Abad (Islom dinida)
Абад أبد
Абад (арабча, сўнги йўқ, мангулик, тасаввуф) – чексизлик, давомийлик, ниҳоясизлик, сўнги йўқ замон, бироқ ибтидоси бор вақт ўлчови. Абад азалнинг давоми. Азалнинг ибтидоси йўқ, бироқ интиҳоси бўлиши мумкин. Азал-абад эса, ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ чексизликдан иборат. Абад истилоҳи диний ва дунёвий талқинда қўлланади. Дунёвий талқинда вақт ёки замоннинг доимийлиги, чексизлигини англатади.
Ишлатилиши
Тасаввуфий маънода абад шундай муддатки, унинг ниҳоясини инсон ақли тасаввур қила олмайди. Абад ниҳоясизликка қараб, ягона Яратувчининг мавжуд ва доимо ҳаракатда бўлиши, ниҳоясиз мавжудликдир. Айни тушунтириш Саййид Шариф Журжонийнинг "Ат-Таърӣфāт" асарида келади. Эрон тасаввуф олими Саййид Жаъфар Сажжодий „Ирфоний истилоҳлар ва иборалар луғати“да[1] мазкур таърифни кенгроқ тушунтирган. Ибн Сино замоннинг чексиз давомини абад деб англатган бўлса, ал-Киндий асарларида ўзининг давом этиши учун бошқага муҳтож бўлмаган ва борлиғи сабабга боғланмаган доимийлик, деб таърифланган. Ат-Тусийнинг талқинига кўра, абад Аллоҳдан бошқа нарса ва ҳодисаларга ҳам қўлланиши мумкин, бироқ абад ва азал деб Аллоҳдан бошқаларга нисбат берилмайди.
Абадга тасаввуф фалсафасида Яратувчининг сифатлари тарзида ҳам қаралади. Қайсарий "Кашшāф истилāҳāт ал-фунӯн" („Фан истилоҳларининг кашф этилиши“) асарида ушбу фикрни давом эттириб, абаднинг азалийлиги ва азалнинг абадийлигини таърифлайди. Унингча, азал ва абад Аллоҳнинг икки сифати бўлиб, унинг мавжудлиги зарурияти (вожибул-мавжуд) инсон ақли орқали тушунилиши учун замонга нисбат берилган. Навоий асарларида ҳам абад Аллоҳнинг доимий мавжудлиги ҳамда ниҳоясизлик, сўнгги йўқ замон маъноларида қўлланилган:
Зиҳи ниҳоятинг охир келиб абад аввал,
Вале хабар бера олмай бидоятинға азал.
(Навоий. Наводир уш-шабоб. ИВ, 368-ғазал)
Ҳар кишига умрида бу навъ бир
кун берса даст,
То абад ғам йўқ агар бўлса
яна ё бўлмаса.
(Навоий. Фавойид ул-кибар. ВИ, 24-ғазал)
Ҳаётингиз зулоли абадға дегинча жорий ва давлатингиз қуёши қиёматғача завол касофатидин орий бўлсун, омин.
(Навоий. Муншаот. 138-мактуб)
~ нуқтаси - гўзалликнинг доимий ва ўзгармас белгиси (айрим ҳолларда ягона бир дона хол):
Эй сафҳаи рухсоринг азал
хуттидин иншо,
Дебочаи ҳуснунгда абад
нуқтаси туғро.
(Навоий. Ғаройиб ус-сиғар. ИИИ, 23-ғазал)
~ умри – туганмас, боқий умр:
Кўйида ўлсам, абад умрича бор
бу умр агар,
Қилмаса хориж танимни,
итларига судратиб.
(Навоий. Фавойид ул-кибар. ВИ, 41-ғазал)
Эй, Навоий, гар насибингдур
абад умри керак
Хотирингда ёрдин ўзга
таманно бўлмаса.
(Навоий. Фавойид ул-кибар. ВИ, 15-ғазал)
~ ҳаёти – туганмас, мангу ҳаёт:
Абад ҳаёти каби васлиға
етишкунча,
Фироқ маҳлакаси ичра умр
омон бермас[2].
Адабиётлар
- (Навоий. Бадоеъ ул-васат. В, 245-ғазал). Алишер Навоий. МАТ. – Т.: „Фан“, 1991. 18–22;
- Фалсафа. Қомусий луғат. – Т.: Шарқ НМАК, 2004. 5–6;
- АНАТИЛ. – Т.: „Фан“, 1983. И, 21; ЎзМЕ. – Т.: 2000. И, 13.
Манбалар
- ↑ Саййид Жа’фар Сажжодий. Фарҳанги истилоҳот ва та’бирот ирфоний. – Теҳрон: 1438;.
- ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.
| Ушбу мақолада Ислом энсиклопедияси (2020) маълумотларидан фойдаланилган. |