Abu Abdulloh al-Basriy
Абу Абдуллоҳ ал-Басрий (арабча: أبو عبد الله البصري — Абу Абдуллоҳ ал-Ҳусайн ибн Али ибн Иброҳим ал-Басрий) — му’тазила мазҳабининг пешқадам калом олими, ҳанафий фақиҳи.
Абу Абдуллоҳ ал-Ҳусайн ибн Али ибн Иброҳим ал-Басрий | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Таваллуди | милодий 902-йил (ҳижрий 289-йил) |
| Вафоти |
милодий 979-980-йил (ҳижрий 369-йил) |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | калом олими, ҳанафий фақиҳи |
Манбаларда Абу Абдуллоҳ ал-Басрийнинг таваллуд санаси сифатида 905 (ҳижрий 293)-йил, 920 (ҳижрий 308)-йиллар ҳам кўрсатилган. Катта эҳтимол билан 923 (ҳижрий 311)-йилда давомли таҳлика ташкил қилган қарматийлар зулмидан қутулиш мақсадида ёшлигида Басрадан сафар қилишга мажбур бўлган.
Таълими
Ўша даврда Аскар мукрамда бўлган, Басра му’тазила мактаби асосчиларидан саналган Абу Ҳошим ал-Жуббоий ва шогирди Абу Али ибн Халлод ал-Басрийлардан таҳсил олган. Ғайрати ва тиришқоқлиги билан илмда улардан илгарилаб кетади. Абу Абдуллоҳ ал-Басрий ҳаётининг асосий қисмини Бағдодда кечиради. Узоқ муддат машҳур ҳанафий фақиҳи Абу-л-Ҳасан ал-Кархийнинг дарсларига қатнашиб, ундан ҳанафий фиқҳини ўрганади. Зуҳд ва ибодат билан бир қаторда таълим фаолиятига эътибор қаратади. У кундузлари аср намозигача истироҳат қилиб, кечаси дарс ўқитар ҳамда китоб таълиф қилиш билан машғул бўлар эди.
Ҳамдоний амири билан муносабати
Х асрнинг бошларидан эътиборан му’тазила оқими ўз нуфузини йўқотиши билан бирга, мазҳабнинг Бағдоддаги вакили Ибн ал-Ихшид ва шогирларининг Абу Ҳошим ал-Жуббоий фикрларига кескин қарши чиқишлари сабабли, Абу Абдуллоҳ ал-Басрий бу даврдаги фаолиятида катта кўнгилсизликлар билан қарама-қарши келганини кўриш мумкин. Ҳамдоний амири Сайфуд-давла ал-Кархийдан „ҳар бир мужтаҳид ҳақ“ тарзидаги иборанинг изоҳини сўраганида, ал-Кархий бу мавзуни Абу Абдуллоҳ ал-Басрийга ҳавола қилган. У ҳам мазкур мавзуга „Ал-Усӯл“ ва „Нақд ал-футйā“ номли асарлари билан жавоб берган. Натижада амир билан орасидаги муносабатлар яхшиланган Абу Абдуллоҳ ал-Басрий, ҳаётининг охирида фалаж бўлиб қолган ал-Кархийни Сайфуд-давла томонидан молиявий таъминотга эришишига ҳам сабабчи бўлган.
