Abdullo Mirzo
Абдулло Мирзо (1433–1451) – Мовароуннаҳр ҳукмдори (1450–1451). Темурийлар сулоласи аъзоси.
| Абдулло Мирзо | |
|---|---|
| Салтанат | 1450-йил 9-май – 1451-йил 22-июн |
| Ўтмишдоши | Мирзо Абдуллатиф |
| Давомчиси | Абу Саид |
| Туғилиши |
Мирзо Абдулло ибн Иброҳим Мирзо ибн Шохруҳ Мирзо |
| Вафоти |
1451-йил, 22-июн (17 ёш) |
| Турмуш ўртоғи | Мирзо Улуғбекнинг қизларидан бири |
| Уй | Темурийлар |
| Отаси | Иброҳим Мирзо |
| Онаси | Руқия Султонбегим |
| Дини | Ислом |
Улуғбекнинг укаси Иброҳим Мирзонинг кенжа ўғли. Отаси вафотидан сўнг, Форс вилоятига ҳоким қилиб тайинланган. Бироқ у ҳали ёш бўлгани сабабли давлат ишларини онаси Руқия бегим билан отабеги Шамсуддин Шерозий бошқарган.
1447-йил амакиваччаси Султон Муҳаммад Мирзо Форс вилоятини босиб олгач, Ҳиротга қочиб келган. 1448-йил эса амакиси Улуғбекнинг хизматига кириб, унинг қизига уйланган. Абдуллатифдан кейин 1450-йил май ойида Самарқандда Мовароуннаҳр тахтига ўтирган.
Аммо бу даврда Бухорода Абу Саид Мирзо ҳукмдор қилиб кўтатилган эди. Мирзо Абдулло ва Абу Саид Мирзо ўртасида Самарқанд яқинида бўлган жангда Абу Саид енгилиб, Саброн ва Яссига қочади. Айни пайтда Хуросон ҳукмдор Алоуддавла ҳам Мовароуннаҳрга ҳужум қилишга тайёргарлик кўра бошлайди, аммо Мирзо Абдулло у билан сулҳ тузиб, урушнинг олдини олади.
Абу Саид Мирзо кўчманчи Ўзбеклар ҳукмдори Абулхайрхондан ёрдам олишга муваффақ бўлади. Ёзга келиб Абулхайрхон ва Абу Саиднинг бирлашган қўшини Тошкент, Чиноз ва Жиззах орқали Самарқандга юриш қилади. 1451-йил 22-июнда, Самарқанд яқинидаги Шероз қишлоғининг Булунғур анҳори яқинида бўлган жангда Мирзо Абдуллоҳ енгилади ва ҳалок бўлади. Унинг ҳукмронлиги даврида Мирзо Улуғбекнинг жасади топилиб, Гўри Амир мақбарасига дафн қилинган[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |