Ялпи сирт — Россия Федерацияси Европа қисмининг жанубий шарқидаги платосимон қирлар. Волга ва Урал дарёларининг сувайирғичи. Шарқий қисми тор, ўйдимчуқур. Кенглик йўналишида 500 км га чўзилган. Энг баланд жойи 405 м. Ғарби Волга дарёси томон пасайиб боради. Шарқда Жанубий Урал тоғларига ёндош, жанубида Каспийбўйи пасттекислигидан поғонасимон кўтарилган. Марказий қисмида унча баланд бўлмаган қолдиқ тепалари (шиханлар)дан иборат бўлиб, баландлиги 50–100 м. Ялпи сирт палеозой ва мезозой қумтошлари, гил, оҳактошларидан ташкил топган. Оҳактошларда карст релеф шакллари ҳосил бўлган. Ялпи сиртдан Самара, Катта Иргиз ва Урал дарёларининг баъзи ирмоқлари бошланади. Дашт ўсимликлари ўсади.