Абдулқайс (арабча: بنو عبد القيس — Бани Абдулқайс) — Пайғамбар даврида Исломни қабул қилган қабила.

Абдулқайс
Бани Абдулқайс
Дини Ислом
Бошқа номлари

Абдий Қайсий

Абдулқайсий

Абқасий

Тарихи

Келиб чиқиши

Қабила отаси Абдулқайснинг насаби Аднонда Пайғамбарнинг насаблари билан бирлашади. Ушбу қабила Абдий, Қайсий, Абдулқайсий ва Абқасий деб ҳам аталади. Абдулуззо қабиласи аввал Тиҳомада яшаган. Кейинчалик Баҳрайн ва Ўмон минтақаларининг соҳил ва марказий ҳудудларига тарқалиб, баъзилари кўчманчи, баъзилари доимий равишда Бакр ибн Воил, Тамим ва Кинда қабилалари орасида яшай бошлаганлар. Ўша даврларда жанубий Эронга кўп бор босқинчилик қилишган. Шопур ИИ ҳукмдор бўлгач, уларни жазолашга киришади. У қўшин тортиб Арабистон ва Шомнинг анчагина ҳудудини вайрон қилади, Абдулқайс қабиласига мансуб кўпгина одамни қатл эттиради. Улар Исломнинг илк даврида минтақадаги бош­қа араб қабилалари, эронлик мажусийлар, оз сонли насроний ва яҳудийлар билан бирга сосонийлар ҳокимияти остида яшаганлар. Қабиланинг баъзи вакиллари Мушаққарда Зул-лабо номли бутга сиғинар, баъзилари эса, насронийлик динига эътиқод қиларди. Баҳрайн аҳолисининг кўпчилиги мазкур қабилага мансуб эди.

Пайғамбар билан учрашув

Абдулқайснинг Пайғамбар билан учрашуви ва мусулмон бўлишлари ҳақидаги маълумотлар анчагина чалкашдир. Баҳрайн қатори Фурот соҳилларидан Арабистоннинг марказига қадар кириб борган ушбу қабила вакиллари ишонч­ли ривоятга кўра, Уҳуд жанги асносида бир карвонга қўшилиб Мадина шаҳрига боради ва Пайғамбар билан илк бор учрашадилар. Кейинроқ айрим Абдулқайсликлар Бани Мусталиқ ғазоти вақтида Пайғамбар билан учрашиб Исломни қабул қиладилар. Пайғамбарнинг таклифига биноан 629-йил ушбу қабиланинг йигирмата вакили Мадинага келади. Пешонасида чуқур жароҳат изи боис ал-Ашажж номи билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Авф раҳбарлигидаги мазкур ҳай’ат Рамла бинт Ҳориснинг уйида ўн кун меҳмон бўлиб, Пайғамбарни яқиндан таниш имкониятига эга бўладилар. Улар Қур’они карим ва Ислом дини асосларини ўрганадилар. Нубувватдан олдин Мушаққар ва Дабо савдо-сотиқ ишларида иштирок этган ҳамда минтақани ва у ердаги одамларни яхши таниган Пайғамбар ҳай’ат аъзолари билан қизиқди. Юзи хунук бўлган Ашажжга: „Сенда Аллоҳ таоло яхши кўрган икки хислат — ҳилм ва ҳаё бор“, деб илтифот кўрсатади[1]. Пайғамбар, шунингдек, саҳобаларни ҳай’ат аъзоларига ҳадялар улашишга ташвиқ қилади. Қабилага намоз ўқиш, закот бериш, рамазон ойида рўза тутиш ва тушган ўлжалардан бешдан бир қисмини байтулмолга ажратишни буюради, жоҳилият даврида шароб учун ишлатилган тупроқ ва дарахтдан ясалган идишларни бошқа ичимликлар учун ишлатишни ман қилади. Имом ал-Бухорий ривоят қилган ҳадисга кўра, Масжид ан-Набавийдан кейин жума намози ўқилиши учун рухсат берилган иккинчи масжид абдулқайсликлар яшаган Жувосо шаҳридаги масжиддир[2]. Солиқлар ва бошқа мавзуларга доир Пайғамбар томонидан ушбу қабилага юборилган айрим мактублар бугунги кунимизга қадар етиб келган.

Исёнларга қарши курашлари

Пайғамбар вафотидан ке­йин рўй берган иртидод (диндан қайтиш) ҳодисалари вақтида Абдулқайс Исломда собит қолиб, муртадларга қарши курашган. Ўмоннинг Дабо шаҳридаги диндан қайтган Лоқит ибн Молик ва унинг тарафдорларини мағлубиятга учратганлар. Хусусан, Маҳра ва Ямандаги исёнларни бостиришда фаол иштирок этганлар. Умар халифалиги даврида фатҳ юришларида қатнашадилар. Уларнинг, айниқса, сосонийлар устидан эришилган ғалабаларда ҳиссалари беқиёсдир. Фатҳлардан кейин кўпчиликлари Тавваж, Басра, Куфа, Мосул, Исфаҳон ва Марвга кўчиб борадилар. Абдулқайсликлар Жамал ва Сиффийн воқеаларида асосан Алига тарафдорлик қиладилар. Ушбу қабиладан бўлган Саъсаа ибн Суҳоннинг Муовияга мухолифати, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Жоруднинг куфалик ҳамда басралик­ларга бош бўлиб Ҳажжожга исён қилиши ва Ҳажжож томонидан қатл қилиниши ҳақидаги ривоятлар манбаларда кенг ва батафсил зикр қилинган.

Сифатлари

Абдулқайсликлар чиройли нутқ сўзлашлари ва жасурликлари билан машҳур бўлганлар. Ибн ан-Надимнинг қайд қилишича, Абу Убайда Маъмар ибн Мусаннонинг „Китāб хабар Абди-л-Қайс“ асари ушбу қабила ҳақида ёзилган мустақил асар бўлиш билан бирга муҳим манба ҳам саналади[3].

Адабиётлар

  1. Ибн Ҳишом. Ас-Сӣра. — Қоҳира: 1955. ИИ, 575-576;
  2. Ибн Саъд. Ат-Табақāт ал-кубрā. — Байрут: 1968. И, 283, 314-315; ИВ, 360-362; В, 557-566; ВИИ. 85-88, 131-134;
  3. Ибн Қутайба. Ал-Маъāриф. — Қоҳира: 1960. 338-339;
  4. Ал-Балозурий. Футӯҳ ал-булдāн. — Қоҳира: 1956-60. И, 95, 104;
  5. Ал-Балозурий. Ансāб ал-ашрāф. — Байрут: 1979. ИВ/1, 102-103;
  6. Ат-Табарий. Тарӣх. — Лейден: 1879-1901. И, 1736-1737, 1958-1961, 1979-1980, 1995-1996;
  7. Ибн ан-Надим. Ал-Фиҳрист. — Теҳрон: 1971. 59;
  8. Ас-Сам’оний. Ал-Ансāб. — Дамашқ: 1976. ВИИИ, 355-364;
  9. Ёқут. Му’жам. — Байрут: 1966. И, 346-349; ИИ, 174-175;
  10. Каҳҳола. Му’жам қабāил ал-’араб. — Байрут: 1982. ИИ, 726-727;
  11. Муҳаммад Ҳамидуллоҳ. Ал-Васāиқ ас-сийāсийя. — Байрут: „Дор ан-нафоис“, 1969. 126-127;
  12. Муҳаммад Ҳамидуллоҳ. „İслâм Пейгамбери“. — İстанбул: 1980. И, 63, 409, 410-411, 433-440;
  13. W. Cаскел, „Абд ал-Кайс“. ЭИ2 (Фр.). И, 74-76;
  14. Мустафа Файда. „Абдüлкайс (Бенî Абдüлкайс)“. ТДВ İА. — İстанбул: 1988. И, 248-249.

Манбалар

  1. ↑ Имом Муслим. „Ӣмāн“ — 25, 26-бет. 
  2. ↑ Ал-Бухорий. „Мағāзӣ“ — 69-бет. 
  3. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.