Абраҳа (арабча: أبرهة‎‎) — Абраҳа ибн Саббоҳ ал-Ашрам ал-Ҳабаший,? — 571, Яман) — „Фил воқеаси“да мағлуб бўлган Яман волийси.

Абраҳа ибн Саббоҳ ал-Ашрам ал-Ҳабаший
Шахсий маълумотлар
Вафоти милодий 571-йил
Дини Насроний
Танилган соҳаси Яман волийси

Яман ҳокимлиги

525-йилда Арёт қўмондонлиги остида Яманга қўшин тортади. Қўшин аскарлари орасида Абраҳа ҳам бўлган. У калта бўйли, семиз киши бўлган. Яманни қўлга киритган Арёт билан Абраҳа орасида низо чиқади. Оқибатда ҳабашлар иккига бўлинадилар. Бу бўлиниш уруш чиқишига сабаб бўлади. Шунда Абраҳа Арётга яккама-якка куч синашишни, ким енгса ўша ҳоким бўлишини таклиф қилади. Курашишда Арёт найзаси билан Абраҳани бош қисмига уради. Қоши, бурни ва лаби йиртилгани учун „Ашрам“ (тиртиқ) лақаби билан танилган. Зарбадан йиқилган Абраҳанинг ортидан келган Атавда исмли қули Арётга ҳамла қилиб, уни ўлдиради. Натижада Абраҳа Яманда ўз бошқарувни эгаллайди. Бу ҳолатнинг хатари Нажошийга етиб келади. У Абраҳадан дарғазаб бўлади. Абраҳа Ҳабаш Нажошийсига мактуб жўнатиб, унга итоат қилиши хабарини беради. Нажоший ҳам ички уруш келиб чиқмаслиги учун „Яман ерида то сенга буйруғим етиб бормагунича амирлик қилиб тур“ деб, унинг Яманга ҳоким бўлиши ва волийлигини маъқуллайди.

Калиса-черков қурилиши

Абраҳа насроний эди. У насронийликни ёйиш учун Санъода катта калиса-черков қурдиради. Ўша пайтда бундай бино ер юзининг бирор ерида қад ростламаган эди. Безак учун Византиядан мармар ва мозайка усталарини чақиради. Калиса битгач, у Нажойишга мазкур ишнинг хабарини мактуб орқали етказади. Мактубда калиса Нажойиш учун қурилгани, бу иш арабларнинг ҳаж зиёратини ушбу калисага буриш учун амалга оширилгани ҳақидаги сўзлар хабари берилган эди. Шунингдек, маккаликларнинг тижорат билан боғлиқ фаолиятларига қаршилик қилиш ҳамда Сан’они дин ва тижорат марказига айлантириш эди. У турли ўлкаларга вакил юбориб, халқни ҳаж қилиш учун Санъога чақиради. Бундан жаҳли чиққан Кинона қабиласига мансуб бир араб, Абраҳанинг калисасига бориб у ерни нажосат билан булғаб кетади. Бундан хабар топган Абраҳа, Кинона қабиласига мансуб кишилар Санъога келиб калисани тавоф қилишларини буюради. Бироқ улар буни рад қилиб, элчини ўлдирадилар. Бундан хабар топган Абраҳа ғазабга миниб, Ка’бани бузишга қасам ичади ва бир неча филлар билан Маккага юриш қилади. Абраҳанинг Каъбани бузиш фикридан ғазабланган яманлик Зу Нафр исмли шахс куч тўп­лаб унга қарши чиқади. Бироқ енгилиб асир тушади.

Фил воқеаси

Абраҳа Тоифга етиб келганида шаҳар халқи томонидан илиқ кутиб олинади. Халқ номидан Мас’уд ибн Муаттаб сўзга чиқиб, унга итоат қилишларини айтади ва Лот номли бутларига тегмаслигини сўрайди. Ал-Маъофирий Абраҳага „ал-Лот“ номли ибодат қилинадиган уйларини назарда тутганларини айтади. Абраҳа бу илтимосни қабул қилади. Тоифликлар унга йўлбошчи сифатида Абу Риғол исмли шахсни берадилар. Абраҳа Макка яқинидаги Муғаммас деган жойда тўхтайди ва Асвад ибн Мақсуд исмли бир ҳабашни Маккага жўнатиб, шаҳар яқинидаги туя­ларни олиб келишини буюради. Ўлжага олинган туялар орасида Пайғамбарнинг боболари Абдулмутталибнинг туялари ҳам бор эди. Абдулмутталиб туяларини сўраб унинг олдига боради. Абраҳа унга: „Сен Каъба учун ташвиш чекмай, туяларинг учун ҳузуримга келдингми?“, дейди. Абдулмутталиб: „Мен туяларнинг эгасиман, Каъба­нинг ўз эгаси бор. Каъбани унинг ўзи ҳимоя қилиб олади“, деб жавоб беради. Абраҳа Каъбани вайрон қилишдан воз кечиши учун берилган таклифни рад қилиб, қўшинига эртаси кун ҳужум бошлашни буюради. Бироқ қўшин бошида турган фил ўз жойидан қимирламайди, натижада улар Қур’они каримда баён қилингани каби абобил қушлари томонидан маҳв этилади[1]. Абраҳа аранг қочиб қолади ва яраланган ҳолда Яманга қайтади, кўп ўтмай вафот этади. Бу воқеа тарихда „Ом ал-фил“ („Фил воқеаси йили“) номи билан машҳур бўлган. Пайғамбар ушбу веқеадан қирқ-эллик кун ўтиб туғилганлар[2].

Адабиётлар

  • Ибн Ҳишом. Сӣра. И, 48;
  • Ал-Азрақий. Ах­бāр Макка. 134-154;
  • Ат-Табарий. Жāми’ ал-ба­йāн. ХХХ. 191;
  • Ҳамидуллоҳ. Ислом пайғамбари (Ислâм Пейгамбери). И, 312-317;
  • Аҳмет Лûтфи Казанcı. „Эбреҳе“. ТДВ İА. — İстанбул: 1988. Х, 79-80;
  • Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи. — Т.: „Ҳилол-нашр“, 2017. И, 157-160. Абдулмалик ибн Ҳишом ал-Маъофирий. Ас-Сийра ан-набавийя. — Т.: „Шарқ“, 2011. И, 52-59, 61-62;
  • Ислом. Энсиклопедия. — Т.: „ЎзМЕ ДИН“, 2017. 19;
  • 101 улуғ саҳобий (муаллифлар гуруҳи). — Т.: „Тошкент Ислом университети“ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2018. 406.

Манбалар

  1. ↑ „"Фил" сураси, 1-5 оятлар“, Қуръони карим. 
  2. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.