Юрак — одам ва ҳайвонларнинг қон айланиш системасидаги марказий аъзо. У доимо бир хилда қисқариб туриши туфайли, қоннинг қон томирлар бўйлаб узлуксиз ҳаракатини таъминлайди. Ҳамма жонзотда юрак камераси ҳар хил бўлади


Инсон юраги: 1. Ўнг бўлмача 2. Чап бўлмача 3. Юқори ковак вена 4. Аорта 5. Ўпка артерияси 6. Ўпка веналари 7. Икки тавақали клапан 8. Чап яримойсимон клапан 9. Чап қоринча 10. Ўнг қоринча 11. Пастки ковак вена 12. Уч тавақали клапан 13. Ўнг яримойсимон клапан

Ҳайвонлар юраги

Юрак қон томирлари системаси тўла ривожланган ҳайвонларда бўлади. Тубан даражали ҳайвонлардан ёмғир чувалчангида юрак вазифасини ҳалқасимон томирлар, дарё қисқичбақасида юрак ва юрак атрофидаги бўшлиқ синуслари бажаради. Кўпчилик моллюскалар юраги яхши ривожланган, 2 бўлмача ва қоринчадан иборат, у фаол қисқариш хусусиятига эга. Уларда Юрак томон йўналган веноз қон юрак синусларига, сўнгра унинг жабрасига йўналади. У ердан кислородга бойиб юрак олди синусига тушади ва юракка ўтади. Юрак қоринчаси қисқариши натижасида қон ҳайвон танаси бўйлаб тарқалади. Хордалилардан лансетникларда юрак вазифасини қорин аортаси бажаради.

Сувда ва қуруқликда яшовчиларда Юрак 3 камерали — 2 бўлмача ва қоринчадан; судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчиларнинг юраги 4 камерали — 2 бўлмача ва 2 қоринчадан иборат.

Одам юраги анатомияси

Юракнинг магнит резонанс тасвири.

Одам юраги 4 камерали: 2 та бўлмача ва 2 та қоринчадан иборат бўлиб, конус шаклида, асоси орқага, юқорига ва ўнг томонга, учи (чўққиси) пастга, олдинга ва чап томонга қараган. Юрак олдинги пастки кўкс оралиғи соҳасида жойлашиб, икки ён томондан ўпка ва плевра халталари олдинги тўш суяги ва қовурға тоғайига тегиб туради. Юрак юқоридан ва орқадан қон томирлар билан, пастдан диафрагма билан мустаҳкамланиб туради. Юракнинг ҳолати ҳамма одамларда бир хил бўлмай, у кишининг ёши, жинси, гавдасининг ҳолати ва тузилишига ҳам боғлиқдир. Жумладан, янги туғилган болаларда юрак юмалоқ шаклда бўлиб, диафрагма гумбази баландроқ, кўндаланг ва юқорироқ жойлашган, айрисимон без уни тўш суягидан анча орқа томонга суриб туради.

Юрак сиклининг анимацион тасвири.

Кейинчалик, 1-3 ёшда юрак кўндаланг вазиятини ўзгартиради ва катта одамларда бўлганидек, қийшиқ ҳолатда жойлашади. Юракнинг ўртача оғирлиги эркакларда 300 г, аёлларда бироз камроқ (220-250 гр). Юракнинг узунлиги ўрта ёшдаги одамларда 13-15 см, энг кенг қисми (кўндалангига) 9-11 см, олдинги сатҳи билан орқа сатҳининг узунлиги 6-7 см. Юрак ташқи юзасининг ўткир (ўнг) ва ўтмас (чап) чеккалари уни орқа, олд томондаги юзаларга ажратиб туради. Ҳар бир одам юрагининг катталиги ўзининг ўнг муштидек келади. Ўрта ёшдаги одамнинг юраги бир минутда ўрта ҳисобда 70-75 марта, бир суткада 100000 марта қисқара олади. Бу эса 20 т юкни 1 м баландликка кўтариш кучига тенг.

Энрике Симоне томонидан чизилган расм. „Унинг юраги бор эди“ (1890)

Юракнинг устки чегараси ИИИ қовурға тоғайининг тўш суягига ёпишаётган жойидан ўтказилган горизонтал чизиққа тўғри келади.

Юракнинг ўнг чегараси тўш суягининг ўнг чеккасидан (ўнг ИИИ ва В қовурғалар рўпарасида) 2-3 см четроқда бўлади. Бир ёшгача бўлган болаларда Юракнинг ўнг томондаги чегараси тўш суягининг ўнг чеккасидан 1,0-1,5 см чиқиб туриши мумкин. Юракнинг пастки чап чегараси В қовурғанинг ўрта ўмров чизиғидан 1,5 см ичкарига юрак учига тўғри келади.

Юрак чегараси ҳолати одам кўкрагининг шаклига ҳам боғлиқ, кўкраги кенг одамларда юрак пастроқда жойлашади. Шунинг учун бундай тана тузилишига эга бўлган одамларда Юрак горизонтал ҳолатда туради. Узунлиги ўртача бўлган кўкрак қафасида Юрак қийшиқ туради. Аёллар юраги бироз кичик бўлиб, горизонтал жойлашади. Жисмоний меҳнат ва спорт билан шуғулланадиган одамларда Юракнинг ҳажми бирмунча катта бўлади.

Юрак бўлмачалари — веналар қонини қабул қилувчи бўшлиқлар. Ўнг бўлмача катта қон айланиш доирасидан веноз қон олиб келувчи юқориги ва пастки ковак веналар; чап бўлмачага 4 та ўпка веналари қуйилади. Иккала бўлмача қоринчалар билан бўлмача-қоринча тешиклари орқали туташади. Қоринчалар қисқарганда тешиклар тавақали (қопқоқлар) клапанлар билан беркилади. Қоринчаларнинг ички юзасида, бир-бири билан кесишган мускул толалари ва қоринча бўшлиғига чиқиб турадиган сўрғичсимон мускуллар бор. Бу мускуллар учидан чиққан пайли толалар бўлмача-қоринча клапанлари тавақаларининг қирраларига ёпишган. Улар клапанлар тавақаларини бўлмачага қараб кўтарилишига тўсқинлик қилади.

Аорта ва ўпка артерияси асосида яримойсимон клапанлар жойлашган. Клапанлар шу томирларнинг йўналиш томонига очиладиган 3 тавақадан иборат. Юрак қисқарганда қон ўнг қоринчадан ўпка артериясига, чап қоринчадан аортага қуйилади.

Юракнинг ўнг қоринчасидан кичик қон айланиш доираси, чап қоринчасидан катта қон айланиш доираси бошланади. Юрак ўз халтаси — перикардга ўралган, девори 3 қават: ички эндокард, ўрта миокард ва ташқи эпикарддан иборат. Эпикард ва перикард ўртасидаги тор бўшлиқда бўладиган суюқлик юрак ишлаётганда юрак деворларининг ишқаланишини камайтиради. Юракнинг мускул қавати — миокард, бўлмачаларида 2, қоринчаларида 3 қават бўлиб, ихтиёримизга бўйсунмай қисқарувчи махсус кўндаланг тарғил мускултолаларидан таркиб топган, бу хусусият уни скелет мускулларидан ажратиб туради. Юракнинг бўлмача ва қоринча мускул толалари 2 та (ўнг бўлмача ва қоринча, чап бўлмача ва қоринча орасидаги тешикни ўровчи) фиброз тола ҳалқасидан бошланади. Лекин, бўлмача мускуллари қоринча мускуллари билан туташмаган ва алоҳида қисқаради. Бўлмача мускуллари ичдан бўйлама, сиртдан кўндаланг, қоринчаларда эса ичкаридан ва ташқаридан бўйлама, ўртадан кўндаланг жойлашган. Ички ва ташқи бўйлама мускуллар юрак чўққисида туташади, ўрта кўндаланг мускуллар туташмайди. Қоринчалараро тўсиқ, асосан, мускул тўқимаси ва уни қоплаб турган эндокард қаватидан тузилган.

Одам юраги физиологияси

Юрак фаолияти миокарднинг ритмик қисқаришига асосланган. Юрак қисқариши систола, бўшашиши диастола дейилади. Юрак автоматик тарзда қисқаради. Миокарднинг қисқаришини таъминлайдиган импулслар юракнинг ўтказувчи системасида ҳосил бўлади. Синус тугунида нормада минутига 60-80 марта ҳосил бўладиган бу импулслар аввал бўлмача миокардига тарқалиб, ундан бўлмача-қоринча тугуни ҳамда Гис тутами ва Пуркине толалари орқали қоринчалар миокардига ўтади ва улар қисқаришига сабаб бўлади. Қоринчаларга ўтиш вақтида импулсларнинг тезлиги пасаяди. Шу сабабли қоринчаларникига нисбатан бўлмачалар қисқариши тезроқ тугалланади. Юракнинг қисқариш ва бўшашиш даври юрак сиклини ташкил этади. Бу сикл бўлмачалар систоласи (0,1 сек), қоринчалар систоласи (0,33-0,35 сек), диастола (қоринчалар ва бўлмачалар биргаликда бўшашиш фазаси) ҳамда пауза (0,4 сек) дан иборат.

Бўлмачалар қисқарганда улардаги қон босими (ўнг бўлмачада симоб устуни ҳисобида 1-2 мм дан 6-9 мм гача, чап бўлмачада 8-9 мм гача) кўтарилади. Натижада қон клапанлар орқали қоринчага ўтади.

Бўлмачалар қисқарганда қоринчаларга қоннинг фақат 30% и чиқиб, 70% и умум пауза вақтида бемалол оқиб келади. Қоринчалар систоласи ҳам фазаларга бўлинади. Қоринчалар босими ошганда бўлмача-қоринча клапанлари ёпилади, лекин яримойсимон клапанлари очилмайди. Бунда (изометрик қисқариш фазаси) қоринчаларнинг барча мускул толалари қисқариб, таранглиги тобора кучаяди. Натижада, қоринчалар босими аорта ва ўпка поясидаги босимдан ҳам ошгач, яримойсимон клапанлар очилади; қон қоринчалардан томирларга отилиб чиқади; қонни ҳайдаш фазаси шу тариқа бошланади.

Одамда қонни томир системасига ҳайдаш Юрак чап бўлмаси симоб устуни ҳисобида 65-75 мм, ўнг бўлмасиники 5-12 мм га етганда содир бўлади. 0,10-0,12 сек ичида юрак қоринчалари босими кескин [чап қоринчада симоб устуни ҳисобида 110-130 мм, ўнг қоринчада 25-35 мм га (қонни тез ҳайдаш фазаси) ортиши кузатилади. Қоринчалар қисқариши (0,10-0,15 сек) қонни секин ҳайдаш фазаси билан тугалланади. Кейин қоринчалар бўшаша бошлайди, уларнинг босими тез пасаяди, йирик томирлар босими кўтарилиб, яримойсимон клапанлар ёпилади. Қоринчалардаги босим 0 даражага тушганда тавақали клапанлар очилиб, қон бўлмачалардан қоринчаларга туша бошлайди. Бу фаза тез (0,08 сек) ва секин (0,07 сек) тўлиш фазасига бўлинади. Қоринчалар диастоласи уларга қон тўлиши босқичи билан тугайди. Юрак фаолияти сикли фазаларининг давомийлиги ўзгарувчан, юрак ритми частотасига боғлиқ. Шунинг учун, юрак фаолияти сикли фазаларини текшириш юрак мускуллари фаолияти ҳолатини аниқлашнинг муҳим усули ҳисобланади. Юракдан бир минут давомида ҳайдалган қон миқдори юракнинг минутлик ҳажми (МҲ) ҳисобланади. Иккала қоринчадан чиққан қон миқдори баравардир. Одамнинг тинч ҳолатида юракнинг минутлик ҳажми ўрта ҳисобда 4,5-5 л, Юракнинг бир қисқаришида ҳайдалган қон миқдори — систолик ҳажми ўрта ҳисобда 65-70 мл га тенг.

Юракнинг қисқариш кучи ва частотаси организм тўқима ва аъзоларининг кислород ва озиқ моддаларга бўлган эҳтиёжига мос ҳолда ўзгариб туради. Юрак қисқаришини таъминлайдиган импулслар юракнинг ўзида ҳосил бўлса ҳам, унинг фаолиятини нерв системаси томонидан бошқарилади. Адашган нервлар юрак қисқариш кучини сусайтириб, маромини секинлаштиради, симпатик нервлар, аксинча кучайтиради. Юрак мускуллари ўзини ўзи бошқариш хусусиятига ҳам эга: масалан, юракка қанча қон кўп келса, у шунча ортиқ куч билан қисқаради. Юрак мускулларининг қанча куч билан қисқариши унинг чўзилиши, яъни мускул толаларининг дастлабки (қисқаришидан аввалги) узунлигига боғлиқ. Мускул толаси қанча тез чўзилса, шунча кучли қисқаради. Бу юрак қонуни деб аталади.

Юрак касалликлари

Манбалар

  • Ҳамидов Ж. Ҳ., Оқилов А. Т., Саидов Т. М., Умумий биологиядан амалий машғулотлар, 1970;
  • Аҳмедов Н. К., Атлас. Одам анатомияси [2ж.ли], 2ж. 2005.

Ҳаволалар