Abu-d-Dardo
Абу-д-Дардо (арабча: أبو الدرداء — Уваймир ибн Омир ибн Молик ибн Зайд ибн Қайс ибн Умайя ал-Хазражий ал-Ансорий Мадинада туғилиб, 652-йил (ҳижрий 32-йил)да Дамашқда вафот этган) — саҳоба.
Уваймир ибн Омир ибн Молик ибн Зайд ибн Қайс ибн Умайя ал-Хазражий ал-Ансорий | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Вафоти |
милодий 652-йил (ҳижрий 32-йил) |
| Дини | Ислом |
| Ота-онаси |
|
| Танилган соҳаси | саҳоба |
Хазраж қабиласидан. Абу-д-Дардо куняси билан танилган. Отаси — Омир ибн Молик Зайд ибн Қайс ибн Умайя. Онаси — Бинт Воқид ибн Амр ибн Итноба.
Мусулмон бўлиши
Абу-д-Дардо ансорийлардан охирги бўлиб мусулмон бўлган. Абу-д-Дардо Ислом динини қабул қилишидан олдин сиғинадиган бут-санамларини эҳтиёт қилар эди. Мусулмон бўлишига сабабчи бўлган дўсти Абдуллоҳ ибн Равоҳа бир куни ўша бутларини синдириб кетади. Бунга гувоҳ бўлган Абу-д-Дардо дўстидан жаҳли чиқади. Бироқ бироздан сўнг тафаккур қилиб ўзига: „Агар бутнинг бирор каромати бўлса эди, ўзини ҳимоя қиларди“ дейди ва Пайғамбарнинг ҳузурларига бориб, Исломни қабул қилади. Бу воқеа ҳижратнинг иккинчи йили содир бўлган. Пайғамбар у билан Салмон Форсий, бошқа ривоятга кўра, Авф ибн Молик орасида қардошлик боғини боғлаганлар.
Жанглардаги иштироки
Абу-д-Дардо Пайғамбар билан бирга Уҳуд ва бошқа ғазотларда иштирок этган. Пайғамбар ҳаётлик чоғларида Қур’они каримни ёд олиб, Ул Зотга ўқиб берган. Абу Бакр ас-Сиддиқ халифалигининг охирги вақтларида бошланган Ярмук жангида қатнашган. Бу жангда у қўшин қозиси бўлган ва бу вазифа Ислом тарихида илк маротаба Абу-д-Дардо билан бошланган. Абу Бакр ас-Сиддиқдан кейинги икки халифа даврларида ҳам бу вазифа унга юклатилган.
Қозилик фаолияти
Умарнинг халифалик даврида Мадинада бошқа баъзи саҳобалар билан бирга қозилик қилган. Абу-д-Дардо Умардан Қур’он ва суннатни ўргатиш мақсадида Шомга кетиш учун изн сўраганида, у Шомда амирлик вазифасини адо қилишини таклиф этади, бироқ Абу-д-Дардо бу вазифани қабул қилмагани манбаларда зикр қилинган. Бошқа бир ривоятда, Шом волийси Язид ибн Абу Суфён халифадан Қур’он ва фиқҳдан муаллим сўраганида, Умар Абу-д-Дардони икки киши билан бирга Шомга юборгани келтирилган. Аввал Ҳимсга, сўнг Дамашққа келган Абу-д-Дардо, Муовия Шом волийси бўлиб турганида Умарнинг буйруғи билан Дамашққа илк қози сифатида тайинланади. Халифа Умар Дамашқдаги ҳолатни ўрганиш учун келганида, уни уйига бориб зоҳидона ҳаёт кечираётганига гувоҳ бўлган.
Абу-д-Дардо ҳам Умар, ҳам Усмон даврларида Қур’он таълими билан машғул бўлган. Кўплаб шахслар ундан қироат илмини ўрганганлар. Муовиянинг Шом волийлиги асносида бошқа баъзи саҳобалар билан бирга Қибрис фатҳида қатнашгани ҳам маълум.
