Abdurrahmon Rahmatullayev
Абдурраҳмон Раҳматуллаев (арабча: عبد الرحمن رحمة الله) — имом-хатиб.
Абдурраҳмон Раҳматуллаев | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Таваллуди | 1928-йил |
| Вафоти |
1999-йил 29-сентябр |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | имом-хатиб |
Оиласи
Абдурраҳмон Раҳматуллаев Наманган вилоятининг Поп туманига қарашли Чоркесар қишлоғида, деҳқон оиласида таваллуд топган. Отаси деҳқончилик қилиш учун Қозоғистоннинг Чимкент вилоятининг Абай туманига фарзандлари Абдурраҳмон Раҳматуллаев ва Файзираҳмон билан бирга кўчиб ўтадилар.
Таълими
Абдурраҳмон Раҳматуллаев ёшлигидан Қур’они каримни ёд олади. Кейинчалик Абдурраҳмон қори номи билан танилади. Бир куни Шайх Зиёуддин ибн Эшон Бобохон Раҳматуллоҳ буваникида меҳмон бўлади. Суҳбат асносида унинг икки ўғлига диний соҳада ўқишни давом эттиришни тавсия қилиб, ўзи билан Тошкентга олиб келади. Шу зайлда Абдурраҳмон Раҳматуллаев 1958-йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга киради.
Фаолияти
Мадрасани тамомлагач (1965-йил), Тошкент шаҳридаги Хўжа Аламбардор масжидига имом-хатиб этиб тайинланади. 1969-йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раҳбариятининг тавсиясига кўра, Абдурраҳмон Раҳматуллаев Марокашдаги Қаравайн ислом университетининг шариат факултетига ўқишга юборилади ва 1972-йилда уни муваффақиятли тамомлаб қайтади. Марокашдан қайтгач, бир муддат Мир Араб мадрасасида мударрис ва кейинроқ мудир бўлиб ишлайди. 1975-йилдан бошлаб Сирдарё шаҳридаги жоме масжидида, 1978–1990-йилларда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Мирза Юсуф масжидида, 1990–1997-йилларда Яккасарой туманидаги Яккасарой масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди. У жума намозларида ёки турли маросимларда содда ва равон маърузалар қилиб танилган уламолардан эди. Абдурраҳмон Раҳматуллаев 1997–1998-йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муҳтасиблик бўлими мудири, масжидлар бўлими мудири вазифаларида ишлайди.
Вафоти
Умрининг охирида саломатлиги ёмонлашиб, ишдан бўшайди. Абдурраҳмон Раҳматуллаев 1999-йилнинг 29-сентябр санасида Тошкент шаҳрида вафот этади. Вафот этганида жанозасини Раҳматуллоҳ қори Обидов ўқиган. Тошкентдаги Шайх Зайниддин қабристонига дафн этилган[1].
Адабиётлар
- Ўзбекистон уламолари. — Т.: „Мовароуннаҳр“, 2015. 126-127.
Манбалар
- ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.
| Ушбу мақолада Ислом энсиклопедияси (2020) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ислом шахсияти ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |