Абу-л-Араб (арабча: أبو العرب‎‎ — Абу-л-Араб Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Тамим ат-Тамимий) — моликий фақиҳи, муҳаддис ва тарихчи.

Абу-л-Араб Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Тамим ат-Тамимий
Шахсий маълумотлар
Таваллуди милодий 864-874-йил (ҳижрий 250-260-йил)
Вафоти милодий 945-йил (ҳижрий 333-йил)
Дини Ислом
Танилган соҳаси фақиҳ, муҳаддис, тарихчи

Абу-л-Араб ал-Қайравоний ҳамда ал-Мағ­рибий нисбалари билан ҳам зикр қилинади. Обрўли оилага мансуб бўлган Абу-л-Арабнинг катта бобоси Таммом халифа Ҳорун ар-Рашид (786-809-йиллар) даврида Шимолий Африкада бошқарув ва ҳарбий вазифаларда фаолият олиб борган, баъзи воқеаларда бевосита иштирок этган ва маълум муддат Бағдодда ҳибсда ҳам бўлган. Отаси эса кўпроқ илм билан машғул бўлган.

Таълими

Абу-л-Араб ёшлик йилларидан илмга рағбат қилган. Шимолий Африканинг пешқадам олимларидан Саҳнуннинг шогирди бўлган. Шунингдек, Яҳё ибн Умар ал-Андалусий, Исо ибн Мискин, Ҳимос ибн Марвон ва Ибн ал-Ҳаддод ал-Мағрибий каби фақиҳлардан таълим олган. Абу-л-Аббос Таммом ва Абу Жаъфар Тамим номли икки ўғли билан бирга Ибн Абу Зайд, Абу-л-Ҳасан ибн Зиёд, Ҳасан ибн Саъид ал-Ҳаррот, Ҳасан ибн Мас’­уд, Муҳаммад ибн Ҳорис ал-Хушанийлар Абу-л-Арабдан таълим олганлар.

Фаолияти

Абу-л-Араб фотимийларнинг Тунисга келиши ва ағлабийларнинг улар билан курашишига гувоҳ бўлади. Мураббийлик, котиблик билан шуғулланган ва манбаларда 3500 дан ортиқ китобни кўчиргани зикр қилинган.

Асарлар

  • „Табақāт ’уламā Ифрӣқийя“. Моликий мазҳаби фақиҳи ва ҳадис олимларининг таржимаи ҳолига оид мазкур асари вафотидан сўнг шогирди Муҳаммад ибн Ҳорис ал-Хушаний томонидан тамомланган.
  • „Китāб ал-миҳан“. Саҳоба, тобеъин ва Ислом олимларининг ҳаёти ҳақидаги асар.
  • „Уббāд Ифрӣқийя илā китāб аз-зу’а­фā“.
  • „Санад ҳадӣси Мāлик“.
  • „Манāқиб Тамӣм“.
  • „Фазāил Мāлик“.
  • „Китāб ат-таҳāра ва-л-вузу’“.
  • „Китāб ал-жанāиз ва зикр ал-мавт ва ’азāб ал-қабр“.
  • „Китāб фи-с-салāт“.
  • „Табақāт аҳл ал-Қайравāн“[1].

Адабиётлар

  1. Абу Бакр ал-Моликий. Рийāз ан-нуфӯз. — Бай­рут: 1401-1403/1981-83. И, 14;
  2. Қози Иёз. Тартӣб ал-мадāрик. ИИ, 334-336;
  3. Аз-Заҳабий. Тазкира ал-ҳуффāз. ИИИ, 889-890;
  4. Аз-Заҳабий. Сияр. ХВ, 394-395;
  5. Ас-Суютий. Табақāт ал-ҳуффāз. 364;
  6. Али Öнгüл. „Эбü’л-Араб“. ТДВ İА. — İстанбул: 1994. Х, 293.

Манбалар

  1. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.