Abdurrahmon Toj
Абдурраҳмон Тож (арабча: عبد الرحمن تاج, 1896 — Миср — 1975) — Ал-Азҳар шайхи, ҳуқуқшунос ва давлат арбоби.
Абдурраҳмон Тож | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Таваллуди | 1896-йил |
| Вафоти |
1975-йил |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | шайх, ҳуқушунос, давлат арбоби |
Миср Араб Республикасининг Асют вилоятида туғилган.
Таълими
Ҳофизлик ҳамда бошланғич таълимни ватани Асютда олган. Оиласининг Искандарияга кўчиб келиши сабабли Искандария дин институтига (Маъҳад ал-Искандарийя ад-диний) ўқишга киради (1910-йил). 1926-йилда ал-Азҳар университети шариат факултетини тугатган.
Фаолияти
Бир муддат Асют ва Қоҳира дин университетларида талабаларга дарс беради. 1933-йилда шариат факултети ўқитувчиси, икки йилдан сўнг ушбу фаолияти билан бирга фатво қўмитасининг ҳанафий мазҳаби ҳай’ати аъзолигига тайинланади. 1936-йилда ал-Азҳар университети томонидан Париждаги Сорбон университетига юборилади. У ерда „Бобийлик ва Ислом“ мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаб, фалсафа ва динлар тарихи фанлари доктори илмий даражасини олади. У ердан қайтиб яна ал-Азҳар университети профессори ва фатво қўмитаси аъзоси сифатида вазифаларини давом эттиради. Шу билан бирга Абдурраҳмон Тож илмий тадқиқотлардан четланмаган ҳолда, „Ас-Сийāса аш-шар’ийя“ мавзуидаги илмий иши юзасидан „Жамоат кибор ал-уламо“ жамияти аъзолигига сайланади (1951-йил). Бир муддат Айн аш-Шамс университетининг ҳуқуқ факултети ва асосий қонун (Конститусия) комиссияси аъзоси сифатида фаолият олиб боради. 1954-йилда ал-Азҳар университети шайхи этиб тайинланади. Университетга таълим ва бошқарув бўйича янги қоидалар олиб киради. Хориждан келган талабалар учун ётоқхоналар қурдиради. 1958-йилда Миср ва Сурия мамлакатларининг ҳамкорлигида Бирлашган Араб жумҳурияти ташкил этилганидан сўнг, вазир этиб тайинланади. 1963-йилда Араб тили академияси (Мажмаъ ал-луға ал-’арабийя), кейинчалик эса, ал-Азҳар исломий тадқиқотлар академияси (Мажмаъ ал-буҳус ал-исламийя)га аъзо бўлади.
Асарлари
- „Ал-Аҳвāл аш-шахсийя фи-л-фиқҳ ал-ислāмӣ“ (Қохира 1955-йил);
- „Ас-Сийāса аш-шар’ийя“;
- „Ҳукм ар-рибā фи-ш-шарӣ’а ал-ислāмийя“;
- „Шарикāт ат-таъмӣн мин вижҳа назар аш-шарӣ’а ал-ислāмийя“[1].
Адабиётлар
- Али Абдулазим. Машӣха ал-Азҳар. — Қоҳира: 1399/1979. ИИ, 165, 177;
- Муҳаммад Абдулалим Ҳусайн. Ал-Азҳар аш-шарӣф фӣ ’ӣдиҳ ал-алфӣ — Қоҳира: 1403/1983. 259-260;
- Шуйӯх ал-Азҳар. — Қоҳира: 43-44;
- Муҳаммад Маҳдий Аллом. Ал-Мажмаъиййӯн фӣ хамсӣна ’āман. — Қоҳира: 1406/1986. 155-157;
- Раҳми Яран. „Абдурраҳман Тâc“. ТДВ İА. — İстанбул: 1988. И, 175.
Манбалар
- ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.
| Ушбу мақолада Ислом энсиклопедияси (2020) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ислом шахсияти ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |