Абаосзи (Елюй И) — (872—926) — кидан ҳукмдори ва Хитойнинг Ляо сулоласининг асосчиси. 907—926-йилларда ҳукмронлик қилган. Абаосзи 872-йилда Жанубий Мўғулистонда кидан қабилалари орасида туғилган. Унинг оиласи қабила саркардалари сифатида кидан қабилалар иттифоқида муҳим шахслар ҳисобланган. Отаси Елюй Салади киданларнинг Ила қабиласи раҳнамоси эди. Абаосзи 901-йилда Ила қабиласининг бошлиғи бўлиб, 903-йилда у кидан ҳарбий кучларининг қўмондони лавозимига тайинланган. Бу унинг кидан давлати иерархиясида буюк хондан кейин иккинчи ўринга чиқишига таъсир қилган. У 905-йилда Шанси шаҳрига олиб бориб, Хитойнинг бу ердаги ҳарбий саркардаси Ли Кеюнг билан биродарлик битимини тузган[1]. Унинг зафарли юришлари қабилалар орасида обрўйини ошириб, ҳокимият тепасига келишини таъминлаган. Абаосзи 907-йилда киданларнинг хоқони бўлган ва 916-йилда императорлик тахтига ўтирган. Бу вақт оралиғида у, асосан, ўз яқинлари (қариндошлари ва ака-укалари) томонидан кўтарилган қўзғолонларни бостириш билан банд бўлган. 918-йилда Абаосзи девор билан ўралган ўз пойтахти — Шангсзинг шаҳрини 100 кун ичида қурдириб битказган. Шунингдек, унинг буйруғига кўра, 920-йилда катта кидан ёзуви ишлаб чиқилган. Абаосзи олиб борган урушлар натижасида бутун Ички Мўғулистон, Шимолий Хитой ва Жанубий Манжурияни босиб олинган ва ягона давлатга бирлаштирилган. Шу тариқа, кейинчалик Ляо империяси номини олган Кидан халқларининг йирик империяси ташкил топган. Абаосзи 926-йил 6-сентябрда вафот этган[2].


Манбалар

  1. ↑ Тwитчетт Д., Тиэтзе К.. Тҳе Лиао // ин тҳе: Тҳе Cамбридге Ҳисторй оф Чина. Вол.6: Алиэн Регимес анд Бордер Статес 907—1368. Cамбридге: Cамбридге Университй Пресс, 1994 — 387-бет. 
  2. ↑ Латипов Ж. Хитанлар: Давлатчилик сари ёъл (монография). Тошкент: “Навроъз” нашриёти, 2019 — 120-бет.