давом этмайди. Қўқон хонлигидаги ички курашлардан фойдаланган Россия империяси хонликка тегишли Туркистон, Чимкент (1864) ва Тошкентни (1865) босиб олишга муваффақ бўлади. 1865-йилда Қўқон хонлиги тахтига Худойқул („Белбоқчихон“ деган лақаби ҳам мавжуд) ўтиради. Бироқ унинг ҳукмронлиги ҳам узоқ давом этмайди, у хон сифатида бор-йўғи 14 кун мамлакатни бошқаради. Шундан сўнг эса Қашқарга қочиб кетишга мажбур бўлади. Бундан фойдаланган Худоёрхон эса яна тахтга даъво қилади.

Учинчи ҳукмронлик даври

Худойқул Қошғарга қочиб кетганидан кейин Худоёрхон ҳеч қандай қийинчиликсиз Қўқон тахтини қайта эгаллайди, бироқ Фарғона ҳудудига бостириб кирган Бухоро амирлиги қўшинлари туфайли амирлик ҳукмронлигини тан олишга мажбур бўлади. Аммо 1866-йилда Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасидаги ҳудуднинг Россия империяси томонидан босиб олиниши амирликнинг хонликка нисбатан ҳарбий таҳдидини йўққа чиқаради. 1868-йилда Худоёрхон Россия империясининг ўз хонлиги устидан суверенитетини расман тан олади.

Худоёрхон даврида қишлоқ хўжалигига катта эътибор қаратилади, янги анҳор ва ариқлар қазилади. Қўқонда 1873-йил хон ўрдаси қуриб битказилади. Бундан ташқари, Худоёрхон даврида „Мадрасаи Олий“, „Мадрасаи Ҳоким ойим“, „Мадрасаи Султон Муродбек“ қурилади[3]. Худоёрхоннинг фармони билан Маҳзун (Зиёвуддин Ҳўқандий) 1696 саҳифадан иборат „Шоҳнома“ асарини ёзади (ҳозирги кунда ушбу қўлёзма Истанбулда сақланади).

Худоёрхон даврида хонлик ҳудуди анча қисқариб, турли солиқлар жорий этилади. Бунинг устига 1868-йилги Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман билан тузилган „тенг ҳуқуқли“ шартномага мувофиқ, рус савдогарларига хонликнинг ҳамма шаҳар ва қишлоқларида бўлиш ва карвонсаройлар қуриш, рус товарларини хонлик ҳудуди орқали бошқа давлатларга бож тўламасдан бемалол олиб ўтиш ҳуқуқи берилади. Рус савдогарлари қўқонлик савдогарлар билан бир миқдорда бож тўлайдиган бўлишади. Худоёрхон Туркия ва Бухоро билан яхши алоқада бўлишга, Англия эмиссарлари билан учрашиб, улардан мадад олишга интилади, аммо юзага келган сиёсий вазият туфайли хон кўпроқ К. П. Кауфман билан яқинлашишга мажбур бўлади.

Тахт учун курашлар, ўзаро урушлар, солиқларнинг кўпайиб кетиши аҳоли турмушига салбий таъсир кўрсатади. Натижада хонликда тез-тез қўзғолонлар уюштирилади. Шулардан энг каттаси 1873-йил бошланган „Пўлатхон қўзғолони“ ҳисобланади. Қўзғолонни бостиришнинг иложини топа олмаган Худоёрхон, барча хазинани олиб К. П. Кауфмандан ҳарбий ёрдам олиш учун Тошкентга қочиб кетади, сўнгра у ердан Оренбургга сургун қилинади. Худоёрхон у ердан қочиб, Маккага боради. Кейинчалик, Қўқон хонлигининг қолган ҳудудларини ҳам Россия босиб олгандан сўнг Худоёрхон К. П. Кауфманга расман мурожаат этиб, сиёсий ишларга аралашмасликни ваъда қилган ҳолда Қўқонга қайтишга рухсат сўрайди, аммо унинг бу илтимоси Кауфман томонидан рад этилади. Орадан бироз вақт ўтиб, Худоёрхон 2-марта мурожаат қилади ва унинг аризаси сенатда кўриб чиқилиб, Худоёрхонга Қўқонга қайтишга рухсат берилади. Аммо бундан хабарсиз Худоёрхон яширин ҳолда Қўқонга қайтишга ҳаракат қилади ва йўлда вафот этади[4].

Адабиётлар

  • Бобобеков Ҳ. Н., Қўқон тарихи, Т., 1996; Бабабеков Х. Н., Народниэ движения в Кокандском ханстве и их социалноэкономические предпосилки, Т., 1990. Ҳайдарбек Бобобеков.

Манбалар



[[Туркум:Мадраса асосчилари. Ҳакимжон Ҳакимов