Абкар ал-Минан (арабча: أبكار المنن‎‎)

Абкар ал-Минан
Асл номи Абкāр ал-минан фū танқūд āсāр ас-сунан
Муаллиф(лар) Абу-л-Ало Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим ал-Муборакфурий

Асар муаллифи ҳиндистонлик му­ҳаддис Абу-л-Ало Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим ал-Муборакфурий (вафоти 1353-ҳижрий йил) бўлиб, у Имом Абу Исо ат-Термизийнинг „Ал-Жāми’ ас-саҳӣҳ“ асарига „Туҳфа ал-аҳвазū шарҳ жāми’ ат-Термизū“ номли шарҳи билан машҳур.

Муаллиф ҳақида

Муҳаммад Абдурраҳмон ал-Муборакфурий Шайх Абдуллоҳ ал-Миавий, Назир Ҳусайн ал-Баҳорий ад-Деҳлавий, Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Ансорий ал-Хазражий, Ҳисомуддин ал-Миавий ва бошқа кўплаб устозлардан таълим олиб, дарс, фатво берган ва илмий китоблар ёзган. Абдуссалом ал-Муборакфурийнинг устози бўлган.

Мавзуси

Асарнинг тўлиқ номи „Абкāр ал-минан фū танқūд āсāр ас-сунан“дир. Асар „Āсāр ас-сунан“ асарини танқидий ўрганишга бағишланган. „Āсāр ас-сунан“ асари Муҳаммад ибн Али ан-Наймавийга мансуб бўлиб, у „Саҳūҳ“ ва „Сунан“ тўп­ламлардан танланган ҳадисларни ўзида жамлаган. Шунингдек, асар таҳорат ва намоз бўйича ҳанафий мазҳаби далилларини ўз ичига олади.

Абдурраҳим ал-Муборакфурий асари „Китāб ат-таҳāра“ ва „Китāб ас-салāт“ номли икки китобдан ташкил топган бўлиб, уларда таҳорат ва намозга оид мавзулар баён қилинган. „Китāб ат-таҳāра“ 29 бобдан, „Китāб ас-салāт“ эса 67 бобдан иборат бўлиб, уларга қатор „танбеҳ“ ва „фойда“лар илова қилинган. Асарнинг Банорас нашрида 17 саҳифадан иборат тузатиш­лар илова қилинган. Бу тузатишлар тўрт устунда берилган бўлиб, уларда саҳифа рақами, сатр рақами, хато ҳолати ва тузатилиб ўқилиши талаб қилинган шакллар баён этилган.

Муаллиф Абдурраҳим ал-Муборакфурийда ҳар бир ҳадис ва ундан олинган ҳукм борасидаги тўрт фиқҳий мазҳаб (ҳанафий, моликий, шофе’ий ва ҳанбалий) далилларини қиёсий баён қилган. Шунингдек, фиқҳий мазҳаблардаги ҳукмлар, бир мазҳаб ўртасидаги турли фикрларни ҳам келтирган. Барча қарашлар баён қилингач, уларнинг далиллари, манбалари, Қур’он ояти бўлса, у ҳақида машҳур тафсирлар, ҳадисларнинг эса тахрижи (қайси тўпламларда ривоят қилингани)ни баён қилиш билан бирга, ақлий далиллар ҳам ўз ўрнида келтирилган.

Нусхалари

Абдурраҳим ал-Муборакфурий асарининг 1388-ҳижрий йилда кўчирилган қўлёзма нусхаси [Қувайт]]даги Вақф ишлари вазирлиги кутубхонасида (инв. рақам 9873) сақланмоқда.

Нашрлари

Абу-л-Қосим ибн Абдулазим томонидан тайёрланган нашрлари эса, 1990-йил Банорасдаги „Ал-Мактаба ас-салафийя“, 2013-йилда „Дор ал-қабас“ матбааларида чоп этилган[1].

Адабиётлар

  1. Абдурраҳмон ал-Муборакфурий. Абкāр ал-минан фū танқūд āсāр ас-сунан. (Абу-л-Қосим ибн Абдулазим нашри). — Банорас: „Ал-Мактаба ас-салафийя“, 1990.

Манбалар

  1. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.