Abdusalom Akramov
Абдусалом Акрамов (1908-йил, Самарқанд – 1975-йил, Самарқанд) – таржимон, ўқитувчи-педагог. Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими мудири. 10 йил муддат билан меҳнат лагерига сургун қилинган.
| Абдусалом Акрамов | |
|---|---|
| Таваллуди |
1908-йил |
| Вафоти |
1975-йил Самарқанд |
| Фуқаролиги |
|
| Касби | таржимон, педагог |
| Фаолият йиллари | 1934—1975 |
Биографияси
Абдусалом Акрамов 1908-йилда Самарқанд шаҳридаги Чорраҳа маҳалласида дунёга келган. Дастлаб Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг, кейинроқ Абдуқодир Шакурий очган усули жадид мактабларида таълим олган. Илк таълимни мактабда олган Абдусалом Акрамов Педагогика билим юрти мақомидаги интернатда ўқишини давом эттиради. Ўқишни тугатгач, муаллимлик билан шуғулланган. Абдуқодир Шакурий, Саидризо Ализода, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийларнинг маслаҳати ортидан Абдусалом акаси Насим билан биргаликда 1924-йилда саводсизликни тугатиш мактабини очган ва ёшларга таълим берган.
Бироз вақт муаллимлик қилгандан сўнг, таҳсилни давом эттириш мақсадида Москва шаҳрига жўнаб кетган. Таълим олиш билан бирга Тожикистон ваколатхонасида дастлаб таржимон, кейинчалик махфий қисм бошлиғи ва мас’ул котиб вазифаларида фаолият юритади[1].
Абдусалом Акрамов ўқишни тугатгандан сўнг ватанига қайтади. 1930-йилдан бошлаб ўқитувчилар малакасини ошириш институтида директор ўринбосари вазифасида ишлайди. 1932-йили „Наркомпрос“нинг буйруғига биноан Тожикистон педогогика институтига ишлаш учун жўнатилади. 1934-йилда яна Самарқандга қайтган. 1937-йилгача Абдусалом Акрамов Самарқанд шаҳрида халқ таълими бўлими мудири сифатида фаолият олиб боради. Бир вақтнинг ўзида педагогика институтида кечки сменада ўқийдиган ўқувчиларга таълим беради.
Сургун қилиниши
1937-йил 23-августда А.Акрамовни НКВД ходимлари қамоққа олади. Унинг тақдири бошқа жадид намояндалари каби кечади. Уйидаги ҳамма китоб, қўлёзмалар тортиб олинади, ўзи 10 ой давомида қамоқда ўтиради. 1938-йил Ўзбекистон ССР Олий судининг махсус коллегияси қарори билан Абдусалом Акрамов 10 йилга меҳнат лагерларида қамоқ жазосига ҳукм қилинади[2]. Жазони ўташ мақсадида Россиянинг Куйбишев вилоятига юборилади. Куйбишевда у „Безимянская ТЕС“ қурилиш корхонасида ишлайди.
1947-йил август ойида Абдусалом Акрамов жазо муддатини тугатиб юртига қайтади. 1959-йилнинг 10-октябрида Абдусалом Акрамовнинг номи оқланади. 1964-йили шахсий ҳужжатлари тиклаб берилади. Абдусалом Акрамов вафотига қадар Улуғбек расадхонасида сақловчи бўлиб ишлайди. Абдусалом Акрамов оғир касаллик натижасида 1975-йилнинг 23-апрелида вафот этган.
Манбалар
- ↑ „Абдусалом Акрамов“. Қаралди: 20-сентабр 2023-йил.[сайт ишламайди]
- ↑ Холбекова У „Қамоқхона камераларига 50 киши ўрнига 150 киши жойлаштирилган, маҳбуслар ўта хавфли жиноятчилар билан бир хонага қўйилган“. зарнеwс.уз (2021-йил 10-март). Қаралди: 20-сентабр 2023-йил.