Шунингдек, Абу Абдуллоҳ ал-Басрийга оид, кейинчалик машҳур бўлган мўтадил шиа тамойиллари ҳам бу яқинликдан вужудга келгани тушунилади. У мазкур тамойилларини бувайҳийлар ва зайдийларнинг эътиборини тортиш учун ҳам қўллаган. Му’иззуд-давланинг Бағдодни қўлга киритганидан сўнг, (милодий 945-йил, ҳижрий 334-йил) унинг вазири Ҳасан ибн Муҳаммад ал-Муҳаллабийнинг дастагига эришган Абу Абдуллоҳ ал-Басрий, (милодий 958-йил, ҳижрий 347-йил)да Бағдодга келган Соҳиб ибн Аббод билан ҳам дўстлик алоқаларини ўрнатган. Абу Ҳайён ат-Тавҳидий мазкур Соҳиб ибн Аббод ва унга яқин кимсаларни ёқтирмаслиги сабабли, Абу Абдуллоҳ ал-Басрий ҳақида сўз кетганида унга хаёлпараст, балоғат мавзусида заиф, мунозарада қўпол, обрўсиз, тарафкаш ва сиёсий нуфузидан усталик билан фойдаланувчи шахс дея тавсиф берган.
Вафоти
Абу Абдуллоҳ ал-Басрий Бағдодда вафот этган. Унинг жаноза намози му’тазила наҳв олими Абу Али ал-Форисий томонидан адо қилинган ва устози Абу-л-Ҳасан ал-Кархий қабри ёнига дафн қилинган.
Қарашлари
Абу Абдуллоҳ ал-Басрийнинг фикрлари, шогирди ал-Қозий Абдулжаббор ал-Ҳамадонийнинг турли асарларида, иқтибослар ҳолатида учрайди. Ал-Қозий Абдулжаббор устозига нисбатан қарзини шу йўл орқали адо қилиш билан бирга, унинг қарашларига зид фикрларни ҳам айтади. Абу Абдуллоҳ ал-Басрийнинг ўзига хос қарашлари ҳақида фикр билдириш мушкул вазифадир. У му’тазила мутакаллими бўлиши билан бирга Абу Али ал-Жуббоийни танқид қилади, устози Абу Ҳошим билан ҳам фикрлари айро келади. „Китāб ат-тафзӣл“ асарида кўпроқ зайдий шиа тамойилларини қувватловчи тортишувларга ўрин ажратиб, шиа ривоятларига таянган ҳолда уларнинг тўғрилигини исбот қилишга ҳаракат қилган. Али ва Абу Бакрларнинг фазилатлари, қилган ишларини баҳолаб қиёслаган, бу мавзуда Алининг устунлигини эълон қилган Абу Жаъфар ал-Искофийнинг фикрларига қўшилган. Шунингдек, Умарни Исломнинг илк йилларида мусулмон бўлгани ва Алининг қизи Умму Кулсум билан никоҳланганини Му’иззуд-давланинг ҳузурида очиқ баён қилиб, рофизийларга таслим бўлмаган.
Фиқҳий масалаларда устози бўлишига қарамай, ал-Кархийдан ажралиб, кўплаб мавзуларда ундан устун бўлганини кўриш мумкин. Устозининг баъзи қарашларини фақатгина „Абу-л-Ҳасандан“ қайди билан нақл қилади. Баъзи таърифларга берган тушунчалар билан кейинги авлодга таъсир ўтказган Абу Абдуллоҳ ал-Басрий, хос, ом, ижмо, қиёс, иллат ва насх мавзуларидаги қарашларини маълум қилиб, айниқса, насх ва ҳадислар қабули хусусида замондошларининг кўпи билан ихтилофга борган.
Фуру’ ал-фиқҳга доир қарашларини эса, ал-Кархийнинг „Мухтасар“ига ёзган шарҳида баён қилган. Набиз ичиш ва намозда ўқиладиган сураларга оид масалаларда ҳанафий фиқҳига уйғун ўлароқ, жоиз кўриши билан бирга, имомийянинг мутъа никоҳини машру’ санаган қарашини рад қилади ва бу хусусда зайдийя фиқҳига мойил бўлгани мазкур мавзуларда ёзган монографияларидан тушунилади.
Калом мавзусида баъзи шахсий фикрлари бўлиши билан бирга кўпинча Басра му’тазила мактабига эргашган Абу Абдуллоҳ ал-Басрий, оламнинг абадийлиги қарашига кескин қарши чиққан, бу мавзу билан боғлиқ икки асарларини Ибн ар-Ровандий ва Абу Бакр ар-Розийларга раддия сифатида ёзган.
Асарлари
Манбаларда Абу Абдуллоҳ ал-Басрий йигирмата асар муаллифи экани зикр қилинади. Улардан бизгача етиб келганлари қуйидагилар:
- „Нақз калāм ар-Рāвандӣ“. Ибн ар-Ровандийнинг модданинг азалийлигига доир қарашига раддия сифатида ёзилган асар;
- „Нақз китāб ар-Рāзӣ“. Абу Бакр ар-Розийга раддия тарзида ёзилган асар;
- „Ал-Калāм фӣ анналлāҳа таъāла лам язал мавжӯдан ва лā шай’а сивāҳу илā ан халақ ал-халқ“;
- „Нақз ал-му’жиза“. Абу-л-Ҳасан ал-Аш’арийнинг „Ал-Му’жиза“ номли асарига раддия;
- „Ал-Жавāб ’ан мас’алатай аш-шайх Абӣ Муҳаммад ар-Рāмҳурмузӣ“;
- „Китāб ал-Ӣмāн“;
- „Китāб ал-иқрāр“;
- „Китāб ал-маърифа“;
- „Шарҳ мухтасар Аби-л-Ҳасан ал-Кархӣ“;
- „Китāб ал-ашриба ва таҳлӣл набӣз ат-тамр“;
- „Китāб таҳрӣм ал-мутъа“ ва бошқалар[1].
Адабиётлар
- Ибн ан-Надим. Ал-Фиҳрист. 222, 248, 261, 294;
- Абу Ҳайён ат-Тавҳидий. Ахлāқ ал-вазӣрайн. — Дамашқ. 1385/1965. 200;
- Абу Ҳайён ат-Тавҳидий. Ал-Имтā’ ва-л-му’āнаса. — Қоҳира. 1953. И, 40;
- Абу Ҳайён ат-Тавҳидий. Муқāбасāт. — Бағдод: 1970. 159;
- Қози Абдулжаббор. Ал-Муғнӣ. — Қоҳира: 1962-65. ХВИИ. ХХ/1, 131, 216; ХХ/2, 216, 257;
- Қози Абдулжаббор. Ал-Муҳӣт. — Қоҳира: Аш-Шарикат ал-Мисрийя. 239, 332, 344;
- Қози Абдулжаббор. Шарҳ ал-усӯл ал-хамса. — Қоҳира: 1965. 548;
- Қози Абдулжаббор. Табақāт ал-му’тазила. — Тунис. 1393/1974. 325-328;
- Абу-л-Ҳусайн ал-Басрий. Ал-Му’тамад. И-ИИ;
- Ал-Хатиб. Тарӣх Бағдāд. ВИИИ, 73; Х, 355;
- Шерозий. Табақāт ал-фуқаҳā. 143;
- Ҳоким ал-Жушамий. Шарҳ ал-’уйӯн. — Тунис: 1974. 366, 371;
- Ибн ал-Жавзий. Ал-Мунтазам. ВИИ, 101;
- Аз-Заҳабий. Сияр. ХВИ, 224;
- Аз-Заҳабий. Ал-Ибар. ИИ, 351;
- ас-Сафадий. Ал-Вāфӣ. — Байрут: 1984. 13. 17;
- Ибн ал-Имод. Шазарāт аз-заҳаб. ИИИ, 68;
- Ж. ван Эсс. „Абū ʿАбд Аллāҳ ал-Баṣрī“. ЭИ2 Суппл. (İнг.). 12-14;
- „Эбû Абдуллаҳ эл-Басрî“. ТДВ İА. — İстанбул: 1994. Х, 84-85.
Манбалар
- ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.
| Ушбу мақолада Ислом энсиклопедияси (2020) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ислом шахсияти ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |