Грунт сувлари — ер юзасидан пастда, биринчи сувли тоғ жинслари ғовакларида йиғилган сув. Г. с. ўзидан сув ўтказмайдиган иккинчи қатлам устида бўлади. Бу қатлам гилтупроқ, яхлит оҳактош, отқинди ҳамда метаморфик жинслардан иборат бўлиши мумкин. Г. с. ер юзасидан канал, дарё, ёғин сувлари, атмосферадаги сув буғларининг (қуюқлашганидан кейин) тоғ жинслари ғовакларидан пастга тушиб, сув ўтказмайдиган қатламда йиғилишидан пайдо бўлади. Уларнинг жойланиши чуқурлиги сув ўтказмайдиган қатламнинг ётиш ҳолати ва сувли тоғ жинслари қатламига боғлиқ. Г. с. ер юзига яқин биринчи ғовак қатламда жойлашади ва шунинг учун унинг сатҳи, кимёвий таркиби ва физик хусусиятлари ернинг устки қисмидаги табиий (ҳаво ҳарорати, ёғиннинг тури ва миқдори, табиий сув ҳавзаларининг ер юзасига яқин-узоқлиги) ва сунъий (сув омборлари, суғориш иншоотлари, канализация ва ҳоказо) сабабларга кўра ўзгариб туради. Г.с. дарё водииларидаги аллювиал ётқизиқлар (қум, қумтупроқ, шағал) ҳамда музликларнинг сурилиши натижасида ётқизилган тоғ жинслари ва саҳролардаги дюн ётқизиқлари ғовакларини тўлдириб туради. Шаҳар ва саноатни тоза сув билан таъминлашда Г. с гоҳо асосий манба бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон ҳудудида Г.с.нинг пайдо бўлиши, тарқалиши ва уларни қидириш ҳамда ишлатиш услублари Ғ. О. Мавлонов, О. К. Ланге, Н. А. Кенесарин, У. М. Аҳмедсафин ва б. томонидан ишлаб чиқилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил