Зуҳрабегим — Шайбонийлар ўзбек сулоласи маликаси. Хон авлодига мансуб бўлган Зуҳробегим ҳарамдаги барча аёллардан фарқ қилиб, ўз давридаги диний, дунёвий илмлардан хабардор бўлган ҳамда мамлакатнинг сиёсий ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этган фозила аёллардан бири саналган. Қуръони Каримда байъат қилиш ҳуқуқи эркаклар билан бир қаторда аёлларга ҳам берилган. Исломда давлат раҳбарини сайлаш, унга итоат этишга аҳдлашиш „байъат“ дейилган. Оқила, зукко бу аштархоний малика байъат йиғинларида доимо иштирок этган. Дилором Сангирова ислом динида аёл киши эркаклар билан таълим олиш ва дунё қарашини кенгайтиришда тенг ҳуқуққа эга бўлганлигини ҳисобга олиб, Зуҳробегим билимли, дид-фаросатли, тадбиркор аёл эди деган хулосага келган. У фарзанд тарбиясини муҳим давлат ишлари қаторига қўйган. Унинг фарзандлари мамлакатнинг етакчи ҳудудларини бошқариб турган. Зуҳробегим уларга доимо доно маслаҳатлари билан ёрдам бериб борган. Шунинг учун ҳам унинг бир неча фарзандлари ва набиралари кетма-кет Бухоро тахтини бошқарган[1]. Бухородаги ўзаро ҳокимият учун курашлар шайбонийлар сулоласини заифлаштириб қўйган эди. Шу сабабдан Бухоро хони Абдуллахон ИИ (1534—1598) уни қўллаб-қувватлаб турган аштархоний Ёрмуҳаммад билан қариндошлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга интилган. Ёрмуҳаммадхон билан шайбонийзода Маъсума султон хонимнинг тўнғич фарзанди бўлган Жони Муҳаммадга Абдуллахон ИИ ўз синглиси Зуҳробегимни турмушга беради. Шу орқали янги сулоланинг ҳокимиятга келишига замин яратилди. Мана шу никоҳдан дунёга келган хонзодалар Динмуҳаммад, Боқи Муҳаммад, Вали Муҳаммад , Алим Муҳаммадлар эди. Шунингдек, уларнинг Ажаб хоним ва Аммахоним исмли қиз фарзандлари бўлиб, улар маликалар қаторида эди. Ажаб хоним Зуҳробегимнинг тўнғич қизи бўлиб, уни маҳаллий зодогонлардан Абдухожага турмушга беришган. Уларнинг никоҳидан Ибодулла хожа деган фарзанд дунёга келган. Ажабхоним Абдухожанинг вафотидан кейин таомилга кўра, шаҳзода Абдулазиз султонга турмушга чиқади. Зуҳробегимнинг иккинчи қизи Аммахоним бўлган. Унинг Турсун султон билан никоҳидан бир ўғил туғилган. Турсунхожанинг вафотидан кейин Тойибхожа бинни Калонхужа жўйборига турмушга чиқади. Бева қолган аёлнинг бошқа никоҳга киритилиши аёлларни таъминоциз қолдирмаслик мақсадида амалга оширилган[2].


Манбалар

  1. ↑ Сангирова Д. Бир сулола шажараси ҳақида. „Шарқ машъали“. — 2018.
  2. ↑ Сангирова Д. Аштархоний хонимларнинг давлат бошқарувидаги ўрни. „Шарқшунослик“. — 2017.