Абу Муҳаммад Абдулвоҳид ал-Махлу, шунингдек, Абдулвоҳид И (арабча: أبو محمد عبد الواحد بن يوسف‎‎) номи билан ҳам танилган, 1224-йилда бир йилдан камроқ вақт давомида Муваҳҳидлар халифаси бўлган.

Абдулвоҳид И
Муваҳҳидлар халифаси
Муваҳҳидлар давлати ҳукмдори
Салтанат 1224-йил феврал–сентябр
Ўтмишдоши Юсуф ИИ
Давомчиси Абдуллоҳ ал-Одил
Вафоти 1224-йил сентябр
Сулола Муваҳҳидлар сулоласи
Отаси Абу Ёқуб Юсуф
Дини Ислом

Ҳаёти

Абдулвоҳид буюк Муваҳҳид халифа Абу Ёқуб Юсуфнинг ўғли ва марҳум халифа Ёқуб ал-Мансурнинг (вафоти: 1199) укаси эди. У Ал-Андалусдаги ҳарбий юришларда алоҳида ажралиб турган, 1202-йилда Малага ҳокими этиб тайинланган ва 1206-йилда Хаскуранинг Масмуда қабиласи шайхи этиб тайинланган. Шундан кейин бир муддат Сижилмассада ҳокимлик қилган ва тахминан 1221-йилда қисқа вақт Севилла ҳокими бўлган[1].

Абдулвоҳид 1224-йил февралида Марокашда бўлганида унинг жияни, ёш муваҳҳид халифа Юсуф ИИ тасодифан ҳалок бўлди. Юсуф ИИ нинг меросхўри йўқ эди. Сарой вазири Абу Саид Усмон ибн Жомий зудлик билан олтмиш ёшлардаги Абдулвоҳидни чақиртириб, Марокашнинг муваҳҳид шайхларига унинг номзодини тақдим этди. Шайхлар ҳам дарҳол Абдулвоҳидни янги муваҳҳид халифа этиб сайладилар. Бироқ бу сайловнинг шошма-шошарлик билан ўтказилгани, конституцияга зид бўлиши мумкинлиги Ал-Андалусда ҳокимлик қилаётган ан-Носирнинг ака-укалари ва унинг бошқа жиянлари томонидан эътироз билан қарши олинди. Эҳтимол улар Муваҳҳидлар сулоласининг бошқа нуфузли аъзолари каби кейинги халифанинг ҳам тажрибасизроқ ва итоаткорроқ бўлишини кутишган эди[2], чунки улар Юсуф ИИ халифалиги давридагидек вилоятларда нисбатан мустақил фаолият юритишда кенгроқ имкониятларга эга бўлишлари мумкин эди. Ушбу меросхўрликдаги ҳийла йиллар давомида меҳнат билан барпо этилган мувозанатли иттифоқни бузиб юборди ва муваҳҳидлар сулоласининг турли тармоқларини бир-бирига, шунингдек, сарой амалдорлари ва қабила шайхларига қарши қўйди.

Бу Муваҳҳидлар халифалигида юз берган биринчи жиддий меросхўрлик можароси эди. Бунга қадар юзага келган келишмовчиликларга қарамай, Муваҳҳидлар коалицияси янги халифа атрофида содиқ тарзда бирлашиб келган эди. Бу сафар эса вазият ўзгарди. Аввалроқ ибн Жомий томонидан обрўсизлантирилган ва сургун қилинган юқори мартабали амалдор, сирли шахс Абу Зайд ибн Южжоннинг ундови билан биродарлар Севиллада ўз халифалари сифатида Абдуллоҳ ал-Одилни сайлашга қарор қилдилар. Абдулвоҳид И га қарши курашиш учун улар Испаниядан қўшинларни Марокашга ўтказа бошладилар.

Абдулвоҳид И халифа сифатида узоқ ҳукмронлик қилмади. Ибн Южжон Жанубий Марокашдаги алоқаларидан фойдаланди, хусусан, Ҳинтата қабиласи шайхи Абу Закариё ҳамда Тинмал ҳокими Юсуф ибн Али ёрдамида Марокаш саройини эгаллаб олди ва Ибн Жомий ҳамда унинг тарафдорларини ҳокимиятдан четлаштирди (Ибн Жомий кейинчалик Атлас тоғларида сургунда бўлган пайтида ўлдирилди)[3]. 1224-йил сентябрда халифа Абдулвоҳид И бўғиб ўлдирилди. Манбаларда унга тез-тез бериладиган „ал-Махлу“ лақаби „тахтдан ағдарилган“ деган маънони англатади.

Манбалар

  1. ↑ Ҳугҳ Кеннедй (1996) Муслим Спаин анд Португал: А Политиcал Ҳисторй оф ал-Андалус. Лондон: Аддисон-Wеслей-Лонгман
  2. ↑ Ҳугҳ Кеннедй (1996) Муслим Спаин анд Португал: А Политиcал Ҳисторй оф ал-Андалус. Лондон: Аддисон-Wеслей-Лонгман
  3. ↑ Ҳугҳ Кеннедй (1996) Муслим Спаин анд Португал: А Политиcал Ҳисторй оф ал-Андалус. Лондон: Аддисон-Wеслей-Лонгман

Адабиётлар

  • Жулиэн, Чарлз-Андре. Ҳистоире де л’африқуэ ду Норд, дес оригинес à 1830, эдитион оригинале 1931, рééдитион Паёт, Париж, 1994.
Ўтмишдоши:
Юсуф ИИ
Муваҳҳидлар сулоласи
1224–1224
Вориси:
Абдуллоҳ ал-Одил