Оиласи
Абу-д-Дардонинг Уммуд-Дардо куняли саҳоба ва тобеъин икки хотини бўлган. Тобеъин Уммуд-Дардо Қур’он тиловатида катта маҳорат эгаси бўлган. Абу-д-Дардонинг Билол ва Язид исмли икки ўғли ва Дардо ва Насиба исмли икки қизи бўлган. Булардан Билол умавийлар даврида Дамашқ қозиси вазифасида фаолият олиб борган.
Ибодати
Исломдан аввал тижорат билан машғул бўлган Абу-д-Дардо доимо охират ҳисоби ва Аллоҳ ризосини ўйлаган. Исломни қабул қилган вақтлари аёлига парво қилмаслик даражасида ибодатга берилган. Бир куни Салмон Форсий Абу-д-Дардони зиёрат қилиш учун уйига борганида Абу-д-Дардонинг хотини унга дўстидан шикоят қилиб: „Биродарингиз Абу-д-Дардонинг дунё ишларига эътибори йўқ“, дейди. Салмон Форсий Абу-д-Дардога Ислом дини бу ҳолатга изн бермаслигини айтиб, уни бу борада ҳаддан ошишдан қайтаради. Абу-д-Дардонинг ибодати кўпроқ тафаккур ва ибрат олиш тарзида бўлган. Пайғамбар уни „умматимнинг энг обиди ва энг муттақийси“, „бу умматнинг ҳокими“ каби иборалар билан тилга олганлари ривоят қилинган.
Тарғиби
Дунёнинг ўткинчи матоҳларига берилмаган Абу-д-Дардо қизи Дардога уйланиш истагида бўлган Язид ибн Муовияга розилик бермай, уни фақир мусулмон йигитга никоҳлаган. Билганларини сўзлашдан қайтмаган, халқни яхшилик қилишга, охират ҳақида фикрлашга, етимларни бошини силашга, қулларни озод қилишга, Аллоҳни зикр қилишга, тавозеъли бўлишга, назарни тўқ қилишга, зулм қилишдан қочишга чақирар эди. Кишиларни билганларига амал қилиш, динни маҳкам ушлашга тарғиб қилган.
Қуръон тиловати
Абу-д-Дардо Қур’он илмида моҳир бўлиб, „Дамашқ қориси“, деб тилга олинади. Қур’онни кўп тиловат қилар ва ўқитар эди. Илм талабидагиларни гуруҳларга бўлиб, уларга бир раҳбар тайинларди. Гуруҳ раҳбари талабалар билан шуғулланар, ўзи эса дарсни кузатар эди. Маълум бир даражага етган талабалар қироатларини унга ўқиб берардилар. Абу-д-Дардонинг қироат ҳалқалари баъзан 1500 дан ортиқ кишигача етган. Ундан арз йўли билан Қур’он ўрганганлар орасида кичик хотини Уммуд-Дардо, Атийя ибн Қайс ал-Килобий, Холид ибн Маъдон ва қози Сувайд ибн Абдулазизлар бўлган. Шунингдек, машҳур етти қироат имомларидан Ибн Омир ҳам ундан дарс олган.
Ҳадислари
Шунингдек, у тафсир, фиқҳ ва ҳадис илмларида ҳам саҳобаларнинг пешволаридан бўлган. Кўп йиллар давомида фаолият олиб борган қозилик вазифасида даъво билан келганларга талабчанлик қилар, уларни диққат билан тинглар эди. Унинг бу талабчанлик сифати ҳадис ривоятида ҳам кўринади. Абу-д-Дардодан ҳадис ўрганиш мақсадида турли ўлкалардан келганларга ҳадисни бошқа лафз билан айтиб қўйган бўлиши мумкинлигини айтиб „ҳадис шу маънода“, ёки „шунга ўхшаш шаклда“, деб айтар эди.
Абу-д-Дардо ривоят қилган ҳадисларнинг сони 179 та бўлиб, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс, Абдуллоҳ ибн Аббос каби саҳобалар билан бирга хотини Уммуд-Дардо, ўғли Билол, Жубайр ибн Нуфайр, Абу Идрис ал-Хавлоний, Саъид ибн Мусайяб каби тобеъинлар ундан ҳадис ривоят қилганлар.
Иқтибослар
Абу-д-Дардонинг гўзал сўзларидан баъзилари қуйидагилар:
Банда Аллоҳга ибодат билан машғул бўлса, Аллоҳ у бандани севади ҳамда яратганларига ҳам севдиради.
Иймоннинг чўққиси бошга тушган ишларга сабр, тақдирга розилик, самимий бир таваккул ва Аллоҳга бўйин эгишдир.
Бир соат тафаккур, бутун бир кеча нафл ибодат қилишдан афзалдир.
Билмаганга бир, билиб амал қилмаганга етти кара афсус-надомат бўлсин.
Вафоти
Абу-д-Дардо то вафот этгунига қадар Дамашқ аҳлига Қур’он каримни ва Пайғамбар ҳадисларини ўргатиб, уларга зарур ҳаётий эслатмалар ва насиҳатлар қилиб яшайди. Ўлим тўшагида ётганида у кишининг сафдошлари ундан: „Нимадан шикоятингиз бор?“, деб сўрайдилар. Абу-д-Дардо: „Гуноҳлардан“ — дейди. „Нимани хоҳлайсиз“ деганларида, „Аллоҳ таолонинг кечиришини хоҳлайман“ деб жавоб қилади. Сўнгра ёнларидаги кишиларга: „Менга Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳни талқин қилиб туринглар“ дейди. Жон таслим қилгунча калимаи шаҳодатни айтиб вафот этади.
Абу-д-Дардо баъзи ривоятларда кўра, 651-йил (ҳижрий 31-йил)да Дамашқда вафот этган ва „Боб ас-сағир“ қабристонига дафн қилинган. Туркия Диёнат вақфининг „Ислом энсиклопедияси“даги маълумотга кўра, 1938-йилда Муовия ибн Абу Суфён қабридан 20 метр жануби-ғарбда Абу-д-Дардога, яна бири Уммуд-Дардога оид икки қабр тоши топилган. Куфий хати била ёзилган ва ҳозирда ал-Матҳаф ал-Ватаний (Дамашқ Миллий музейи)да сақланаётган ушбу тошларнинг Х—ХИ асрга мансублиги айтилмоқда. Абу-д-Дардо Усмон халифалик даврида Искандарияда вафот этгани ҳақида ҳам манбаларда маълумот берилган[1].
Адабиётлар
- Ибн Саъд. Ат-Табақāт. ИИ, 336;
- Ал-Бухорий. Ат-Тарӣх ал-кабӣр. ВИИ, 76-77;
- Ибн Абу Ҳотим. Ал-Жарҳ ва-т-таъдӣл. ВИИ, 26-28;
- Ибн Абдулбар. Ал-Истӣ’āб. ИИИ, 15-18;
- Ибн ал-Асир. Усд ал-ғāба. ИВ, 318-320;
- Ибн Манзур. Мухтасар тарӣх Димашқ. ХХ, 10-43;
- Аз-Заҳабий. Тазкира ал-ҳуффāз. И, 24-25;
- Ибн Ҳажар. Ал-Исāба. ИИИ, 45-46;
- Абдуллаҳ Айдинли. „Эбü’д-Дердâ“. ТДВ İА. — İстанбул: 1994. Х, 310-311;
- Ислом. Энсиклопедия. — Т.: „ЎзМЕ ДИН“, 2017. 21;
- С. Примов. „Абу Дардо“. Исломшунослик қомусий луғат. — Т.: „Мовароуннаҳр“, 2013. 32;
- 101 улуғ саҳобий. (муаллифлар гуруҳи). — Т.: „Тошкент Ислом университети“ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2018. 158-161.
Манбалар
- ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Абу-д-Дардога тегишли иқтибослар мавжуд. |
- ҳттпс://азон.уз/cонтент/виэwс/саҳобалар-ҳаётидан-абу-дардо (Wайбаcк Мачине сайтида 2023-01-31 санасида архивланган);
- ҳттпс://исламwеб.нет/ар/либрарй;
- ҳттп://ислам.ру/cонтент/персон/42022.
| Ушбу мақолада Ислом энсиклопедияси (2020) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ислом шахсияти ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |