Абдуллоҳ Сипадмуний — (871—952) — бухоролик олим ва муҳаддис. Абдуллоҳ Сипадмуний милодий 871-йилда таваллуд топган. Унинг қабри Бухоро шаҳридан ярим фарсаҳ жанубдадир. Ҳозирги кунда бу зиёратгоҳ олтинчи кичик ноҳия ҳудудида ҳисобланади. Бу қишлоқ Абдуллоҳ Сипадмуний (Сафедмўй) деб аталади. Абдуллоҳ Сипадмуний халқ наздида Устоз номи билан машҳур бўлган. Ҳазрат Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Яъқуб ал Устоз Сипадмуний муҳаддис, аллома, фақиҳ, буюк тарбиячи бўлган. Ҳазрат Абдуллоҳ Сипадмунийнинг устози Абу Ҳавс Сағир ал-Бухорий ҳисобланган. Абдуллоҳ Сипадмуний Бухоро, Ироқ, Ҳижоз, Хуросон каби ҳудудларда таълим олган. У юзлаб кишиларга таълим берган, Унинг шогиртларидан бири улуг фақиҳ Имом Абу Бакр Фазл (?-991) ҳисобланади. „Туҳфат аз-зоирин“ асарида ёзилишича, Сипадмуний дарслари халқасида 400 шогирд ўтириб, у кишидан ҳадис ёзиб олар экан[1]. Абдуллоҳ Сипадмунийнинг „Кашфул осор аш шарифа фи маноқиби Абу Ҳанифа“, „Муснади Абу Ҳанифа“ ва бошқа китоблари оламга машҳур. Бухоро шаҳри Саллахона дарвозаси ичкарисида Арабон кўчаси бор. Арабон кўчасида Ҳазрат Абдуллоҳ Сипадмуний жомеъ масжиди жойлашган. Ушбу табаррук масжид собиқ Иттифоқ замонида нонвойхона, омборхона, устохонага айлантирилган. Ўзбекистон мустақиллиги йилларида Арабон гузари аҳолиси усто Абдуллоҳ Атоев ҳаракати билан ушбу обидани асл ҳолига келтирилган. Айни шу кундарда Абдуллоҳ Сипадмуний жомеъ масжиди намозхонлар ихтиёрига берилган. Ҳазрат Абдуллоҳ Сипадмуний тўғрисида ас Самаънийнинг „Насабнома“, Носириддин Тўранинг „Туҳфат аз-зоирин“ китоблари ва бошқа манбаларда маълумотлар мавжуд. Ҳанафия мазҳабининг юртимизда ёйилишига Абдуллоҳ Сипадмунийнинг хизмати каттадир. Абдуллоҳ Сипадмуний 952-йилда вафот этган[2].

Муҳаддис

Исм

Абдуллоҳ Сипадмуний

Таваллуди

871-йил

Вафоти

952-йил

Фалсафа мактаби


Манбалар

  1. ↑ Насир ад-Дин ал-Ханафи ал-Хасани ал-Бухари. Тухфат аз-заирин («Подарок паломникам») Автор перевода с таджикско-персидского, предисловия и комментариев: Халим Тураев. Тошкент: Сплендид Идеа, 2021 — 204-бет. 
  2. ↑ Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Бухоро: Дурдона нашриёти, 2012 — 291-бет.