Икки тиллилик, зуллисонайн — 2 тилни ёки муайян адабий тил ва унинг диалектини мукаммал билиш. Бу ижтимоий талаб ёки бирор сабаб билан юзага келади. Унинг табиий вужудга келишига бир давлат ҳудудида икки ва ундан ортиқ халқ вакилларининг жипс яшаши ҳам сабаб бўлади. Ўзбек мумтоз адабиётининг кўпгина вакиллари ҳам ўзбек, ҳам форс тилини яхши билганлар. Масалан, Алишер Навоий ўз она тили — туркий тил билан бир қаторда форс тилини ҳам жуда яхши билган. Бу тилдаги асарларини тўплаб девон („Девони Фоний“) тузган. Бу девони форсий тил шоирлар, хусусан, Жомий томонидан юксак баҳоланган. Икки тилда ижод қиладиган адиблар ҳозир ҳам учрайди. Жумладан, машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов қирғиз ва рус тилларида эркин ижод қиладиган ёзувчидир. Умуман икки тиллилик ижтимоий ҳодиса сифатида тилларнинг бойиши, ривожланиши, умумбашарий маданий савиянинг ошишига муҳим таъсир этувчи омилдир[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил