Abdulla Rahmat
Абдулла Раҳмат (Раҳматзода) (1893-йил, Қўқон — 1937-йил) — ўқитувчи, журналист. 1937-йилги қатағон қурбони бўлган.
| Абдулла Раҳмат | |
|---|---|
| Абдулла Раҳматзода | |
| Таваллуди |
1893-йил |
| Вафоти | 1937-йил |
| Фуқаролиги |
|
| Таълими | Москва Олий Журналистика институти |
| Фаолият йиллари | 1910—1937 |
| Отаси | Раҳмат мударрис |
Ёшлиги
Абдулла Раҳмат 1893-йилда Қўқон шаҳрида дунёга келган. Отаси мударрис Раҳмат Қўқоннинг энг нуфузли домлалардан бўлиб, диний ва дунёвий билимларни чуқур эгаллаган. Абдулла Раҳмат Ашурали Зоҳирий раҳбарлик қилган эски мактабни тугатгандан сўнг, 1908-йилда Қўқон шаҳридаги тўлиқсиз олий мадрасада ҳам таҳсил олган. Кейинчалик маълум бир муддат эски усулдаги мактабларда дарс берган. Ўз устида яхшироқ ишлашни одат қилган Абдулла Раҳмат тарихчи Бўлат Солиев ва Ашурали Зоҳирий ҳамкорлигида шахсий маблағлар ҳисобига очилган ўрта маълумотли ўқитувчилар тайёрловчи „Дорул-муаллимин“да ҳам билим олган. 1920-йили ушбу муассасани тугатиб, Қўқон атрофидаги мактабларида ўқитувчилик қилишни бошлаган.
Фаолияти
1920-йилда Фарғона шаҳридан кўчириб келтирилган икки босқичли мактаб билан Қўқондаги „Дорул-муаллимин“ қўшилиб, Фарғона вилоят таълим-тарбия техникумига айлантирилади. Шундан сўнг, Абдулла Раҳмат бу ерда ҳам озроқ таълим беради. 1922-йилда Қўқонда фаолият кўрсатган „Ботир гапчилар“ ташкилотига, инқилоб йилларида Тошкент ва Самарқандда тузилган „Миллий иттиҳод“ (кейинроқ унинг номи „Миллий истиқлол“ деб ўзгартирилган) аксилинқилобий ташкилотига аъзо бўлган. Ашурали Зоҳирийнинг маълумот беришича, „Ботир гапчилар“, „Миллий иттиҳод“нинг ёрдамчиси эмас, балки ўзи алоҳида мустақил „ташкилот“ ҳисобланган. Ташкилот аъзолари фақатгина Фарғона водийсидаги шаҳарларда эмас, Самарқанд ва Тошкентда ҳам бўлган. Ўша пайтларда Абдулла Раҳмат ташкилот фаоллари сафида бўлган. Шу сабабли 1930-йилнинг январ ойи охирларида Ашурали Зоҳирий қамоққа олингандан бир ҳафта ўтиб, Абдулла Раҳмат ҳам ҳибсга олинади. Бу вақтда Абдулла Раҳмат „Фарғона“ вилоят газетасида муҳаррир вазифасини бажарган. У ўзига қўйилган барча айбларни рад этган. Натижада уни қамоқдан озод қилишга мажбур бўлишади. 1930-йилнинг июлига келиб у „қамалиб чиққан“лик сабаби билан ишдан бўшатилган. Абдулла Раҳмат Москва Олий журналистика институтига сиртдан ўқишга киргандан сўнг, „Фарғона“ газетасида кўплаб мақолалари эълон қилина бошлайди. Ушбу газетада 1924-йили босилган „Иймон билан ишлаш — эътиқодга боғлиқ“, „Саводсизликка олов ёқайлик“, „Ўқувчиларнинг дунёга қараши тарбиячига боғлиқ“ каби ёшлар тарбиясига бағишланган мақолалари уни бутун Республикага танитади[1].
Журналистикани педагоглик билан бирга олиб борган Абдулла Раҳмат 1925-йил март ойида Фарғона газетасининг бош муҳаррири этиб тайинланади. Бу ишда 1926-йилнинг октабр ойигача қолади. Шундан кейин газетани журналист Лутфулла Олимий ихтиёрига ўтказиб, ўзи яна таълим-тарбия техникумида ўқитувчилик қила бошлайди. 1929-йилнинг мартида Абдулла Раҳмат яна бу газетага бош муҳаррир бўлади. Бу пайтда мазкур нашрнинг нуфузи янада кўтарилади.
Қатағон қилиниши
1937-йилнинг 6-ноябрида Абдулла Раҳматга миллатчилик қилгани айби қўйилиб яна қайта қамоққа олинади. Унга ҳар хил айбловлар қўйилган. Абдулла Раҳматзода — касби ўқитувчи-журналист, 1930-йилда аксилинқилобий ҳаракати учун 5 йилга қамалган, партия сафидан чиқарилган. „Миллий иттиҳод“ аксилинқилобий миллатчи ташкилоти аъзоси бўлган, босмачилик ҳаракатига аъзо бўлган. Ҳибсга олиш вақтида ишсиз. Аксилинқилобий тарғибот олиб борганлик, „Талабалар жамияти“ аксилинқилобий ва миллатчи жамиятни ташкил этганликда айбланади. Босмачилик ҳаракатига қурол-яроғ етказиб беришда, панисломизм йўлбошчиси Мулла Ёрил Бериев фаолиятини мақташда айбланган. СССР НКВД № 00447 директиваси асосида 1937-йилнинг 30-июлидаги ЎзССР НКВД учлиги мажлисининг 34-қарори баённомасига мувофиқ отувга ҳукм қилинган, шахсий мулклари мусодара қилинган[2].
Манбалар
- ↑ „Абдулла Раҳматзода“. ЖАДИДЛАР. 2023-йил 1-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 30-июн 2023-йил.
- ↑ Шамсутдинов Р. Репрессия 1937-1938 гг. Документы и материалы Выпуск 3 Жертвы Большого террора из Узбекистана 1937 год, ноябрь, Тошкент, 2007 — 133-134-бет.