Abdushukur ibn Abdurasul
Абдушукур ибн Абдурасул ёки Қозикалон Абдушукур (1817-йил, Чоржўй — 1889-йил, Бухоро) — шоир, мударрис, қозикалон, раис. Жадид маърифатпарварларидан бўлган Шарифжон Махдум Садр Зиёнинг отаси.
| Абдушукур ибн Абдурасул | |
|---|---|
| Таваллуди |
1817-йил |
| Вафоти |
1889-йил Бухоро |
| Фуқаролиги |
|
| Касби | шоир, қози, мударрис |
| Унвони | Қозикалон |
| Болалари | Шарифжон Махдум Садр Зиё |
| Отаси | Абдурасул |
Абдушукур ибн Абдурасул 1817-йилда Чўржўй вилояти Эрсари қишлоғида туғилган. Амир Ҳайдар ҳукмронлиги йилларида шоирнинг бобоси ва отаси Бухоро шаҳрига келиб, Мирза Ғафур маҳалласига жойлашадилар. Абдушукур ибн Абдурасулнинг устози Охунд домла Ҳасан бин Башар ал-Тунтари Қизилтепа ҳудудидаги Зармитан қишлоғидан бўлган. Абдушукур қози амир Насруллоҳ даврида мадрасани тамомлаб, Араб, Авазбой, Мулла Эрназар, Мискин, Муҳаммад Шариф ва Турсунжон каби мадрасаларда дарс берган[1]. Абдушукур қози Нақшбандия тариқатининг „Дил ба ёр-у, даст ба кор“ шиорига қаттиқ амал қилган. Ўзи ҳам ота-бобо касби бўлган оҳорчилик ва кўнчилик билан шуғулланиб рўзғор тебранган. Амир Музаффар Абдушукур домлани дастлаб Чоржўй вилоятига, сўнгра Зиёвуддин туманига қози этиб тайинлайди. Ундан сўнг Бухоро шаҳрига раис бўлади. Амир Музаффар уни 1878-йилда амирлик қозикалони деб эълон қилади. Абдушукур бу лавозимда умрининг сўнггига қадар қолган. 1889-йилда вабога учраб вафот этган[2].
Амир Музаффар вилоятларга сафарга чиққанда ўзи билан қозикалон Абдушукурни олиб юрган. Садри Зиёнинг „Наводири Зиёия“ асарида ёзилишича, қозикалон Абдушукур ҳеч қачон ўзининг мансаби билан ғурурланмаган. Картарин, оғир-босиқ, ота-онаси ва оиласидагиларга меҳрибон бўлган[3]. Шоир Исо, Аҳмад Дониш, Мирзо Азим Сомий Бўстоний қози Абдушукурнинг энг яқин дўстлари бўлган. Абдушукур ибн Абдурасул „Оят“ тахаллуси билан шеърлар ёзган. Бухородаги тараққийпарвар уламо Муҳаммад Икромга устозлик қилган.
Манбалар
- ↑ С.Айний. Эсдаликлар. Тошкент „Фан“ 1960 — 197-бет.
- ↑ И.Қодиров, Ф.Ширинова. Сўнгги сулола тақдири. Тошкент „Муҳаррир“ 2009 — 80-бет. ИСБН 978-9943-354-44-9.
- ↑ Садр Зиё. Наводири Зиёия. Душанбе „Адиб“ 1991 — 46-бет.