Abduvahob Azimov
Абдуваҳоб Азимов (1897-йил, 9-июл – Андижон – 1964-йил, 2-январ) – актёр ва режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти (1939). Ҳамза билан бирга Андижон театрини ташкил қилишда қатнашган. Труппанинг ташкилий даврида Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи", "Фарғона фожиаси" спектаклларида режиссёрлик ва актёрлик қилган. Андижон театрида актёр, режиссёр (1919–1934, 1939, 1946–1958), Ҳамза театрида актёр (1934–1935), Олмаота уйғур мусиқали драма театрида (1936–1938), Андижон мусиқали драма театрида (1942–1946) бадиий раҳбар. Азимов яратган Солиҳбой (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), табиб (Ф. Зафарий, "Ҳалима"), Мажидиддин (Уйғун, И. Султон, "Алишер Навоий") ва бошқа образлари алоҳида ажралиб туради. Абдуваҳоб Азимов ҳажвий ҳарактерли ролларни зўр маҳорат билан ўйнаган. Муболаға, мимика ва саҳна нутқи воситаларидан усталик билан фойдаланган. режиссёр сифатида "Тоҳир ва Зуҳра" (Собир Абдулла, 1941), "Нурхон" (Комил Яшин, 1942) каби асарларни саҳналаштирган. Абдуваҳоб Азимовнинг Наманган ва Ўш театрларини, Андижон уйғур театрини ташкил этишда ҳам ҳиссаси бор. У Тошкентдаги Муқимий номли мусиқали драма ва комедия театрининг ташкилотчиларидан бири бўлган[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |