Абдулҳалим Маҳмуд (арабча: عبد الحلیم محمود — (12.05.1910 — Миср — 17.10.1978) — Азҳар шайхи, мутасаввиф. Миср Республикаси Шарқийя вилоя­тининг Билбис шаҳарчасига қарашли Абу Аҳмад қишлоғида туғилган.

Абдулҳалим Маҳмуд
Шахсий маълумотлар
Таваллуди 1910-йил 12-май
Вафоти 17-октабр 1978-йил
Дини Ислом
Танилган соҳаси Азҳар шайхи, мутасаввиф

Таълими

Ал-Азҳар университетини битирган отаси Муҳаммад Абдуҳнинг талабаси бўлган. Илк таҳсили ва ҳофизликни қишлоғидаги маҳалла мактабида олган. 1923-йилда Қоҳирага бориб ал-Азҳар университетининг лице­йига ўқишга киради. 1928-йилда лицейни, 1932-йилда ал-Азҳар университетини тамомлаган. Устози Мустафо Абдуррозиқнинг таъсирида фалсафа ва тасаввуфга қизиқиб қолади. Талабалик йилларида „Мусулмон ёшлар жамия­ти“да („Жам’ийят аш-шуббон ал-муслимийн“) Аҳмад Муҳаммад ал-Ғамровийнинг анжуманларига қатнашади. Ал-Азҳардаги устозлари орасида энг кўп таъсир кўрсатганлардан яна бири Муҳаммад Фарид Важдийдир.

Абдулҳалим Маҳмуд 1932-йилда Франсияга бориб фалсафа бўйича таҳсил олади. У ерда „Ҳорис ибн Асад ал-Муҳосибий“ мавзуидаги илмий ишини ҳимоя қилиб, доктор унвонини олади (1940-йил).

Меҳнат фаолияти

Франсиядан қайтганидан сўнг, Қоҳирада истиқомат қилаётган Абдулвоҳид Яҳё билан танишади. Ал-Азҳар университетининг араб тили ва адабиёти факултетида психология фанидан дарс берган. 1951-йилда мазкур университетнинг Илоҳиёт (Усул ад-дин) факултетида фалсафа устози, 1964-йилда декан лавозимига тайинланади. Кейинчалик ал-Азҳар университети таркибидаги „Исломий тадқиқотлар академияси“га („Мажмаъ ал-буҳус ал-исламийя“) аъзоси, сўнг бош котиб этиб тайинланган. „Исломий тадқиқотлар академияси“ 1961-йил „ал-Азҳар университетини ривожлантириш хусусида“ги 103-рақамли қонунга асосан ташкил этилган бўлиб, ушбу академия исломий тадқиқотлар учун олий ҳай’ат ҳисобланади. Унга ал-Азҳар университети шайхи (ректори) раислик қилади. Академия Миср ва Ислом оламидаги 45 нафар мутахассис олимни ўз ичига олади. Уларнинг барчаларига янги вужуд­га келган ишларда ва янги нарсаларда ижмо билан фатво чиқаришдаги тадқиқот ва тафтиш ишлари мас’улияти топширилган.

Абдулҳалим Маҳмуд 1970-йилда ал-Азҳар университети ректорининг ёрдамчиси, бир муддат Вақф ишлари вазири вазифасини бажарган. 1973-йилнинг мартида ал-Азҳар университетининг 40-шайхи (ректори) бўлиб тайинланган. Юқорида зикр қилинган қонунда қайд қилинганидек, „Исломий тадқиқотлар академияси“нинг раиси ҳам ал-Азҳар университети шайхи ҳисобланади. Доктор Абдулҳалим Маҳмуд бу мансабда Доктор Маҳмуд Ҳасабуллоҳдан кейин фаолият олиб борган иккинчи шахс ҳисобланади ҳамда вафотига қадар ушбу лавозимларда фаолият олиб боради.

Абдулҳалим Маҳмуд Илоҳиёт факултети декани лавозимида ишлаётган вақтида Қур’они каримни ёд олишни мисрлик талабаларга мажбурият сифатида жорий қилган. „Исломий тадқиқотлар академияси“даги фаолияти давомида у ерда бой кутубхонага асос солган ва исломий илмларга оид бирламчи манбалар нашрига эътибор қаратган. Вақф ишлари вазирлигидаги фаолиятида ҳофизи Қур’онлар етиштириш мақсадида мамлакат бўйлаб мингдан ортиқ махсус муассасалар ташкил этган. Шу билан бирга, Африканинг энг қадимий масжиди ҳисобланган Фустот масжидини таъмирлатган ва Мисрда 1500 тага яқин янги масжидлар қурдирган. Ал-Азҳар университетининг ректори вазифасидаги фао­лиятида университетга боғлиқ радио стансия­сини барпо қилиб, унда доимий равишда Қур’они карим тиловати бериб борилишини таъминлаган. Ислом оила ҳуқуқининг амалиётдаги ижросини тўхтатилишига бўлган ҳаракатларга қарши чиққан ва Ғарб маданияти қонунининг жорий қилинишини олдини олган. Ал-Азҳар университети мавқеини орттириш ва университет ректорини бош вазир лавозимига тенг­лаштириш борасидаги ҳаракатларда иштирок этган. Бу унинг ўлимидан ке­йин қонунга киритилган ва ижроси таъминланган.

Ижоди

Олтмишта асар ёзган Абдулҳалим Маҳмуд шозилийя тариқатига мансуб бўлган. Шу боис асарларининг аксарияти тасаввуфга бағишланган.

Асарлари

  • „Ал-Моҳасиби, ун мйстиқуэ мусул­ман религиэух эт моралисте“ (докторлик диссертасияси, Париж 1940-йил). Бу тадқиқот „Устāз аш-шā’ирӣн ал-Ҳāрис бин Асад ал-Муҳāсибӣ“ номи билан 1973-йил Қоҳирада араб тилида нашр бўлган;
  • „Ат-Тасаввуф ал-ислāмӣ“ (Қоҳира 1968-йил);
  • „Ат-Тавҳӣд ал-хāлис ав ал-ислāм ва-л-’ақл“ (Қоҳира 1974 й.);
  • „Фалсафа Ибн Туфайл“ (Қоҳира 1965-йил);
  • „Ат-Тафкӣр ал-фалсафӣ фи-л-ислāм“ (Қоҳира 1968-йил);
  • „Аврӯба ва-л-Ислāм“ (Қоҳира 1972-йил);
  • „Ар-Расӯл“ (Қоҳира 1965, 1966-йил);
  • „Ас-Сунна фӣ тарӣхиҳā ва фӣ макāнатиҳā“ (Қоҳира 1967-йил);
  • „Далāил ан-нубувва ва му’жизāт ар-расӯл“ (Қоҳира 1973-йил);
  • „Абӯ Зарр ва-ш-шуйӯ’ийя“ (Қоҳира 1975-йил);
  • „Ал-Ислāм ва-ш-шуйӯ’ийя“ (Қоҳира 1975-йил).
  • Унинг франсуз тилидан ахлоқ ва фалсафа мавзуларига оид баъзи таржималари ҳамда Суфён ас-Саврий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Зуннун ал-Мисрий, Боязид Бистомий, Бишр ал-Ҳофий, Абу Бакр аш-Шиблий ва Иброҳим ибн Адҳам каби қатор олимларнинг таржимаи ҳоллари ёритилган йигирмага яқин асарларининг барчаси нашр этилган.

Ўзининг юксак мақомига, эгаллаб тур­ган лавозимига мағрурланмаган ҳол­да Ислом ва мусулмонларга хизмат қи­лишни ҳаётидаги мас’улият деб билган ҳолда кечирган Абдулҳалим Маҳмуд ҳижрий 1397-йил, зул-қа’да ойининг ўн бешинчиси, сешанба куни вафот этган[1].

Адабиётлар

  1. Али Абдулазим. Машӣха ал-азҳар мунзу иншāиҳā ҳаттā ал-āн. -Қоҳира: 1979. ИИ, 287-461;
  2. Абдулҳалим Маҳмуд. Ҳāзиҳи ҳайāтӣ. — Қоҳира: 1985;
  3. Ал-Азҳар аш-шарӣф фӣ ’ӣдиҳ ал-алфӣ. — Қоҳира: 1983. 262;
  4. Ҳасан Кâмил Йилмаз. „Абдüлҳалîм Маҳмûд“. ТДВ İА. — İстанбул: 1988. И, 213;
  5. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мисрдаги исломий тадқиқотлар академияси.

Ҳаволалар

  1. ҳттп://фиқҳ.уз/фиқҳ-уз/фиқҳ-академия/529 (Wайбаcк Мачине сайтида 2023-01-20 санасида архивланган);
  2. ҳттп://сийрат.уз/мақола/9232;
  3. ҳттпс://ар.wикипедиа.орг.

Манбалар

  1. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.