Абдулла Болтаев (1896 — Хива 1966) — наққош, Ўзбекистон халқ рассоми (1950). Хоразм наққошлигининг йирик вакилларидан бўлиб, чизма ва бўяма нақш устаси. Бўёқчи, матога гул босувчи уста оиласида туғилган. Хивалик машҳур наққош ва кошинкор уста Эшмуҳаммад Худойбердиевдан ҳунар ўрганган. Йирик ҳашаматли бинолар ( Исломхўжа мадрасаси ва минораси, 1912) қурилишида ва уларни безашда иштирок қилган. 1920-йилдан мустақил ишлай бошлаган. 1924-йилдан Хоразм вилояти ўлкашунослик музейида илмий ходим. Хоразм воҳасидаги атоқли ганч, тош, ёғоч ўймакорлари, наққош ларнинг энг яхши нақшларини тўплаган, уларни ижодий ўрганиб, ўзи ҳам нақш на'муналари яратган. Хива наққошлигига хос шох, поя (таноб, рафтор), барг, гул ва ғунчаларга ўхшаш айланма ислимий нақшлар Абдулла Болтаев ижодида асосий ўрин эгаллайди. Нақш намуналари, ахталари ва гирихларида ислимий нақшлар уйғунлаштирилган. Кўпгина хоразмлик усталар унинг чизмалари асосида ишлаган. Мае, Ота Полвонов унинг чизмалари асосида безаган устун ва эшик 1937-йил Парижда Амалий санъат кўргазмасида намойиш қилинган. Абдулла Болтаев иштирокида Кўҳна Арк, Тошҳовли, Нуруллабой саройи ва бошқа меъморий ёдгорликлар таъмирланган. 1946—1947 йилларда Тошкентдаги Навоий театри биносининг Хива залини безаган усталарга раҳбарлик қилган, шу театр биноси эшиклари, тош деталларидаги нақшлар унинг чизмалари асосида ишланган. Абдулла Болтаев тайёрлаган нақш намуналари, унинг чизмалари асосида ишланган кулоллик буюмлари Москва (Шарқ халқлари санъати музейи), Тошкент (Ўзбекистон давлат санъат музейи, Амалий санъат музейи, Ўзбекистон Адабиёт академияси Бадиий кўргазмалар дирексияси), Хивадаги музейларда сақланади[1]. У 30 йил Хива музейларида сақловчилик қилган, СССР давлат мукофоти лауреате бўлган[2].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ Содиқова Н.С.Маданий ёдгорликлар хазинаси.Т.: “ФАН”, 1981.-Б.122
  • Хўжаев А., Наққош Абдулла Болтаев,Т., 1963.