Ҳаёти

Абдуллоҳ Марворид (асл исми Хожа Шаҳобиддин Абдулло бин Муҳаммад Кирмоний) - шоир, олим, мунший, мусиқашунос ва бастакор[1].

Вазир оиласида таваллуд топиб, яхши таълим олган. Ҳусайн Бойқаро салтанатида муҳрдор, вазир ва парвоначи вазифасида хизмат қилган. Шоирликда Жомийни ўзига устоз деб билган, Баёний тахаллуси билан ижод қилган.

Ижоди

Абдуллоҳ Марвориднинг қасида ва ғазаллар девони, "Хусрав ва Ширин" дос­тони ҳамда "Мунис ул-аҳбоб" ("Дўстлар ҳамрози") рубоийлар тўп­ламининг муаллифи. Роқимий уни „маънолар денгизи гавҳарининг ғаввоси“ деб таърифлайди. "Тамсилот" ("Ташбеҳлар") маж­муаси ҳам машҳур бўлган. "Муншаоти Марворид" ("Марворид иншолари") китобида давлат аҳамиятига молик фармонлар, мактублар, таъзияномаларни тўплаган. Бу ҳужжатлар тўплами ўша даврдаги Хуросон, Мовароуннаҳр, Эрон, Ҳиндистон, Озарбайжоннинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маданий-адабий ҳаётини ўрганишда муҳим манба вазифасини ўтайди.

„Муншаоти Марворид“ асари „Иншо“, „Маноқиб“, „Тарассул“ („Мактублар“), „Шарафнома“ каби номлар билан ҳам аталган. Унинг қўлёзмалари жаҳоннинг кўп­лаб фонд­лари, жумладан, бир нусхаси Тош­ДШИ ШҚМда сақланади. Немис олими Р.Ремер 1952-йилда уни таржима қилиб, изоҳлар ва фотонусхаси билан бирга нашр эттирган.

"Муншаот" Навоий ҳаёти ва ижодини ёритишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ундан шоирнинг Ширвон ҳукмдори Фаррухшоҳ, Хожа Шамсиддин Али ва бошқаларга ёзган, Жомийнинг Навоийга йўллаган мактублари ўрин олган. Навоийнинг ҳажга бориши учун Ҳусайн Бойқаро берган ижозатномадан шоҳнинг улуғ шоирга муносабатини билиб олиш мумкин. „Муншаот“дан Ҳусайн Бойқаронинг 1487-йилда Навоийни Астарободга ҳоким этиб тайинлангани муносабати билан оққуюнлилар ҳукмдори Султон Яъқубга йўллаган мактуби ҳам ўрин олган.

Алишер Навоий билан муносабати

Абдуллоҳ Марворид Навоийнинг ёрдами ва раҳбарлигида мусиқадан яхши сабоқ олади, моҳир мусиқашунос бўлиб етишади ва мусиқа ҳақида махсус рисола ёзади. У Навоийнинг „Дин офати бир муғбачаи моҳлиқодур“ дея бош­ланадиган машҳур мустазодига „Сармас­ту яқо чок“ номи билан куй басталаган. Зай­ниддин Восифийнинг „Бадоэъ ул-вақоэ“ асарида маълумот берилишича, „бу қўшиқ ўша вақтда Ҳиротда жуда машҳур бўлган: у куйланмайдиган бирор уй ва бу ашулани эшитиб ёқасини чок қилмайдиган бирор тингловчи топилмаган“.

Вафоти

Абдуллоҳ Марворид 1516-йили Ҳирот шаҳрида вафот этган.

Манбалар

  1. ↑ "Алишер Навоий: Қомусий луг'ат" (О'збек тилида). "Шарқ" НМАК, 2016 — 35-бет.