Аб, абун – араб. أَبٌ ота, падар (кўплик шакли – أَبُونَ، آباءٌ، أَبُوٌّ، أَبُوَّةٌ. Ўзаги أبو). „Аб“ сўзининг изофага киришган, аниқ ҳолатдаги бош келишик шакли – Абу (أبو).

Ишлатилиши

1. Араблар, шунингдек, Ислом оламидаги бошқа халқлар кунялари таркибига кирувчи сўз. Масалан, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон ал-Беруний ва бошқалар. „Абу“ билан келган исм шахснинг отаси, „ибн“ билан келган исм эса шахснинг ўғли эканини билдиради.

Бир одамнинг бир нечта куняси бўлиши мумкин. Масалан, Усмон ибн Аффонда 3 та куня бўлган: Абу Амр (أبو عمرو), Абу Абдуллоҳ (أبو عبد الله) ва Абу Лайло (أبو ليلى).

„Абу“ сўзидан кейин қуйидаги исмлар келади:

1) одатда энг катта ўғилнинг исми;

2) баъзан кичик ўғил ёки қизнинг исми;

3) аждодига бўлган ҳурмат юзасидан набира ёки ундан кейинги авлодидан бўлган шахс исми;

Масалан, Иброҳим (а.с.) одатда Абу Ишоқ (Ишоқнинг отаси) ёки Абу Яъқуб (Яъқубнинг отаси) деб номланган.

Куня бирор исталган сифатга нисбатан мажоз бўлиши мумкин, масалан, Абу-л-Фазл (أبو الفضل – „Фазилат отаси“) ёки Абу-л-Хайр (أبو الخير – „Яхшилик отаси“) ва ҳоказо.

Баъзан „абу“ сўзи қўшилган бирикма лақаб сифатида қўлланади: инсоннинг шахсий хусусиятига боғлиқ ҳолда, масалан, Абу-д-Давониқ (أبو الدوانق) – „Қиймацизлик (қадрсизлик) отаси“ (دوانق – „майда пул“, „чақа“). Бу сифат зиқналиги билан танилган аббосийлар халифаси ал-Мансурга нисба­тан берилган. Абу Ҳурайра – мушукча отаси (هريرة – мушукча), унга мушукларни яхши кўргани учун киноя билан берилган куня. Камситиш маъносидаги, масалан, Абу Жаҳл (أبو جهل) – „жоҳиллик отаси“, ёки бирор жисмоний хусусиятни кўрсатиш учун, масалан, Абу Шома (أبو شامة) – „туғма холи бор одам“ каби кунялар ҳам учраб туради.

„Абу“ сўзининг кунядан ташқари „эга“ маъносида қўлланиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Масалан, Абу-н-наззора – кўзойнак эгаси (яъни кўзойнак тақиб юрадиган киши).

„Абу“ сўзи, шунингдек, турдош от сифатида айрим жониворлар, ўсимлик­лар ёки уларнинг мевасига нисбатан бирикма шаклида қўлланади, масалан, шер – абу форис (أبو فارس), хўроз – абу-л-яқзон (أبو اليقظان), узун тумшуғли ўрмон лойхўраги – абу мисалла (أبو مسلة) ёки абу минқор (أبو منقار), сакраш одатига кўра, бурга – абу-л-вассоб (أبو الوثّاب) деб номланган; ўсимликлардан чилибуха аччиқлиқлиги туфайли абу заъқа (أبو زعقة), каштан меваси пўсти мўйнага ўхшаш бўлгани учун абу фарва (أبو فروة) дейилган ва ҳоказо. Жонсиз нарсалар номини ясайди, масалан, абу риёҳ – шамол отаси (яъни қайси томондан шамол эсаётганлигини кўрсатувчи темир паррак – флюгер).

Шунингдек, „абу“ ҳақиқий маъносини бутунлай йўқотиб, зу/зат (ذو/ذات ..га эга одам)га синоним бўлади. Масалан, юмор тариқасида (абу лиҳя/абу лаҳя – „соқолли одам“, ёки эвфемизм (ёмон) абу-л-басир – кўр одам ва ҳоказо) усулида одам, ҳайвон ёки бирор нарсанинг ўзига хослигини кўрсатиб берадиган ифодали ном ясайди.

Бу сўз воситасида Сфинкс ҳайкали – Абу-л-ҳавл ва Абу Қубайс – тоғ номи каби топонимлар ҳам ясалади.

Кўпгина адабий сўз ва атамалар қато­ри „Абу“ сўзи ҳам ўзбек адабий тилида ИХ-Х асрлардан бошлаб туркий сўз ва атамалар билан ёнма-ён, гоҳ уларнинг ўрнида қўлланила бошланган. Масалан, Алишер Навоий қуйидаги шеърий байтида „бобо“ сўзи ўрнида арабча „жадд“ ва „ота“ сўзи ўрнида „аб“ сўзини қўллаган[1].

Дегач абжад, бошиға уйрулурлар -

Қамар бирла қуёш, яъни жаду аб.

2. Қадимий туркий тилидаги кўмакчилардан бири. Ёзувда иккинчи ҳарф „б“ ёзилса ҳам, талаффузда „п“ айтилади; „ап эзгу“ („жуда яхши“), „ап ак“ („оппоқ“)[2].

Адабиётлар

  1. Ибн Манзур. Лисāн ал-’араб;
  2. А. Ж. Wенсинcк. „Куня“ ЭИ2 (Инг.). В, 396-397;
  3. Ал-Жаҳиз. Байāн. 342;
  4. Маҳмуд Қошғарий. Девону луғотит турк. – Т.: 1960. И, 70; ЎзМЕ. – Т.: 2000. И, 13.

Манбалар

  1. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4. 
  2. ↑ „Иброҳим алайҳиссалом“.